Жаҳон | 15:56 / 11.03.2023
3644
2 дақиқада ўқилади

Евроиттифоқ Эрон-Саудия дипломатик муносабатлари тикланишини олқишлади

Европа Иттифоқи Саудия Арабистони ва Эрон ўртасидаги дипломатик алоқаларнинг тикланиши минтақадаги барқарорликка ҳисса қўшишига умид қилмоқда.

Фото: AP

Европа Иттифоқи Эрон ва Саудия Арабистони ўртасида дипломатик муносабатларни тиклаш бўйича эришилган келишувни олқишлайди ва унинг амалга ошишини интиқлик билан кутади. Бу ҳақда ЕИ расмий вакилининг 11 март, шанба куни чоп этилган баёнотида айтилади.

«Саудия Арабистони ҳам, Эрон ҳам минтақа хавфсизлигини таъминлашда марказий роль ўйнаши ҳисобга олинса, уларнинг икки томонлама муносабатлари тикланиши бутун минтақани барқарорлаштиришга ёрдам бериши мумкин», — дейилади баёнотда. Унда қайд этилишича, «тинчлик ва барқарорликка кўмаклашиш ҳамда бутун Яқин Шарқда кескинликни юмшатишга эришиш ЕИ учун асосий устувор вазифалардир».

Эрон ва Саудия Арабистони етти йиллик танаффусдан сўнг дипломатик алоқаларни тиклашга келишиб олди. Битим 10 март куни Пекинда Эрон, Саудия Арабистони ва Хитой вакиллари томонидан имзоланган. IRNA ва SPA давлат агентликлари маълумотларига кўра, муросага эришиш йўлидаги биринчи қадам сифатида ташқи ишлар вазирларининг учрашуви режалаштирилган. Теҳрон ва Ар-Риёд икки ой ичида мулоқотдаги келишмовчиликларни бартараф этишга ва тегишли дипломатик ваколатхоналар очишга келишиб олди.

Ар-Риёд ва Теҳрон ўртасидаги муносабатлар 2015 йилнинг март ойида Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция Яманда шиа ҳусийларга қарши ҳарбий операция бошлаганида ёмонлашган. 2016 йилнинг январида Саудия Арабистони Теҳрондаги элчихонаси намойишчилар тўдаси томонидан ҳужумга учрагач, Эрон билан дипломатик алоқаларини узган эди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид