Спорт | 17:40 / 29.03.2023
27701
1 дақиқада ўқилади

Жавоҳир Синдаров «Рустам Қосимжонов халқаро турнири» ғолиби бўлди

Тошкентда соврин жамғармаси 70 минг доллар бўлган халқаро турнир якунланди.

Фото: Uzbekistan Chess Federation

Истеъдодли шахматчи Жавоҳир Синдаров 6,5 очко жамғарган ҳолда Ўзбекистонда илк бор ташкил этилган «Рустам Қосимжонов халқаро турнири»нинг «Мастерс» гуруҳида ғолибликни қўлга киритди.

Эронлик шахматчи Пархам Мақсудлу 6 очко билан 2-ўринни, ўзбекистонлик Шамсиддин Воҳидов 5 очко жамғарган ҳолда учликка якун ясади.

Ушбу гуруҳда ғолибликка асосий даъвогар саналган ўзбекистонлик гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов кучли бешликдан ўрин олди.

Халқаро турнирнинг «Челленжер» гуруҳида ўзбекистонлик Ортиқ Неъматов ва сербиялик Александар Инжич 6,5 очкога эга бўлишди. Аммо, коэффицентлар эвазига сербиялик шахматчи 1-ўринни, ҳамюртимиз 2-ўринни эгаллади.

Рустам Қосимжонов ўзбек шахмати тарихидаги энг номдор спортчи саналади. У халқаро гроссмейстер, 2004 йилда ФИДЕ талқини бўйича жаҳон чемпиони бўлган. Унинг номи билан аталган турнир Ўзбекистонда биринчи марта ўтказилди. Мусобақа соврин жамғармаси 70 минг долларни ташкил этди.

Мавзуга оид