Ўзбекистон | 16:04 / 23.03.2023
29419
2 дақиқада ўқилади

Қарши шаҳрининг собиқ ҳокими 4 йилга қамалди

2016-2019 йилларда Қарши шаҳрига ҳокимлик қилган Жамшид Фозилов 2022 йил октябрида қамоққа олинганди. У мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва ноқонуний ер ажратиш каби жиноятлар содир этишда айбдор деб топилган.

Фото: Kun.uz

Қарши шаҳрининг собиқ ҳокими Жамшид Фозилов 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар бермоқда.

«Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг 2023 йил 10 мартдаги ҳукми билан Жамшид Фозилов Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2–қисми «а» банди, 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 2-қисми «а» банди, 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми «а» банди ва 229-4-моддаси (ер бериш тартибини бузиш) 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.

Унга Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш)га асосан 2 йил муддатга мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган», дейилади хабарда.

Айни пайтда судланувчи томонидан ушбу ҳукм устидан берилган апелляция шикояти Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида кўриб чиқиш учун расмийлаштирилмоқда.

  • Маълумот учун, Жамшид Фозилов 2016–2019 йилларда Қарши шаҳар ҳокими лавозимида ишлаган. 2018 йил декабрида президентнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи вақтида ушбу ҳоким кескин танқидга учраган, 2019 йил октябрида эса ишдан олинганди.
  • Жамшид Фозилов Қарши шаҳри ҳокими вазифасида ишлаган даврида ОАВда бир неча марта тадбиркорларга нисбатан адолатсиз қарорлари учун танқидга учраганди. Жумладан, у Қарши шаҳридаги Марказий деҳқон бозорида «снос» масалалари ва Ерқўрғон бозорларида ноқонуний қурилишлар туфайли танқид қилинганди.

Мавзуга оид