Жаҳон | 19:15 / 24.03.2023
4764
3 дақиқада ўқилади

Германия Гуржистонга Европа Иттифоқига аъзо бўлишда ёрдам беради

Фото: Picture Alliance

Берлин Тбилисини Европа Иттифоқига аъзоликка номзод мақомини олиш йўлида қўллаб-қувватлашга тайёр, деди Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок. Шу билан бирга, у ислоҳотларни тўхтатмасликка чақирди

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Гуржистонни Берлин ЕИга йўлда – ҳатто Россиянинг жараёнга таъсир ўтказиш уринишларига қарамай – қўллаб-қувватлашига ишонтирди ва Тбилисини кейинги ислоҳотларга чақирди. «Европа Иттифоқига номзод мақоми учун эшиклар кенг очиқ. Энди қолган ўн икки қадамни қўйиш сизнинг қўлингизда», - деди у 24 март, жума куни Тбилисида грузиялик ҳамкасби Иля Дарчиашвили билан музокарадан сўнг. 

Гуржистоннинг Европа оиласига тегишли эканлигини таъкидлаган Бербок, Гуржистон БМТнинг Россиянинг Украинага қарши агрессив урушини қоралаган қарорларини қўллаб-қувватлаганини таъкидлади. У қонун устуворлиги, демократик стандартлар ва оммавий ахборот воситалари эркинлигини Европа Иттифоқига кириш жараёнининг асоси деб атади. 

Германия ташқи ишлар вазирининг сўзларига кўра, кўплаб баҳс-мунозараларга ва норозилик тўлқинига сабаб бўлган «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун бекор қилинганидан сўнг, Тбилиси ҳукумати ҳозирда «қутбланишни енгиб ўтиш, ишончни қайта тиклаш ва бўлажак ислоҳотларни қатъий бошлаш» вазифасини қўймоқда.

Ўз навбатида, Иля Дарчиашвили Европа Иттифоқига қўшилиш «гуржи халқининг бузилмас иродаси», номзод давлат мақоми эса бу борада «тугун нуқта» эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, Гуржистон ҳукумати уни олиш учун Еврокомиссия томонидан белгиланган ўн икки мезонни бажариш устида жадал ишламоқда. 

Украина ва Молдовага 2022 йил июнь ойида Европа Иттифоқига аъзоликка номзод мақоми берилган бўлса, Гуржистон бу мақомга эга бўлиш учун муайян ислоҳотларни амалга ошириши зарур. ЕИ томонидан санаб ўтилган ўн иккита энг долзарб йўналишлар орасида сиёсий қутбланишга қарши кураш, суд-ҳуқуқ ислоҳоти, коррупцияга қарши мустақил орган яратиш, оммавий ахборот воситалари эркинлиги ва «деолигархизация» бор. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид