Жаҳон | 07:21 / 17.03.2023
7241
2 дақиқада ўқилади

Зеленский: Ҳарбий жиноятларда айбдорларнинг барчасини суд кутмоқда

Украина президенти Володимир Зеленский кечки видеомурожаатида Мариуполдаги театр вайрон қилинганининг бир йиллиги муносабати билан баёнот берди.

Фото: president.gov.ua

«Украиналикларга қарши ҳарбий жиноятлар учун жавобгар бўлганларнинг ҳаммаси Халқаро жиноий суд ва миллий судлар олдида жавоб берадиган кун келади», деди у. 

Мариуполда драма театрига Россия ҳаво ҳужумлари натижасида бинода бошпана топган одамлар ҳалок бўлганди. 

«Биз ҳали қанча киши ўлганини билмаймиз - юзлаб, минглаб одамлар?» - дея эслатди Зеленский.

«Кун келади ва биз Мариуполни озод қиламиз, - дея қўшимча қилди у. - Кун келади ва халқимизга адолатни қайтарадиган трибунал тузилади». 

Украина президентининг сўзларига кўра, «рашизм жазосиз ёвузлик бўлиб қола олмайди».

Бундан олдин Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти уруш бошланганидан кейин Украина мактаб-интернатларидаги болалар тақдири ҳақида ҳисобот эълон қилганди.

2022 йил 24 февраль ҳолатига кўра, Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганда, Украина мактаб-интернатларида 105 мингдан ортиқ бола бор эди. Бу ҳақда Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг 13 март куни чоп этилган ҳисоботида айтилади.

Уруш оммавий эвакуацияга олиб келди, имкон қадар болаларни ота-оналарига қайтаришга (90 фоиз ҳолларда улардан камида биттаси ота-оналик ҳуқуқига эга эди ва урушдан олдин болани махсус муассасага юбориш оиладаги қашшоқлик билан боғлиқ бўлган) ёки васийларга топширишга ҳаракат қилишди.

Мавзуга оид