Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фото: шаҳзода Уилям Полшадаги ҳарбий базага кутилмаган ташриф амалга оширди
Буюк Британия шаҳзодаси Уилям кутилмаганда Полшанинг Украина чегараси яқинида жойлашган Британия ҳарбий базасига ташриф буюрди. Бу ерда у ҳарбийлар ва уларнинг полшалик ҳамкасблари билан учрашди.
Шаҳзода Британия аскарларига кундалик ишлари учун шахсан миннатдорчилик билдирмоқчи эканини айтди.
«Шахсан ўзим келиб, ҳар куни қилаётган ишларингиз учун раҳмат айтишни хоҳладим», деди шаҳзода ҳарбийларга мурожаат қилиб.
«Сиз бу ерда эркинликларимизни ҳимоя қилишда жуда муҳим иш бажаряпсиз, бу жуда муҳим. Уйда ҳамма сизни қўллаб-қувватлайди», дея қўшимча қилди Уилям.

Шаҳзода Уилямнинг Британия ҳарбий контингенти жойлашган Полша жануби-шарқидаги Жешув шаҳрига сафари сир сақланди ва фақат ҳарбий базани тарк этиб, Варшавага қайтгач ошкор этилди.
Жешув Украина чегарасидан бир соатлик масофада жойлашган ва у ерда жойлашган британиялик учувчилар америкалик ва полшалик ҳамкасблари билан биргаликда Полша ҳаво ҳудудини ҳимоя қилади.


Британия тахти вориси матбуот баёнотида, шунингдек, «ўз эшиклари билан бирга қалбларини ҳам очган Полша халқининг илҳомлантирувчи инсонийлиги»га ҳурмат бажо келтирди.
Россиянинг Украинага босқини бошланганидан бери Полша энг кўп украиналик қочқинларни қабул қилди. Мамлакат расмийларига кўра, ҳозир у ерда Украинанинг 1,3 миллионга яқин фуқароси бор.
Шаҳзода иштирокидаги асосий тадбирлар пайшанба куни режалаштирилган: Уилям Варшавадаги Номаълум аскар қабрига гулчамбар қўяди ва президент Анжей Дуда билан учрашади.
Мавзуга оид
23:08 / 27.05.2025
Океандаги олди-берди: Британия Чагос оролини нега топширди?
11:50 / 26.05.2025
Британия бозорларига Ўзбекистонда етиштирилган гилос етказиб берилди
18:08 / 22.05.2025
Британия Россия махсус хизматларини 10 мингга яқин камерани бузиб кирганликда айблади
09:04 / 21.05.2025