Жамият | 13:28 / 29.03.2023
39876
6 дақиқада ўқилади

Умра зиёрати: кўзга кўринмайдиган жиҳатлар ҳақида 10 та маслаҳат

Ўзбекистондан ҳар куни минглаб зиёратчилар умра сафарига йўл олишаётгани жуда қувонарли. Бу зиёратнинг диний томонларини уламолар батафсил тушунтириб беришган. Биз сафарнинг маиший жиҳатларига тўхталиш ниятидамиз.

1. Кексаларни ёлғиз юборманг

Юртдошларимиз энг кўп қилаётган хато – кекса, бемор ота-оналарини ёлғиз жўнатиб юбораётганлари. Айниқса жуда кўпчилик Ўзбекистондан умуман чиқмаган, самолётга бирор марта минмаган қарияларга йўлланма олиб беришади ва шу билан ҳаммаси битади, деб ўйлашади. Ишонинг, умра зиёрати истироҳат боғидаги сайр эмас ва унинг маълум машаққатлари борки ҳатто ёшлар ҳам чарчаб қолишади. Элликбоши, танишлар, ўша ердаги хизматчилар ёрдамига суянишни ўйлаш ҳам катта таваккалчиликдир. Кўпинча бегона сафардошлар кўнгиллари бўлмай кўмак беришади. Аммо бу ўзи ҳам ибодатга борган кимгадир ортиқча ташвиш туғдириш.

2. Шамоллаб қолиш деярли аниқ

Яна бир жиддий муаммо: деярли ҳамма оддий тилда айтганда шамоллаб қолади. Жуда кўпчиликни йўтал тутади. Ҳароратнинг кескин ўзгариши, бинолар ва транспортдаги ўта кучли кондицонерлар, муздек сувни кўп ичиш, вирусли касалликлар ва вақтида тиббий ёрдам олмаслик ўз ишини қилади. Эҳтиётингизни қилинг, ниқоб тақиб юринг, ўзингиз билан бирламчи зарур дориларни ватандан чиқмасдан туриб оволинг.

3. Қандай кийимлар керак бўлади?

Негадир юртдошларимиз, айниқса аёллар жуда кўп кийим-кечаклар кўтариб боришади ва ҳар доим бунинг учун афсусланишади. Маккаю-Мадинада совуққотиш жуда қийин. Бир нечта енгил кийимлар кифоя. Фақат ич кийимлар, эркаклар учун футболкалар ёки енгил кўйлакларни кўпроқ олиш зарар қилмайди.

4. Бола йиғисига “аллергияси” борлар, тоқатли бўлинг

У томонларда намозга болаларни, ҳатто эмизикли чақалоқларни олиб бориш оддий ҳолат. Кўпчилик оилавий боришади ва гўдакларини кўтариб юришади. Ибодат вақтида камида уч тарафдан боланинг чинқириб йиғлагани эшитилиб туради ва бу бизникиларни асабийлаштиради. Кенгроқ бўлинг, одатланмаган ҳолатимиз бошқалар учун оддий кўринади.

5. Ногиронлик аравасидан соғлар ҳам фойдаланади

Бизда ногиронлик аравасидан фақат ногиронлар ёки ўзи ҳаракатлана олмайдиган кексаларгина фойдаланиши мумкин, деган тушунча мустаҳкам. Аммо у томонларда ота-оналар ёш болаларини, чарчаган ёшлар бир-бирларини аравага ўтқизиб учиришлари оддий ҳолат. Маълум масофани аравачада юриб, кейин тушиб югуриб кетганларни кўриб ҳайратда қолманг. Зарур бўлса, чарчасангиз ўзингиз ҳам аравачадан ёки ихчам стуллардан фойдаланишингиз мумкин.

6. Бировнинг ибодатига аралашманг

Маккаю-Мадина ўз номи билан бутун дунё мусулмонлари интиладиган маскан. У ерда турли хил мазҳаблар вакиллари бўлади. Айрим ватандошларимиз уларнинг намоз ўқишларидаги фарқни кўриб, ҳатто намоздан тўхтаб қараб қоладилар ва қилган хатоларини тушунтирмоқчи бўладилар. Унутманг, ҳар бир мазҳаб ўзини ҳақ деб ҳисоблайди. Шунингдек, аёллар эркаклар билан бир сафда туриб олиши ҳам кўп кузатилади. Соқчилар ажратишга уринишади, аммо ҳар доим ҳам улгурмайдилар. Сиз ўзингиз билганингиздек ибодат қилаверинг, бошқаларга эътибор берманг.

7. Исрофдан тийилинг

Алоҳида мавзу – овқатланиш. У ерларда овқат истаганча берилади, салатлар, нон, ширинликларни хўранда ўзи танлаб олаверади. Мана шу ерда ватандошларимиз бироз хижолат қилишади. Ортиқча овқатлар, нон, ширинликлар билан дастурхонни тўлдириб ташлашади ва бу егуликларнинг кўп қисми қолиб кетади. Ишчилар эса уларни аёвсиз чиқитга ташлашади. Ҳатто нонни ҳам. Чунки нонни эъзозлаш тушунчаси бизнинг ҳудудларгагина хос, у ёқда кўчаларда сочиб ташлашганига ҳайрон бўлманг.

8. Адашиб қолмаслик учун...

 Биринчи кунданоқ ўзингиз ва жамоангиз масжидга қайси йўлдан келиб кетишини, автобус жойлашувини аниқ ўрганиб олинг. Ким билан учрашишингиз керак бўлса, “Катта соатнинг тагида”, “Зам-зам суви ёнида”, “Таҳоратхонага киришда” дея ориентир белгилаш иш бермайди. Вақти келса бирга кетаётган 3 метр радиусдаги одамни тополмай қоласиз. Алоқа ҳам кўнгилдагидек эмас ва одатда намоз олдидан бутунлай ўчиб, анча вақт ўтиб ёнади.

9. Олдиндан рўйхатдан ўтмай туриб равзага кира олмайсиз

Мадина шаҳрида Пайғамбаримиз (с.а.в.) равзаларига кириш истагида бўлганлар ҳаддан ташқари кўп бўлгани учун эркакларга махсус илова орқали кириш йўлга қўйилган. Мадинада бўлиш кунларингизга кўра Nusk иловасини юклаб олинг ва ўзингизга қулай вақтни белгилаб, рўйхатдан ўтиб қўйинг. Ҳозир текшириш жуда жиддий бўляпти ва олдиндан рўйхатдан ўтмаган ёки сохта QR код билан келганлар аёвсиз қайтариляпти. Одатда бу ишни сиз учун турфирмалар зиммасига олади. Шу боис равзага кириш учун рўйхатдан ўтганмисиз ёки йўқми, буни сафарга кетишдан олдин хизмат кўрсатувчи турфирма вакилидан сўраб аниқлаштириб олинг.

10. Ўзбек сўми ишлайдиган бозор

Макканинг жуда кўп савдо нуқталарида, айниқса бизникилар кўп борадиган “Какия” бозорида (“Ўзбек бозори” деб ҳам номлаб олинган) Ўзбекистон миллий валютаси – сўм бемалол қабул қилиняпти. Сотувчиларнинг аксарияти ўзбек (туркий) тилни ўрганиб олишган ва маҳсулот баҳосини сиз истаган валютада айтиб беришади. Савдолашинг, тортишинг, айби йўқ – чегирмалари яхши.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид