Беларусда ўлим жазоси бўйича ўзгартиришлар кучга кирди
Қабул қилинган тузатишларга кўра, республикада терроризмни тарғиб қилганлик ва армияни обрўсизлантириш учун жиноий жавобгарлик ҳамда давлатга қарши жиноятлар учун жарималар ҳам жорий этилган.
Беларусда 25 март, шанба куни жиноий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга давлатга хиёнат қилганлик учун мансабдор шахслар ва ҳарбий хизматчиларни ўлим жазосига ҳукм қилиш, шунингдек, терроризмни тарғиб қилганлик ва армияни обрўсизлантириш учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи тузатишлар кучга кирди.
«Жиноий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси Вазирлар кенгаши томонидан 2022 йил октябр ойи охирида Беларус Миллий мажлиси Вакиллар палатасига киритилган. 2023 йил февраль ойининг охирида у парламентда икки марта ўқишдан ўтди, шундан сўнг Республика кенгаши томонидан тасдиқланди. Беларус раҳбари Александр Лукашенко ҳужжатни 9 март куни имзолаган, 14 март куни эса қонун Беларус миллий юридик интернет порталида эълон қилинган. Ҳужжатда айтилишича, у расмий эълон қилинган кундан бошлаб ўн кун ўтгач кучга киради.
Қонунга кўра, мансабдор шахс томонидан содир этилган «давлатга хиёнат учун» жиноий жавобгарлик давлат лавозимини эгаллаб турган барча шахсларга нисбатан қўлланилади. Бундай ҳолда, ҳужжат умрбод озодликдан маҳрум қилиш ёки ўлим жазосини қўллаш имкониятини назарда тутади.
Бундан ташқари, давлатга қарши йўналишдаги бир қатор жиноятлар учун 50 минг асосий бирлик (тахминан 680 минг евро) миқдорида жарима шаклида қўшимча жазо белгиланади. Ушбу чора, ўзгартиришлар муаллифларининг фикрича, «бундай қилмишлар натижасида етказилган зарарнинг сўзсиз қопланиши ва уларни содир этган шахсларни жиноий фаолиятини давом эттириш воситаларидан маҳрум этиш учун мўлжалланган».
Шунингдек, қонунда «терроризмни тарғиб қилиш, қуролли кучлар, бошқа қўшинлар ва ҳарбий тузилмалар, ҳарбийлаштирилган ташкилотларни обрўсизлантириш ва давлат сирларини ҳимоя қилиш талабларини бузиш» учун жиноий жавобгарлик белгиланди. Давлатга хиёнат қилиш, давлат ҳокимиятини эгаллашга қаратилган тил бириктириш ёки бошқа ҳаракатлар, шунингдек, жосуслик ва яширин фаолиятни содир этишда гумон қилинган шахсларни қамоққа олиш муддати 3 суткадан 10 суткагача оширилди.
Шу билан бирга, қўшимчалар билан қўпорувчилик қилишга тайёргарлик кўрган, бироқ ўз ниятидан воз кечиб, жиноятнинг олдини олишга кўмаклашган шахсларни жиноий жавобгарликдан озод этиш кўзда тутилган.
Мавзуга оид
20:49 / 11.11.2024
Беларус расман БРИКС бўйича шерик давлат мақомини олди
14:30 / 05.11.2024
Лукашенко: РФ Беларус орқали Полша, Литва, Латвия ва Украинага ҳужум қилмоқчи эмас
15:04 / 03.11.2024
Бухорода хотинига оғир тан жароҳати етказган шахс қамоқдан озод қилиниб, шартли жазо тайинланди
19:19 / 23.10.2024