Ўзбекистон | 20:04 / 15.03.2023
6322
2 дақиқада ўқилади

Болани чет давлатда назоратсиз қолдириш жавобгарликка сабаб бўлади 

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча киритилди.  

Фото: Getty Images

Президент томонидан имзоланган қонун билан айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритилди. 

Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчага кўра, Ўзбекистон фуқаролигига эга болани ота, она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс ёхуд ҳамроҳлик қилувчи шахс томонидан чет давлат ҳудудида назоратсиз қолдириш: 

- БҲМ 10 бараваридан 50 бараваригача (бугунги кунда 3 млн сўмдан 15 млн сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. 

Шунга кўра, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқишда кўпи билан 30 кунлик муддат белгиланиб, суд ушбу ҳуқуқбузарликни содир этган шахс зиммасига болани чет давлатдан Ўзбекистонга қайтариш ёхуд ҳуқуқбузарликни бартараф этиш бўйича чоралар кўриш мажбуриятини юклайди. 

Шунингдек, Жиноят кодексига киритилган қўшимчага кўра, болани чет давлатда назоратсиз қолдириш, худди шундай хатти-ҳаракат учун маъмурий жазо қўлланганидан кейин содир этилса ёхуд боланинг суд томонидан белгиланган муддатда Ўзбекистонга қайтарилишини таъминламаслик 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.  

Ўша қилмиш оғирлаштирувчи ҳолатларда содир этилса, уни содир этган шахс 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин. 

Ушбу нормалар мазкур Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач амалга киритилади. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид