Жаҳон | 01:28 / 14.03.2023
17013
2 дақиқада ўқилади

Эрон ва Саудия Арабистони «ярашуви» Ямандаги урушни тўхтатиши мумкин

Эрон ва Саудия Арабистони ўртасидаги кескинликка барҳам берилиши энг даҳшатли гуманитар инқирозни тугатиши кутилмоқда.

Фото: Reuters

Эроннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги миссияси баёнотига кўра, Саудия Арабистони билан икки томонлама алоқаларни тиклаш бўйича эришилган келишув Ямандаги кўп йиллик урушни сиёсий йўл билан ҳал қилишга ёрдам беради. Бу ҳақда Эрон давлат матбуотига таяниб Arab News хабар берди.

Ўтган ҳафтада Эрон ва Саудия Арабистони етти йиллик кескинликдан сўнг дипломатик муносабатларни тиклаш ва ўз элчихоналарини қайта очишга келишиб олган эди.

Ғарб ҳукуматлари ва БМТ экспертлари узоқ вақтдан бери Эронни Ямандаги ҳусийларга қурол етказиб беришда айблаб келади. Ғарб ҳарбийлари Қизил денгизда Яманга кетаётган кемаларни Эрон қуроллари билан бир неча бор қўлга туширган.

Теҳрон ҳусийларни қуроллантириш ҳақидаги айбловларни рад этади.

Теҳрон ва Ар-Риёд ўртасида йирик дипломатик ютуқни амалга оширишга Хитой воситачилик қилди, энди бу минтақавий рақиблар ўртасида тўғридан тўғри ва билвосита тўқнашувлар эҳтимолини камайтиради.

Эроннинг IRNA ахборот агентлигига кўра, Саудия Арабистони билан келишув натижасида муддати тугаган ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги битим янгиланиши мумкин. Бу «миллий мулоқотни бошлаш ва Яманда инклюзив миллий ҳукуматни шакллантиришга ёрдам беради».

Яман можаросидаги энг узун сулҳ 2022 йил октябр ойида якунига етди. Бироқ, иккала томон ҳам ҳусийлар ва Саудия Арабистони ўртасида келишувни узайтириш бўйича музокаралар олиб борилаётгани сабабли жанговар ҳаракатлар бошланишига олиб келиши мумкин бўлган кескинликдан тийилди.

Ҳусийлар келишувни олқишлагандек туюлмоқда, бир вақтнинг ўзида улар Эроннинг асосий душманлари бўлмиш АҚШ ва Исроилни қаттиқ қораламоқда.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг айтишича, Ямандаги уруш дунёдаги энг даҳшатли гуманитар инқирозлардан бирига сабаб бўлган ва миллионлаб одамларни очлик ёқасига олиб келган.

Мавзуга оид