Ўзбекистон | 16:50 / 28.03.2023
12135
8 дақиқада ўқилади

Олий таълимни рақамлаштириш – устувор вазифа

Фото: Тошкент давлат юридик университети

Олий ўқув юртларида таълим жараёнининг хусусиятлари, шунингдек, университетларнинг жамият ва иқтисодиётдаги аҳамияти жадал ўзгариб бормоқда. Бутун дунёда университетлар талабалар, ўқитувчилар ва молиявий маблағларни жалб қилишда бир-бири билан рақобатлашмоқда. Бундай рақобатда замон билан ҳамнафас ва янги рақамли имкониятлардан фойдаланувчи олий ўқув юртлари бошқаларга нисбатан устунликка эга бўлиб бормоқда.

Рақамлаштириш таълим ва бошқарув учун янги имкониятлар яратиб, маълумотлар йиғиш ва таҳлил қилиш, ўзаро ҳамкорлик ва мулоқот қилишни осонлаштирди. Рақамлаштиришнинг афзалликлари самарадорликни ошириш, талабалар фаоллигини ошириш, шахсга қаратилган таълим ва янги ўқитиш усулларидан фойдаланишни ўз ичига олади. Бундан ташқари, рақамлаштириш университетларни, ўқув дастурларини, профессор-ўқитувчиларни, ходимларни ва ресурсларни бошқаришни осонлаштиради.

Рақамлаштиришнинг асосий афзалликларидан бири бу талабаларнинг фаоллигини ошириш имкониятларидир. Онлайн таълим платформалари, ижтимоий тармоқлар ва мобил иловалар каби рақамли воситалардан фойдаланган ҳолда университетлар ўқувчиларни мотивация ва йўлда ушлаб турадиган интерактив ҳамда қизиқарли таълим тажрибаларини яратиши мумкин. Шунингдек, рақамлаштириш университетларга ўйин ва виртуал ҳақиқат каби янги ўқитиш усулларидан фойдаланиш имконини беради. Бу усуллардан талабаларга мураккаб тушунчалар ва назарияларни тушунишни осонлаштирадиган интерактив таълим тажрибасини яратиш учун фойдаланиш мумкин.

Талабаларнинг ўзлаштириш кўрсаткичларини ошириш, уларда зарур компетенцияларни шакллантириш орқали ишга жойлашиш кўрсаткичларини кўпайтириш ҳамда турли воситалар орқали маълумотларни етказиш ва тушунтириш усулларини қўллаган университетлар нуфузи ошиши ҳамда уларда мазкур имкониятлар орқали қўшимча фойда олиши учун шарт-шароитлар яратилиши орқали бошқаларга нисабатан устунлик шаклланади.

Мазкур йўналишда Тошкент давлат юридик университетида ҳам бир қатор ютуқларга эришилганликни кўрсатиб ўтиш мумкин. Хусусан, мамлакатимиз президентининг 2020 йил 29 апрелда “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида юридик таълим ва фанни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгиланиб, улар қаторида «Электрон университет» (E-University) тизимини жорий этган ҳолда очиқ, шаффоф, субъективлик ва суиистеъмолчиликлардан холи бўлган таълим муҳитини яратиш вазифаси кўрсатилган. Шунга асосан, Тошкент давлат юридик университетида тизимли ишлар амалга оширилиб, бир қатор электрон тизимлар ишлаб чиқилди ва жорий этилди. Жумладан, талабалар учун ҳар қандай масала юзасидан электрон мурожаат қилиш имконияти яратилди ҳамда ягона дарча тамойили асосида фаолият юритувчи махсус Талабаларга хизмат кўрсатиш маркази жорий этилди, битирув малакавий ишлари ва магистрлик диссертациялари ҳамда илмий раҳбарларни танлаш электрон тизими яратилди, тўлов-шартномасини электорон равишда олиш ҳамда тўловлар бўйича қарздорликни онлайн назорат қилиб бориш механизми ишга туширилди.

Ўқув жараёнига боғлиқ энг асосий натижа масофавий таълим платформаси ва электрон баҳолаш тизими жорий этилди. Университет масофавий таълим платформаси (http://distant.tsul.uz) дунё бўйича эътироф этилган “Moodle” (объектга йўналтирилган динамик таълим муҳити) тизимида бўлса-да, ушбу тизим анча такомиллаштирилди. Жумладан, маъруза машғулотларини ўтказиш учун видеочат (Big Blue Button) ва “Zoom” дастурий воситаси, назорат ишларини топшириш ҳамда уларни антиплагиат тизимидан ўтказиш механизмлари интеграция қилинди, таълим платформасига 21 мингдан ортиқ электрон контентлар (видеомаъруза, аудио, электрон абаиётлар, казус материаллар) жойлаштирилди.

Шунингдек, баҳолаш жараёни ҳам тўлиқ шаффоф бўлиб, бунда назорат ишлари электрон тизим орқали топширилиши ва баҳоланиши йўлга қўйилди. Мазкур тизимда назорат ёзма ишлари талаба томонидан электрон шаклда топширилади, яъни тизимга юкланиб ундан сўнг автоматик равишда шифрланади ва тегишли кафедрага текшириш учун электрон шаклда жўнатилади. Кафедраларда мазкур ишлар профессор-ўқитувчилар ўртасида тақсимланиб тизимнинг ўзида текширилади, баҳоланади ҳамда қўйилган баҳо юзасидан шарҳ ёзилади, яъни нима сабабдан шундай баҳолангани ҳамда талаба қандай камчиликларга йўл қўйгани кўрсатилади. Текширилган ишнинг баҳоси ва ишга ёзилган тақриз талабанинг шахсий кабинетида кўринади.

Бундан ташқари унверситет электрон кутубхонаси ҳам ташкил этилиб унда 10 мингдан зиёд манбалар жойлаштирилди ва мавжуд адабиётларни тўлиқ рақамлаштириш ишлари давом эттирилмоқда. Ҳуқуқшунослар учун мўлжалланган WestLaw, LexisNexis ва JSTOR каби халқаро маълумотлар базасига уланиб, халқаро манбалардан фойдаланиш имконияти яратилди.

Бошқарув нуқтаи назаридан, рақамлаштириш университетларга ўз ресурслари ва академик дастурларини бошқаришни осонлаштиради. Масалан, рақамли воситалардан талабаларнинг ўқув жараёнини бошқариш, профессор-ўқитувчилар ва ходимлар фаолиятини кузатиш ва ресурсларни самарали тақсимлаш учун фойдаланиш мумкин.

Шу ўринда, Тошкент давлат юридик университетидаги рақамлаштириш ишлари давом эттирилиб, мустақил университет электрон бошқарув тизими (E-University), талабаларнинг автоматик махсус камералар орқали давомат тизими жорий этилиши устида иш олиб борилмоқда.

Таъкидлаш керакки, ҳозирги вақтда талабалар олдингиларга қараганда ниҳоятда фарқ қилади. Эндиликда уларнинг замонавий талаблари ва эхтиёжлари мавжуд бўлиб, замонавий олий таълим хизматини кўрсатувчилар уларга муносиб бўлишлари лозим. Бугунги кунга келиб, замоннинг асосий талабига кўра таълим ташкилотлари, айниқса олий таълим ташкилотлари ўз фаолиятини ривожлантиришда қуйидаги каби янги технологияларга таяниши лозим: мослашувчан ўқитиш, сунъий интеллект, UX-дизайн, виртуал ёки кибермакон, кенгайтирилган воқелик. Шу ўринда, олий таълим ташкилотлари босиқма-босқич “Университет 4.0”, айрим ҳолларда “рақамли университет” ёки “ақлли университет” дея тавсифланувчи концепцияга ўтиши зарур.

Демак, замонавий рақамли университет талабаларга ва ўқитувчиларга ўқитиш жараёнини ва коммуникацияларни ташкиллаштириш, бюрократиядан холи автоматлаштирилган рақамли қайд ва таҳлил қилиш, индивидуал таълим траекторияларини саводли тузиш, юзага келиши мумкин бўлган муаммоларга тезкорлик билан муносабат билдиришга ёрдам берадиган қулай имкониятлар ва хизматлар тақдим қилиши лозим.

Моҳиятан, замонавий университетнинг барча боғлиқ жараёнлари рақамли технологиялар асосида барпо қилиниши лозим. Бу абитуриентлар билан ишлаш, ўқув жараёни ва таълим сифатининг таҳлилидан бошлаб битирувчиларнинг ишга жойлашиши мониторинги ва ишда кўтарилиш билан тугайдиган катта ҳажмдаги маълумотларни бошқаришга ўтишни талаб қилади.

Бугунги кунда мамлакатимизда тизимли ва изчил равишда олиб борилаётган таълим соҳасидаги ислоҳотлар ўз натижасини кўрсатмоқда, университетларимиз академик ва молиявий мустақилликка эришди, ўзининг мақсад ва вазифаларини белгилаб, замон талабларига мослашиш ҳамда бугунги кун ва келажак учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш имкониятига эгадир. Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг шу аснода давом эттирилиши, таълим ташкилотлари томонидан қабул қилинган қонун ва қонуности ҳужжатлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан кўрсатиб ўтилган олий таълим тизимидаги устувор вазифалар ижроси сифатли таъминланиши мамлакатимизда таълимнинг юқори чўққиларга чиқишига ва энг асосийси ёшларимиз халқаро миқёсда рақобатбардош бўла оладиган юқори малакали кадр бўлиб етишишига хизмат қилади.

Исламбек Рустамбеков
Тошкент давлат юридик университети ректори в.в.б.
юридик фанлар доктори, профессор


Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид