Ўзбекистон | 15:53 / 20.03.2023
27477
2 дақиқада ўқилади

Осиё чемпионлари тақдирланди (видео)

Осиё U-20 Кубогида ғолиб чиқиб, Индонезияда ўтадиган жаҳон чемпионатига йўл олган Ўзбекистон ёшлар жамоаси футболчи ва мураббийлари тақдирланди. 

«Бунёдкор» стадионида ўтган тадбирда ЎФА президенти Абдусалом Азизов, президент маслаҳатчиси Одил Абдураҳмонов, спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икромов ва бошқа расмий шахслар қатнашиб, чемпионларга ўз тилакларини билдиришди.

Жамоа сардори Умарали Раҳмоналиев сўзга чиқиб, жамоа эртаданоқ жаҳон чемпионатига тайёргарликни бошлашини айтиб, катта ютуқлар олдинда эканлигини таъкидлади.

Шундан сўнг футболчиларгa «президент совғаси» — «Lacetti Gentra» автомобиллари топширилди.

Маросим якунига етгач, айрим ўйинчилар билан суҳбатлашдик. Турнирнинг энг яхши футболчиси Аббос Файзуллаевдан «Хориждан таклифлар бўлдими?» деб сўраганимизда қуйидагича жавоб берди: «Ҳозирча бу борада гаплашмадик. Ҳатто ҳали уйимизга борганимиз ҳам йўқ (кулади). Ҳушимизни йиғиб олгач, ўйлаб кўрамиз. 

Бу даражага келишимда ота-онам ва раҳматли тоғамнинг хизматлари катта. Улардан миннатдорман. Бу — бошланиши. Олға боришда давом этамиз».

Жамоанинг ҳимоя чизиғи ишончли ўйин кўрсатиб, турнирдаги 6 ўйинда атиги 1 бор тўп ўтказиб юборди. Марказий ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов билан гаплашганимизда бу натижага эришиш осон бўлмаганини, айниқса, Австралияга қарши чоракфинал баҳси оғир кечганини айтди.

Чап қанот ҳимоячиси Маҳмуджон Маҳамаджоновнинг бобоси набираси ҳақида гапириб, унинг ёшлигидан пайпоқларни тўплаб, копток қилиб тепиб юрганини, бу кунларга келиш учун анча тер тўкканини эсга олди.

Хуллас, тақдирлаш маросими кўтаринки руҳда ўтди ва чемпионлар уйга автомобилларда қайтишди.

Мухбир — Аъзамжон Иззатиллаев,
Тасвирчи ва монтаж устаси — Абдуқодир Тўлқинов

Мавзуга оид