Қозоғистон ислоҳотларда Ўзбекистондан олдиндами?
19 март куни қўшни Қозоғистонда навбатдан ташқари парламент сайловлари бўлиб ўтди. Бу – мамлакатда амалга оширилган конституцион ислоҳотдан кейинги биринчи сайловлар эди.
Ўтган 2022 йил январ ойида Қозоғистонда оммавий намойишлар бўлиб ўтган эди. Баъзи кузатувчилар, ушбу намойишлардан кейин, президент Тўқаев сиёсий тизимни қаттиқлаштириши, гайкаларни “қаттиқроқ бураши”ни кутган эди. Лекин, Тўқаев оммавий ижтимоий намойишларга каттагина маъмурий-сиёсий ислоҳотлар билан жавоб берди.
Тўқаев таклифига кўра, кўплаб ўзгаришлар киритилди. Жумладан, қишлоқ, туман ва шаҳар хокимлари сайланадиган бўлди. Сиёсий партияларни рўйхатга олиш осонлаштирилди. Унгача 20 минг имзо талаб қилинган бўлса, бу талаб тўрт мартага қисқартирилиб, 5 мингга туширилди.
Парламентга ва маҳаллий маслиҳатларга (вилоят кенгашларига) ҳам сайлов тизими ўзгартирилди. Парламентдаги президентнинг вакиллари сони қисқартирилди, яъни олиб ташланди. Натижада, парламент сайловларига 70 фоиз ўрин партия рўйхатлари асосида, 30 фоиз жой бир мандатлик округлар асосида сайланадиган бўлди. Маҳаллий маслиҳатларга эса 50/50 фоиз асосида сайловлар жорий қилинди.
Тўқаев президентлик мандатини иккитадан битта мандатга – 7 йиллик муддатга қисқартирди. Конституцияга кўра, бундан кейин, ҳеч бир шахс 7 йилдан ортиқ президент бўла олмайди. Жумладан, Тўқаевнинг ўзи ҳам. Ўтган 2022 йилда сайланган Тўқаев, 2029 йилда ҳокимиятдан кетиши керак бўлади. Тўқаевнинг ўзи ҳам Қозоғистон халқига ваъда бериб, 2029 йилда кетишини кўп бор таъкидлади.
Шунингдек, Тўқаев президентлик ваколатини бироз қисқартирди. Суд ҳокимиятини бироз кучайтирди. Қонун даражасида президентнинг яқинлари, қариндошлари юқори давлат мулозимлари ва катта бизнес эгалари бўлиши тақиқланди.
Яқинда бўлиб ўтган парламент сайловларида, 52 фоиз аҳоли иштирок этган холос. Бу юқори кўрсаткич эмас. Қозоғистон жамиятида танқидий фикрлаш ўта юқори. Жумладан, расмий, яъни давлат рўйхатидан ўтган мустақил ТВ каналларида ҳам ҳукуматни, давлат мулозимларини танқид қилиш одатий холга айланиб бўлган.
Сайловда Аманат партияси катта ўрин олган. Бу – собиқ НурОтан партияси. Бу партия ҳокимият манфаатларига хизмат қилади. Шундай бўлса-да, бу сафарги парламентга икки янги партия киришга муваффақ бўлган. Лекин энг таниқли ва ашаддий танқидчи партиялар, шахслар парламентга кира олмаган.
Қозоғистонда ватандошлик жамияти анча жонли. Ўтган 2019-22 йиллар давомида Қозоғистон Адлия вазирлигига 18 та янги партия лойиҳасини рўйхатдан ўтказиш мурожаати бўлган. Қиёслаш учун, Ўзбекистонда бор-йўғи бир партия лойиҳаси мурожаат қилган, у ҳам бўлса, рад этилган.
Қозоғистонда ОАВ анча эркин. Ҳукумат ОАВ эркинлиги билан курашмаётгандек, аксинча, сўз эркинлигини имкон қадар ҳурмат қилишга интилаётгандек фикр уйғонади. Геосиёсий малалаларда, мисол учун, Россия-Украина уруши борасида ҳам, қўшни давлат ТВ каналлари жуда эркин ва танқидий гапиришади. Ўзбекистон ТВ каналларида эса, ҳалига қадар бу уруш мавжуд эмас.
Ҳар бир авторитар давлатнинг демократияга ўтишида бир муҳим босқич бўлади. Бу ҳам бўлса, ўша авторитар давлат, жамиятнинг демократлашуви билан курашмайди, аксинча, жамиятнинг танқидларига чидайди, жамиятнинг ўсишидан, юксалишидан манфаатдор бўлади. Назаримда, Тўқаев даврида, Қозоғистон мана шу нуқтага етиб келди.
Қозоғистонда ҳали авторитар оғишувлар анча кучли. Сиёсий плюрализмга тўлиқ йўл очилгани йўқ. Лекин, аҳолиси Ўзбекистондан икки баравар кичик бўлган Қозоғистонда, ислоҳотлар анча илдам кўринади, ватандошлик жамияти икки баравар фаолроқ экани билинади, демак, сиёсий тизим икки баравар эркинроқ дейишга асос беради.
Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос
Мавзуга оид
16:34 / 08.11.2024
Россия Марказий Осиёнинг барқарор ривожланишини истайди — Путин
22:15 / 25.10.2024
БМТ Марказий Осиёни «Тинчлик, ишонч ва ҳамкорлик ҳудуди» деб эълон қилди
20:43 / 17.10.2024
Туркистон атамаси – этник ўзлик ва минтақавий бирлик ифодаси
15:54 / 16.10.2024