Авдийивка атрофидаги ҳаёт ва Донецк ўққа тутилиши. Уруш суратлари
Украинада урушнинг 398-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Дмитрий Песков россиялик мулозимларни Украинадаги уруш узоқ чўзилиши ҳақида огоҳлантирган. The Guardian нашри манбага таяниб ёзишича, президент матбуот котиби бу ҳақда 2022 йил декабр ойи охирида юқори мартабали россиялик амалдорлар билан кечки овқат маҳалида айтиб ўтган.
- Россия бюджетининг махфий харажатлари 2,4 триллион рублга етган — бу 2022 йилнинг шу давридагига нисбатан икки баробар кўпроқ. Экспертлар буни уруш ва аннексия қилинган ҳудудлар учун харажатлар ортиши билан боғлаган.
- Новая Москвада «Слава Украине» ёзуви битилган қўлбола дрон парчалари топилди. Россия томони ҳам, Украина ҳукумати ҳам бу маълумот юзасидан муносабат билдирмади.
- Politico маълумотига кўра, Хитой Россияга зирҳли нимчалар ишлаб чиқариш учун таркибий қисмлар юборган — бу импорт Россиянинг 2022 йил февралидаги босқинидан аввал амалга оширилган ва бундай нимчаларнинг айримлари Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар ҳудудида топилган.
Фронт бўйидаги Авдийивка атрофидаги қишлоқлар ҳаёти
Авдийивка — Россия томонидан босиб олинган Донецк атрофидаги шаҳарча. 2014 йилдан буён фронт чизиғи Авдийивка яқинидан ўтади. 2022 йил февралида кенг кўламли уруш бошлангач, шаҳар доимий зарбалар остида қолди.
Россиянинг Донецк областида 2023 йил январида бошланган юриши давомида Авдийивка учун жанглар қайтадан бошланди — ҳозирда шаҳар РФ қўшинлари томонидан ярим қуршовга олинган, Америкадаги Урушларни ўрганиш институти (ISW) Украина мудофаа кучларига таяниб хабар қилишича, шаҳар атрофида турган кучлар орасида «Вагнер» ХҲК ёлланма жангчилари ҳам бўлиши мумкин. Бундан ташқари, Авдийивка ва унинг атрофидаги ҳудудлар бир неча ҳафтадан буён тизимли равишда ва ҳар куни авиациядан бомбардимон қилинмоқда.
Авдийивкадан бир неча километр шимоли-ғарбда Семеновка қишлоғи жойлашган — қуйида Украинанинг нисбатан хавфсиз ҳудудларига кета олмаган ва уйида қолган аҳоли ҳаёти акс этган суратлар.
Донецк ўққа тутилиши оқибатлари
27 март тонгида Украина қуролли кучлари Россия қўшинлари томонидан босиб олинган Донецк шаҳрини ўққа тутди. Кремл томонидан тайинланган маҳаллий расмийлар ракета зарбаси ҳақида фақат бир кун ўтиб хабар беришди. Уларнинг тасдиқлашича, зарба оқибатида тинч аҳоли вакилларидан уч киши яраланган. Зарба ҳақида украин нашрлари ҳам хабар беришган, аммо Украина қуролли кучлари ҳам, мамлакат ҳукумати ҳам бу маълумот юзасидан изоҳ бермаган. Қуйида Донецкда ушбу зарба оқибатлари акс этган суратлар.
Бахмут атрофидаги украин аскарлари
«Вагнер» ХҲК жангчилари катта эҳтимол билан Бахмут шимолида металлар қайта ишланувчи АЗОМ заводини эгаллаган ва шаҳардаги позициясини мустаҳкамлашда давом этмоқда — бу ҳақда ISW 26 март куни тармоқда пайдо бўлган видеога асосланиб ёзмоқда, видеода РИА Новости мухбири завод ҳудудида эркин ҳаракатланаётгани акс этган. ISW таҳлилчилари тахмин қилишича, «Вагнер» кейинроқ Бахмутнинг ғарбий қисмини ҳам назоратга олиш учун шаҳар марказидаги позицияларини мустаҳкамламоқда.
Украина қуролли кучлари бош штаби сўнгги сводкасида Бахмутдаги вазият тафсилотларини келтирмаган, аммо украин ҳарбийлари «шаҳарни мардонавор ушлаб тургани ва рақибнинг кўп сонли ҳужумларини қайтараётгани»ни маълум қилган. Володимир Зеленский Associated Press учун интервьюсида агар Украина Бахмут учун жангни бой берса, Владимир Путин «қон исини олиши» ва «босимни кучайтириши», шунингдек «бу ғалабани Ғарбга, ўз жамоатчилигига, Хитойга, Эронга сотиши», украин жамоатчилиги эса «чарчоқни ҳис қилиши» ва «[ҳукуматни] [Россия билан] муросага ундаши»ни айтди.
Қуйида Украина қуролли кучларининг Бахмут атрофидаги позициялари акс этган суратлар.
Мавзуга оид
21:05 / 10.11.2024
Фронтдаги вазият: Россия ҳарбийлари Курск областида қарши ҳужумга тайёрланмоқда
20:11 / 10.11.2024
Россия Курск областига ҳужум учун 50 минг кишилик қўшин тўплади — NYT
19:02 / 10.11.2024
The Guardian: Буюк Британия ҳукумат алмашганидан кейин Украинага ракеталар етказишни тўхтатди
13:30 / 10.11.2024