Ўзбекистоннинг Афғонистон билан ягона чегарасидан махсус репортаж
Сурхондарё Ўзбекистоннинг 3 та давлат (Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистон) билан чегарадош вилоятидир. Ўзбекистоннинг Афғонистон билан 143 кмли умумий чегарасида ягона – “Айритом” чегара божхона пости фаолият кўрсатади. Kun.uz республика жанубидаги ушбу постдан фуқаролар икки давлатга қайси мақсадларда кириб чиқаётгани, чегараларда уларга қўйилаётган талаблар бўйича афғонистонликлар ва ўзбекистонликлар билан суҳбатлашди.
Ягона чегара пости
Термиз шаҳридан 15 км, икки давлат чегарасидан эса 700 метр масофада жойлашган “Айритом” чегара божхона пости 1991 йил 26 октябрда ташкил этилган. 2021 йилнинг июн ойидан эса рақамли технологиялар асосида янгидан фаолиятини бошлаган эди. Ўзбекистонни Жанубий Осиё билан боғловчи ягона ўтказув пунктида поезд, автотранспорт ва фуқароларга хизмат кўрсатилади.
Виза режими
Айни пайтда чегара постидан ҳар икки давлатга фуқаролар виза режими асосида ўтиб қайтишмоқда. Ҳозирда фақат бизнес мақсадида ва Ўзбекистонда яшаш учун узоқ муддатли визаси бор афғонистонлик фуқаролар чегарадан ўтишлари мумкин. Ўзбекистон орқали бошқа давлатларга ва Афғонистон орқали Эрон ёки Жанубий Осиё давлатларига транзит ўтиш ёки сайёҳликни мақсад қилганлар учун ҳозирда ҳар икки давлат фуқароларига чегарадан ўтишга рухсат йўқ.
Чегарадан ўтишдан мақсад...
“Айритом” постида чегарадан ўтиб-қайтаётган афғонистонликлар билан суҳбатлашдик.
Асадулло Эшонзода:
— Ўзбекистонга 30 йилдан бери ўтиб қайтаман. Бизнес билан шуғулланамиз. Ўзбекистондан Афғонистонга ёғ, ун, буғдой олиб кетамиз. Илгари турист визаси бор эди. 40-50 киши ортидан навбатга туриб, узоқ кутардик. Ҳозир одам кам, 1-2 дақиқада постдан ўтиб оляпмиз. Бемалол бўлиб қолган. Энди Ўзбекистонда 2-3 ой бўламиз. Тошкентда турамиз. Бухородаги заводга буғдой олиб борамиз. Уни завод тегирмонидан чиқариб, унини Афғонистонга юк уловлари ёки вагонларда олиб кетамиз. Афғонистондан эса ҳеч нарса олиб келмайман. Лекин бошқалар мандарин, картошка олиб келишади у ёқдан.
Бекзод Дараугар:
— Мен Ўзбекистонга 2007 йилдан бери келиб кетаман. Асосан қуруқ мевалар экспорт-импорти билан шуғулланаман. Афғонистондан туршак, данак олиб келаман. Ўзбекистондан эса майиз олиб кетаман. Ўзим Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳриданаман. Самарқанд, Тошкент шаҳарларида бўламан энди. Биз Афғонистон ўзбекларимиз. Ўзбекистон ҳам ўз уйимиздек. Биз учун жуда яхши. Шунинг учун ҳозир бу ерда яшаймиз. Бизга 6 ойлик, 1 йиллик ишчи визаси беришади. 6 ойда 2 марта Афғонистонга бориб келамиз. Зарурат бўлса, яна ариза бериб кўпайтиришимиз мумкин.
Афғонистондаги вазият
Чегара постидан ўзбекистонликлар Афғонистонга асосан экспорт мақсадида юк олиб ўтишади. Ўзбекистонга эндигина юк машинасида кириб келган ҳамюртимиз Маҳмуд Бердимуродов билан Афғонистондаги шароитлар, юк ташиш тартиблари ҳақида гаплашдик.
“6 кун Афғонистонда бўлдим. Афғонистонга ун, буғдой, гуманитар ёрдам олиб борамиз. У ёқдан эса ҳозирги мавсумда картошка, шакар, дори-дармон олиб келамиз. Афғонистонда 100 кмча масофа юрамиз. Узоғи Мозори Шариф шаҳригача борамиз. Афғонистонга кирадиган ҳар бир юк машинасининг ўз одамлари бўлади. Улар сизнинг ҳужжатларингиз, юриш-туриш, еб-ичиш, ётоқ жойингиз - ҳаммаси билан шуғулланади. Юкни олиб борадиган жойингизгача ёнингизга одам қўшади. Афғонистон ҳудудида ҳам ўзбек тилида мулоқот қиламиз. Форсчани билганлар форсчада гаплашишади. Ҳужжатларга келсак, ҳаммаси жойида бўлса, икки давлатга ҳам кириб-чиқишда муаммо бўлмайди”, дейди у.
Чегарадан ўтаётганларнинг кунлик ўртача сони
Чегара паспорт назорати бўлимида фаолият олиб борувчи ДХХ кичик сержанти Муроджон Файзуллаевга кўра, ҳозирда кунига ўртача 400-500 нафар икки давлат фуқаролари Афғонистон ва Ўзбекистон чегарасидан ўтиб қайтишмоқда. Шулардан 150-200 нафари пиёда тартибида, 200-250 нафари эса автотранспортда чегаралардан ўтишмоқда.
Аниқланган қонунбузарликлар
“Айритом” чегара божхона пости катта инспектори Наргиза Ибодованинг маълум қилишича, 2021 йилдан фаолияти рақамлаштирилган божхона пунктидаги боди сканер қурилмаси орқали 2 йил ичида 6 та қонунбузарлик ҳолати аниқланган.
Патрон ўқдорилари ва турли гиёҳвандлик воситаларини Афғонистондан Ўзбекистонга олиб ўтишга уринган фуқаролар ушлаб қолинган. Умумий ҳолатда эса 2022 йилда божхона пости ходимлари томонидан 19 та ҳолатда 138.74 килограмм гиёҳвандлик воситалари, 150 дона трамадол таблеткалари ва 410 дона психотроп таблеткаларининг юртимизга кириб келиши олди олинган.
Сардорбек Усмоний суҳбатлашди
Мавзуга оид
21:33 / 22.11.2024
Хитой Сурхондарёдаги мис ва кумуш конларига 2,7 миллиард доллар инвестиция таклиф қилмоқда
14:50 / 21.11.2024
Кувайт Ўзбекистонда Она ва бола кластерини ташкил этади
11:53 / 13.11.2024
Афғонистонда содир бўлган зилзила кучи Сурхондарёда сезилди
08:15 / 13.11.2024