Ўзбекистон | 17:54 / 17.03.2023
11032
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда қум бўронлари йўлини тўсиш бошланди

Фото: УзА

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 13 март куни Сурхондарё вилоятига сафари чоғида воҳанинг чўл ҳудудларида саксовулзорларни кенгайтириш юзасидан муҳим вазифаларни белгилаб берди. Шунга мувофиқ вилоятда 1 минг 500 гектар майдонда саксовулзор барпо этиш режалаштириб олинди.

ЎзА хабарига кўра, саксовулзорлар воҳада тез-тез содир бўлиб турадиган “афғон” шамоли номи билан машҳур чанг–тўзон ва қум бўронлари таъсирини камайтиришда муҳим ўрин тутади. 3 йиллик саксовулзор қум кўчишини 55 фоизга, 5 йиллиги 79,5 фоизга камайтиради. Етти йиллик саксовулзорлар қум кўчишини тўлиқ тўхтатади. Шўрхок ер ва сувсизликка чидамли бу ўсимлик илдизи жуда бақувват бўлиб, бир туп саксовул 10 тоннагача қумни мустаҳкамлаб, унинг кўчишига йўл бермайди.  

Фото: УзА

Топшириқ ижросини таъминлаш учун Термиз ва Ангор туманлари туташган “Каттақум” массивида саксовул кўчатларини экиш ва уруғини сепиш ишлари бошланди. Воҳада янги саксовулзорлар ташкил этиш учун Қорақалпоғистон Республикасидан 100 минг туп саксовул кўчати ва 15 тонна уруғи олиб келинди. Тадбир доирасида 10 гектар майдонга 12 мингдан ортиқ саксовул кўчати ўтқазилиб, уруғи сепилди.

Фото: УзА

Саксовулзорлар ернинг устки қисмида қум кўчиши олдини олиш баробарида шамол тезлигини ҳам сезиларли даражада камайтиради. Илдизи тупроққа чуқур кириб бориб, горизонтал йўналишда саккиз метргача етади. Фанда 1 гектар ердаги саксовулзорнинг бир йилда 1 минг 135 килограмм карбонат ангидрид газини ютиб, 835 килограмм кислород ажратиб бериши исботланган. 

Фото: УзА

Мавзуга оид