Ўзбекистон | 19:29 / 13.03.2023
12009
9 дақиқада ўқилади

Ўзбек жамияти кайфиятига чизгилар – сиёсатшунос ва файласуф баҳси

Бугун, 13 март, душанба. Оғир ўтган қишдан кейин ва ниҳоят, баҳорнинг байрамларга бой илк ойи ва шу ойнинг иккинчи ўн кунлиги ўтиб бормоқда.

Албатта, кўпчиликда қишдан кейин кайфият ҳам баҳорга мослашиб, очилиб, бироз яхшиланиб қолгандир. Ҳарҳолда тунд қишдан кўра баҳорни яхши кўрадиганлар кўпроқ бўлса керак.

Гапни бежиз кайфият мавзусидан бошламадик. Чунки инсонда кайфиятнинг қандай экани унинг бутун фаолияти, атроф-муҳитдаги воқеаларга жиддий таъсир ўтказади.

Масалан, яхши кайфият шахс, гуруҳ, жамоада ишчанлик, ҳамкорлик, илиқ руҳий муҳитни, самимий муомаланинг кафолати бўлса, кишининг нохуш кайфиятда юриши — унинг турмушида муаммолар юзага келганидан, ҳаловати бузилганидан далолат беради.

Ана энди шу кайфиятни шахсдан жамиятга кўчириб кўрсак, қандай бўлади? Жамиятга хос умумий кайфият бугун қандай, уни нималар безовта қилади-ю, нима хурсанд қилади?

Kun.uz мухбири шу саволлар атрофида таниқли файласуф Виктор Алимасов ва сиёсатшунос Камолиддин Раббимов билан интервью ўтказди.

— Виктор ака, файласуф инсонсиз, Камолиддин ака, сиз сиёсатшунос. Сизларнинг жамиятга, одамларга, уларнинг кайфиятига қарашингиз, ундан хулосаларингиз оддий одамларникига қараганда бошқача. Шу маънода бугунги интервью орқали сизларнинг ўзбек жамияти ва ундаги одамлар кайфияти борасидаги фикрларингиз қизиқ.

Хўш, шу кунларда айтайлик, сўнгги 3-5 йилда ўзбек жамияти кайфиятида нималар эътиборингизни тортяпти, одамларда қандай кайфият устувор?

Виктор Алимасов:

— Ўзим руҳият томондан тушкунман. Ёзаётган нарсаларимда ҳам тушкунлик сезилади. Аммо менинг бу руҳим жамият кайфиятини ифода этолмайди, ўзимга тааллуқли. Кейинги 3-4 йил ичидаги ўзгаришларни кузатсам, менда оптимистик қараш пайдо бўлганини сезяпман. Йўлда келаётганимда, ёшлар бир-бирига ҳазил қиляпти, баҳорий кайфият буни янаям бўрттириб кўрсатяпти. Демакки, ёшларда келажакка, ҳаётга, севгига ишонч бор.

Менинг назаримда, жамиятимизда сўнгги йилларда истеъмолчилик кайфияти кучайиб қолди. Истеъмолчилар жамиятига айланиб боряпмиз. Супермаркетлар, дўконлар тўла. Ўзим ҳам бир кун нимадир олмасам, туролмайман. Тадбиркорлар синфи бизни истеъмолчиликка ўргатиб қўйяпти. Кайфиятимиз ҳам шунақа. Бундан қочиб қутулолмаймиз. Аммо бунинг ёмон томони мавжуд: ёшлар истеъмолчиликка кўпроқ ўрганиб қолади, тайёрга айёр бўлади. Биз бундай авлодни эмас, яратувчи, фаол авлодни шакллантиришимиз керак.

Камолиддин Раббимов:

 — Ривожланган мамлакатларда социологик тадқиқот марказлари бор. Улар бир нечта қаватда оқиб ўтаётган ижтимоий кайфиятни ўрганади. Ижтимоий синфларда турлича кайфият бўлади: радикал, мўътадил... Ўзбекистон муаммоси шундан иборатки, 36 млн аҳолиси бор мамлакатда жамиятнинг қарашларини, кайфиятини муттасил, малака мониторинг қилиб, жамиятнинг ўзига билдирадиган социологик тадқиқот марказлари мавжуд эмас. Ижтимоий тармоқлардаги ижтимоий фаол бўлганларнинг кайфиятини кузатиш мумкин. Лекин уларда баъзида мўътадил ёки ижобий, қандайдир воқеа сабаб салбийлашиб кетади. Бу фақат воқеа-ҳодисаларга муносабатни англатади холос. Лекин умуман олганда, ҳар битта жамиятдаги ижтимоий ва асосан иқтисодий вазиятдан келиб чиқиб, мамлакатнинг ижтимоий кайфиятини тушунтириб бериш мумкин. Асосий кўрсаткич — ЯИМ. Ўзбекистонда жон бошига тўғри келадиган ЯИМ анча паст, дунё стандартларига таққослаганда. Аҳолидан сиёсий тизимдан розилик даражаси юқори бўлади, қачонки жон бошига 5-8 минг доллардан тўғри келса. Ўзбекистонда эса 2,5 минг доллар. Демак, сиёсий вазиятга жамиятнинг бераётган баҳоси қониқарли эмас. Ўзбекистонда ижтимоий тафаккурдаги қўрқув эриб боряпти. Бунга Ўзбекистоннинг ичидаги ва глобал майдондаги воқеа-ҳодисалар феномени сабаб.

Мамлакатда маълум бир ўзгаришлар бўлди. Интернет билан курашиш тугаган. 2016 йилга қадар давлат томонидан шакллантирилган маълум бир мафкуравий тизим мавжуд эди. Яъни Ўзбекистон тинч-фаровон, камбағаллик йўқ давлат сифатида таърифланарди расман. Бугун ундай эмас. Менинг назаримдаги муаммо — ўзимиз яшаб турган жамиятни билмаслигимиз. Чунки социологик тадқиқот марказлари ёки кучли социологлар жамиятдаги ижтимоий кайфият борасида муттасил баҳс-мунозаралар ўтказмайди, лекин шундай қилиш керак. 36-37 млн аҳолининг ижтимоий ва сиёсий қарашларини билмаймиз. Масалан, ижтимоий давлат тарафдорлари қанча, диний қадриятлар устун бўлишини истайдиганлар қанча, ҳуқуқий-демократик давлат тарафдорлари қанча — улар ўртасидаги конфликт қандай бўляпти? Бундай вазиятда 5-10 йиллик вазиятни моделлаштириш нимага олиб келади, деган саволларга жавоб йўқ. Маълум бир интуитив қарашларимиз бор, лекин жамиятни англамаймиз. Англаш учун аҳоли қатламлари, қатламлар, ҳудудлар, демографик гуруҳлар — ҳаммасини ўрганиб моделлаштириш керак, лекин ҳали бу иш қилинганича йўқ.

— Бу нарса онгли қилиняптими ёки ҳукуматнинг малакаси етишмайдими?

Камолиддин Раббимов:

— Онгли деб ўйламайман. Чунки вазиятни билиш ҳукуматга фақатгина ёрдам беради. 4 йил давомида ижтимоий фикр ва жамоатчилик фикрини ўрганиш марказида ишлаганман. У ерда ўтказилаётган социологик сўровномалар ҳукуматга берилади. Каримов рейтинги борасида ҳамма тўлиқ ишонади дейиларди, лекин қолган масалаларда ҳукумат алданишни истамасди. Лекин бу маълумотлар жамиятга берилмасди. Бугунги кунда ижтимоий сўровномалар натижаси берилмайди. Фақатгина ижобий берилиши мумкин. Агар фақат ижобийларини бериб, салбийлари берилмаса, бу монипуляция қилиш бўлади. Бугун Ўзбекистон жамияти ўзини англаши, интеллектуаллар жамиятни англаш учун керакли маълумотлар етишмаяпти. Бу ерда ҳукумат қиладиган иш ҳам бор. Энг муҳими социологик тадқиқот марказлари кўп бўлиши керак. Масалан, қандайдир масалада сўровнома ўтказилди: айни саволлар 5-6 та марказ томонидан жамиятга берилиши керак. Улар ўртасида олинган натижа 3 фоиздан ошса, саволлар пайдо бўлади.

Виктор Алимасов:

— 2010 йилдан бери «Ижтимоий фикр» журналини ўқиб бораман. У ердаги тадқиқот натижалари, сўровномалардан хабарим бор. Ислоҳотлардан розимисиз, деган саволга жавобларда 100 фоиз розилик. Президент, Вазирлар Маҳкамаси, Олий Мажлис, Олий судлардан розилик даражаси 100 фоиз бўлади. Бу 2010-2016 оралиғидаги натижалар. Ҳокимиятнинг қуйи поғоналари тушган сари норозиликлар динамикаси кўтарилиб боради. Демак, халқ асосан қуйидаги ҳокимият тизимларидан норози, деган фикр келиб чиқади. Журнал ходимидан сўраганимда, бу фоизларни биз белгиламаймиз, деб жавоб берган.

— Жамиятнинг кайфияти, ижтимоий психология ҳақида гаплашяпмиз ва бугун ўзимиз кўрган, гаплашган инсонларда қандайдир тоқатсизлик бордек, келажакка ишонч юқори эмасдек.

Балки адашаётган бўлсам, адашяпсиз денглар. Шундай бўлса, фикримга қўшилсангиз, бунинг сабаби нима-ю, оқибатлари қандай?

Яъни жамиятда хурсандчилик кайфияти устун бўлганда ва паст бўлганда, яқин, узоқ истиқболда қандай ўзгаришларга олиб бориши мумкин?

Виктор Алимасов:

— Ижтимоий кайфият субъектив воқелик, у ниҳоятда тез ўзгаради. Шунинг учун мониторинг қилиб ўрганилиб борилиши керак. Афсуски, бизда биттагина социологик тадқиқот маркази бор. Бу дегани шу биттанинг фикри ҳаммага мажбуран сингдирилади, маълумот яширилишига йўл очилади. Ҳар хил тузилмаларда социологик тадқиқот марказлари бўлиши керак ва объектив маълумотларни тақдим этиши керак.

Бизнинг айни кайфиятимиз қаерга боради, деган саволга жавоб бериш қийин. Чунки 36-37 млн аҳоли кайфиятини биз белгилаб беролмаймиз. Ўз фикримни айтадиган бўлсам, ташқаридан келаётган уруш хавфи мавжуд. Шахсан менинг кўнглимда шу безовталик бор. Бу кайфият кўпчиликда бор деб ўйлайман. Интеллигенцияга пессимизм хос. Шунинг учун интеллигенцияга кўп ҳам ишонмаслик керак. Шунинг учун тинимсиз мониторингли ўрганиш керак. Агар интеллигенция хавотири асосли бўлса, келажак тасдиқлайди. Биз айни вақтдаги вазиятни айтишимиз мумкин. Кишилар тезроқ ҳаракат қилгиси, тезроқ пул топгиси, тезроқ қаергадир боргиси келиб қолди. Шунинг учун руҳий безовталик бор. Шу тоқатсизликда яшашга мажбурмиз. Бозор иқтисодиёти бизни шунга мажбур қиляпти.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Мавзуга оид