Россиянинг янги ракета ҳужумлари тактикаси. У қанчалик самарали?
9 март куни Россия ҳарбийлари Украинага яна кучли ракета ҳужумлари уюштирди. Аммо бу сафар зарба нафақат кенг кўламли, балки кўп даражали ҳам бўлди. Зарбалар бир вақтнинг ўзида турли ракеталар орқали амалга оширилди. Россия қуролли кучлари томонидан Украина ҳудудини ўққа тутиш тактикаси яна қандай ўзгаришга учраши мумкин?
9 март куни кечқурун Украина осмонида учган саккиз турдаги ракетадан учтасини Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими уриб тушира олмайди. Гап Х-47 «Кинжал», Х-22 ва ердаги нишонларга ҳужум қилиш учун модификацияланган C-300 ракеталари ҳақида бормоқда.
Руслар бу сафар ҳам, худди куз ва қишда бўлгани каби, Украинанинг электр тизимига зарбалар берди ва Х-31П каби радарларга қарши ракеталар ёрдамида Украинанинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини йўқ қилишга ҳаракат қилди.
Бироқ, BBC News нашрининг Украина ҳукуматидаги манбаси ҳужумдан бир неча кун олдин кўприклар ва темирйўл линиялари янги ялпи ҳужумлар нишонига айланиши мумкинлиги ҳақида аллақачон огоҳлантирган эди.
Россия армиясининг қиш ойларида Украинани музлатиш ва зулматда қолдириш режаси муваффақиятсизликка учради. Энди улар энергетика тизимларидан транспортларга ҳужумга қилишга ўтиши мантиқан тўғри бўлади. Маълумки, Россия ҳарбийлари узоқ вақтдан бери Украинага Ғарб қуролларини етказиб бериш йўлларини кесиб қўйишни орзу қилади.
Бошқа томондан, рус ҳарбийларининг ҳаракатларидан мантиқийликни топишга уриниш ҳозиргача бефойда иш бўлиб қолмоқда.
«Негадир биз иситиш мавсумининг тугаши ва ‘Украинани музлатишʼ стратегиясини давом эттиришнинг аниқ маъносизлиги ‘ракеталар уруши’га нуқта қўяди деб ҳисоблагандик. Лекин афтидан бундай эмас», дейди «Стратегия ХХИ» Украина глобал тадқиқотлар марказининг хавфсизлик бўйича мутахассиси Павел Лакийчук.
Унинг таъкидлашича, бунинг сабаби шунчаки Россия ҳарбий раҳбарияти тафаккуридаги инерция ёки оддий номувофиқлик бўлиши мумкин.
«Ушбу урушда руслар кўпинча ўз хатти-ҳаракатларининг мантиқсизлигини кўрсатди. Шунинг учун, душман энергия инфратузилмасини ўққа тутишдан транспорт инфратузилмасига ҳужум қилишга ўтиши ёки йўқлигини тахмин қилишга уринишдан маъно йўқ», дея қўшимча қилган Лакийчук.
«Украинанинг транспорт инфратузилмасига 2022 йилнинг ёз ва кузида берилган зарбалар бундай ҳужумлардан самарадорлик паст бўлишини кўрсатди. Бироқ, руслар зарбаларни тўхтатмади», дейди Лакийчук BBC нашрига берган интервьюсида.
2022 йил апрел ойидан бошлаб Россия армияси Днестр дарёси кўрфазидаги кўприкка ўнга яқин ракета зарбалари берди. Маҳаллий ҳокимият ўша пайтда кўприк жиддий шикастлангани ва уни қайта тиклашнинг имкони йўқлигини маълум қилди. 2023 йил феврал ойида руслар яна шу кўприкка ҳужум қилди — бу сафар денгиз дрони билан.
Кривой Рог яқинидаги Карачуновский сув омборининг 90 йиллик тўғонини бузиш учун руслар етти марта ракета зарбаси бериши керак бўлди. Шунингдек, рус қўшинлари ёзда Черкасс яқинидаги кўприкни ҳам бузишга ҳаракат қилди, аммо кейинчалик кўприк орқали автомобил ва темирйўл алоқаси қайта тикланди.
Ўз навбатида, Украина қуролли кучларига Херсон яқинидаги Антонов кўпригини Россия кучлари учун яроқсиз ҳолга келтиришга бир неча ҳафта ва АҚШ HIMARS тизимларининг бир неча зарбаси керак бўлди.
«Кўприкларни нишонга олиш қийин. Ракеталарга аниқлик етишмайди. Улар кўприкнинг четини зарарлайди, вантларни узади, асосни тешиб ўтади ва ниҳоят дарёда катта вайронкорлик содир бўлади», дея тушунтиради украиналик ҳарбий кузатувчи Кирилл Данилченко.
«Ракетани бундай нишонга аниқ учириш жуда қийин. Россия Федерациясида мавжуд ракеталар аниқлиги билан кўприк таянчини уриш ва йўқ қилиш — бу шунчаки лотерея», дейди Данилченко.
Россия кенг кўламли урушнинг бир йили давомида Украинадаги темирйўл алоқасини йўқ қила олмади. Москва электр тортиш подстанцияларига зарба беришга уринди, бироқ украиналик таъмирловчилар анча тез ишлади, кучли зарурат туғилган жойларда эса тепловозлардан фойдаланилди.
«Бироқ бу Россия ҳарбийлари кўприклар ва темирйўлларга янги ракета ҳужумларини амалга оширмайди, дегани эмас», деб ҳисоблайди Павел Лакийчук. 9 март оқшомида кўрсатганидек, улар доимо ўз ҳужумларига ёндашувни яхшилашга ҳаракат қилади.
Янгиланган тактика
«Ялпи ракета ва ҳаво ҳужумлари тактикаси қандайдир тарзда тубдан ўзгарди дейиш, менимча, нотўғри: душман турли қуроллар билан бир неча йўналишда вақт ва нишонлар мувофиқлаштирилган қўшма зарбаларнинг тактик усулларини такомиллаштиришда давом этмоқда», дея таъкидлайди Лакийчук.
Мутахассиснинг таъкидлашича, руслар ушбу ҳужумга (9 март кунги) сезиларли даражада тайёргарлик кўрган. Буни МиГ-31К’нинг («Кинжал» ракеталари ташувчиси) «ўқув» парвозлари тез-тез ўтказилгани ҳамда Россия тактик ва стратегик авиациясининг ракеталарни учириш билан боғлиқ бўлмаган бошқа ҳаракатлари тасдиқлайди.
Бу борада Украинанинг турли минтақалари устида аниқланган ҳаво шарларни ҳам қайд этиш мумкин, уларнинг мақсади Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг жойлашувини аниқлаш эди.
«Ҳар хил турдаги ракеталар: Х-31П, Х-59, Х-22 ва «Кинжал»ларни «аралаш» қўллашдан мақсад шуки, душман бизнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимимизнинг ишини мураккалаштирмоқчи. Бу ракеталар турли хусусиятларга ва турли учиш хусусиятига эга. Бироқ асосий қўлланаётган қуроллар бомбарчимончи самолётлардан отилаётган Х-101, Х-555 ва «Калибр» ракеталари бўлиб қолмоқда. Улар эса душман арсеналида тобора камайиб боряпти», дейди Лакийчук.
Россияда ҳеч бўлмаганда баъзи турдаги ракеталар захиралари тугаб бораётгани мумкинлигига далил сифатида, уларнинг Украина ҳудудини ялпи ўққа тутиш амалиётлари орасидаги вақт икки ҳафта ва ундан кўпроқ муддатга чўзилиб бораётгани келтирилади.
Бошқа томондан эса, руслар ўз қанотли ракеталар захирасини тугатгани ҳақидаги даъволар 2022 йил март ойидан бери айтиб келинмоқда.
«Душман учун захиралар ёки ишлаб чиқариш ҳажмлари бўйича чекловлар масаласи аслида актуал эмас. Олтита «Кинжал» ишлаб чиқариш учун Россия ҳарбий-саноат комплексига 3-6 ой керак бўлади», деб ёзади Defense Express ҳарбий таҳлилчиси Иван Киричевский.
«Россия ҳарбий-саноат комплекси ҳали ҳам ойига қирқтагача Х-101 ва йигирматагача 3М-14 «Калибр» ракеталарни ишлаб чиқариш тезлигини таъминлай олади. Масалан, баъзи маълумотларга кўра, феврал ойида Россия Қора денгиз флоти ҳар бирида 20 тадан «Калибр» ракетаси бўлган январ ва феврал ойи партияларини бир ой ичида қабул қилди» дея қўшимча қилади у.
Шундай экан, Россия қуролли кучлари ҳар бир ялпи ҳужумдан сўнг, ўз ракета захираларини жуда тез бўлмаса ҳам, қисқа вақт ичида тўлдиришга қодир.
Бунга қўшимча равишда, Украина ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги матбуот котиби Юрий Игнат Россия армиясининг қанотлари бомбаларини Украина учун янги таҳдид деб атади.
«Россия авиацияси ҳозирда қанотли бомбаларни учирмоқда. Бу қанотлар билан жиҳозланган ва ўнлаб километр масофага учишга қодир авиабомбалар. Бундай қуролга эга Россия самолётлари Украина ҳаво мудофааси зонасига кириши шарт эмас», деган Игнат.
«Бу бомбалар биз учун янги чақириққа айланмоқда. Чегараларимиз яқинида Россия самолётлари пайдо бўлишининг олдини олиш учун узоқ масофали зенит-ракета комплекслари ва замонавий қирувчи самолётлардан фойдаланишимиз керак», дея огоҳлантирган у.
«Россияликларнинг янги тактикаси ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишини мураккаблаштирмоқда. Аммо бизда мавжуд бўлган воситалар билан уриб тушириш мумкин бўлган ракеталар, кўриб турганингиздек уриб туширилмоқда. Ва ҳатто бундай катта ялпи ҳужумда ҳам самарадорлик анча юқори: 48 қанотли ракетадан 34 таси уриб туширилди, шунингдек тўртта «Shahed» дрони ҳам йўқ қилинди», деган Юрий Игнат.
Мавзуга оид
21:05
Фронтдаги вазият: Россия ҳарбийлари Курск областида қарши ҳужумга тайёрланмоқда
20:11
Россия Курск областига ҳужум учун 50 минг кишилик қўшин тўплади — NYT
19:02
The Guardian: Буюк Британия ҳукумат алмашганидан кейин Украинага ракеталар етказишни тўхтатди
13:30