Ўзбекистон | 17:38 / 02.04.2023
15565
11 дақиқада ўқилади

“Жонлантириш бўлимидаги миллат” — Ўзбекистонда китобхонлик нега ортга кетмоқда?

Кеча, 1 апрел – ҳазил ва болалар орасида ўзаро “ёлғон” куни эди. Бугун эса 2 апрел. Бу кун шоир Усмон Азим таъбири билан айтганда, “ростлик”, “ҳақиқат” куни. Ўқирманлар учун маълумот, шоирнинг “2 апрел” номли назмий китоби ҳам бор. Ўша жойда бугунги кун ростлик, ҳақиқат куни сифатида таърифланади.

Кун ҳақида гап кетаркан, 2 апрел бутун дунёда Халқаро болалар китоби куни сифатида ҳам нишонланади.

Kun.uz мухбири ана шу – жамиятда гарчи эшитилишидан зерикарли бўлса-да, лекин мазмунан жуда муҳим ва бугун деярли барча муаммоларимизнинг туб илдизи бўлган – болалар китоби, китобхонлиги, Ўзбекистонда бу йўналишнинг аҳволи ҳақида соҳа вакиллари билан интервю ўтказди.

Интервю меҳмонлари – ношир Санжар Назар, собиқ "Камолот" ЁИҲ Марказий кенгаши раиси, бу лавозимда “Камолот кутубхонаси” рукни остида 100 номдаги минглаб китоблар чоп этилишига бош қош бўлган Баҳодир Ғаниев ва болалар ёзувчиси Саъдулло Қуръонов бўлди.

— Ўзбекистонда бугун болалар китобхонлиги қандай аҳволда? Ўзбек болалари дунё болалари билан солиштирганда кўп ўқияптими, камми ё жуда камми?

Санжар Назар:

— Китоб ўқиш даражамизни ривожланган, ўқийдиган давлатлар болалари билан таққосласак, деярли йўқ деса ҳам бўлади, чунки жуда кам. 2022 йилда болалар учун яратилган асарларни санайман десангиз, битта қўл бармоқлари ҳам ортиб қолади. Таржимада ҳам шу ҳолат. Айнан бадиий адабиёт томонидан аҳволимиз жуда ёмон. 2022 йилда Ўзбекистонда биринчи марта 3 ёшдан бошлаб ўқиш мумкин бўлган (3+) китоб чоп этдик 3000 ададда, шундан бор-йўғи 600 тачаси сотилди. Шундан ҳам билиш мумкин аҳволимизни.

Баҳодир Ғаниев:

— Болалар адабиётини умумий адабиётдан ажратиб муҳокама қилишнинг фойдаси йўқ, гап умумий адабиёт ҳақида кетиши керак. Ростдан ҳам бизда китобхонлик даражаси жуда паст. Бадиий адабиётга эҳтиёжни шу китобларнинг савдоси билан ўлчаса бўлади. Масалан, Ўзбекистонда 37 млн аҳоли яшайди. Хўш, шунча одам бор экан, Ўзбекистонда йилига қанча бадиий адабиёт сотилади, деган савол бор. Жавоб: 1 миллионта ҳам сотилмайди. Ривожланган давлатлар ичида АҚШда китобхонлик даражаси унчалик юқори бўлмаса ҳам йилига 300 млн аҳоли 400 миллионта бадиий китоб сотиб олади (фақат бадиий адабиёт сони).

“Камолот”да ишлаб юрганимда “Камолот” кутубхонаси” лойиҳасини қилганмиз ва 100 та энг сара ўзбек ва жаҳон бадиий адабиётларини шакллантирганмиз. Шунда бир катта мансабдор (исмини ошкор қилмай) «Одамлар ўқимаса, нима қиласан китобни кўпайтириб?» деган гапни айтган. Яна рус тилида адабиёт етарли-ку, бизда ҳамма рус тилини билади, деган гапни ҳам айтган. Биздаги давлат тизимининг асосий бошқарувчилари рус мактабларда ўқиган ва адабиёт муаммоси йўқ ўзларида. Шунинг учун улар тушунмайди бу муаммони.

Саъдулло Қуръонов:

— «Жажжи академик» журналида бош муҳаррир бўлиб ишлаганимда «хориждаги тенгдошим» рукни бўлар эди. Шу рукнда «Таътил вақтида мингта китоб ўқиган бола» сарлавҳали мақола чиқарганмиз. Бу худди ёлғондек туюлади, лекин 8-9 яшар қиз мингта китоб ўқиган эди таътилда. Яқинда бир танишим ҳам Германияга борганда, ўша ерда яшайдиган жияни бир ҳафтада 27 китоб ўқиганини айтиб берди. Китоб деганда, қалин китобни тушунмаслик керак, ёш болалар учун китоблар кам ҳажмли бўлади. Таққосласак, бизда болалар китобхонлиги анча паст.

— Аслида китобхонлик даражаси қандай экани билан ҳар қандай жамиятнинг томир уриши, у ердаги сиёсий бўлсин, иқтисодий бўлсин аҳволини билиш мумкин. Бу бир барометр. Шунинг учун ҳам бу саволга жавоб бериш давомида сизлардан асл касбингизга қўшимча қилиб, табиблик, шифокор бўлиб бериш талаб этилади. Малакали шифокор.

Касаллик симптомлари: Биз китобхон миллат эмасмиз, болалар, ёшлар, инсонлар кўп ўқимайди.

Хўш, бу қандай дард, ташхиси нима, унинг келиб чиқиш сабаблари қандай? Тирик қолиш, яшаб кетишимизга умид борми?

Баҳодир Ғаниев:

— Ҳаракат қилинса, натижа бўлади. Ҳар қандай вазиятдан чиқиб кетиш мумкин. Китобхонлик — халқ савиясининг барометри. Халқ қанча савияли бўлса, шунча кўп китоб ўқилади ва ўша давлат шунчалик ривожланган бўлади.

Сабабларга қарайдиган бўлсак, мустақиллик даврида бу масалага умуман эътибор берилмаган. Совет иттифоқи даврида кўпроқ китоб ўқишган. Ҳозирги нодир классик асарларнинг ҳам аксарияти ўша даврда таржима қилинган. Лекин чекланган миқдорда, идеологияга тўғри келадиган улар ҳам, ҳамма рус тилига таржима қилинган жаҳон адабиётлари ҳам ўзбекчага таржима қилинмаган.

Яна бир сабаби бизда зиёли қатлам шаклланишига йўл қўйилмагани собиқ иттифоқ даврида, мустақиллик даврида эса омил бўлмаган. Таълим сифати паст жойда катта зиёли қатлам шакллантириш қийин. 90-йилларнинг асосий таъсир қилган омилларидан бири интеллектларнинг қадрланмаслиги бўлди. Ва ўша авлодда шу тушунча сингиб қолди. Ҳозир бу тушунча ўзгаряпти. Буни тўғрилаш учун кўп йиллар давомида давлат маълум бир қадамларни босиши керак.

Биринчи навбатда китоблар етарли миқдорда ва турда бўлиши керак. Ҳар қандай жамиятда китобхонлик оиладан, таълим муассасаларидан бошланади. Биз оиладан бошлолмаймиз айни вақтда, чунки кап-катта одамни бирдан китобхон қилиб қўёлмаймиз. Таълим муассасаларидан бошлашимиз мумкин. Бизда таълим даргоҳларининг кутубхоналари жуда камбағал. Бадиий адабиётлар деярли йўқ, фақат қўлланмалар, дарсликлар бор. Кутубхоначиларнинг эса ойлик маоши ҳам, савияси ҳам паст, улар болаларни тарғиб қилолмайди. 90 фоиз ўқитувчилар эса бадиий адабиёт ўқимайди. Бу ҳолатда бутун бошли қандайдир миллий дастур қилиш мумкин. Ўзи ўқимаса ҳам, болаларни қизиқтириш йўлларини ўргатиш керак ўқитувчиларга. Ота-оналарни ўқитолмаймиз, лекин ўқувчиларни шунга ўргатиш имконияти бор. Кутубхоначиларни қайта тайёрлаш, мактаб кутубхоналарининг бадиий адабиёт қисмини қайта тиклаш мумкин. Ҳеч бўлмаса туман кутубхоналари бўлиши керак.

Дунё бўйича йилига 1 млнта янги китоб чоп этилади умумий. Шулардан саралаб, энг яхшилари таржима қилинмайди давлат томонидан. Хусусий нашриётлар 10-20 тасини қилаётган бўлиши мумкин. Катта халқ учун жуда кам бу.

Санжар Назар:

— Бир неча йилдан бери такрорлаб келинадиган бир жавоб бор: жамият мавқе жиҳатдан қўйиладиган мезонларни китоб ўқиш билан белгиласа, китобхонлик ҳам шунчалик ўсиб боради. Яъни жамиятга китоб ўқиган одам омадли одам деган аксиома сингиши керак.

Ҳозир айнан болалар адабиётида яхши, сифатли китоб ёзишнинг ўзи имконсиз. Чунки болалар адабиёти болалар учун истеъмолдаги сўзлар рўйхатидан шаклланиши керак. Турли ёшдаги болалар учун тушунарли сўзлар банкини тузиб чиқишимиз керак ёзувчиларга тавсия сифатида. Китобнинг 75-80 фоизи ўша тушунарли сўзлардан ташкил топиши керак. Бу нарса инглиз, немис тиллари учун ишлаб чиқилган. Илк қўйишимиз керак бўлган қадамлардан бири шу. Аҳволимиз оғирлиги ҳам шунда. Бу маънода биз касалхонанинг жонлантириш бўлимидамиз.

Энг кўп ёқилғи сотадиган давлатнинг йиллик даромади 113 млрд экан, Ҳиндистон эса 130 млрддан ошиқроқ маблағга IT маҳсулоти сотар экан. Ўтган йили ва ундан олдинги йилларда Ҳиндистон китоб ўқиш бўйича дунёда биринчи ўринларда туради. Хитой худди шундай. У ерда китобхонлик шу қадар жиддий эътибор остидаки, давлат томонидан бевосита назоратга олинган. Чунки Хитой мамлакат сифатида, дунёдаги куч сифатида келажаги шунга боғлиқ эканини англаган. Биринчи маъмурият даврида болалар китоблари ҳар қандай солиқлардан озод бўлган. Бизда ҳам иккинчи маъмурият бошида шу нарса қилинди, лекин яна бекор бўлди. Шу пайтда сал кўтарилди китоб соҳаси.

Гёте институтида олмониялик ноширлар билан суҳбатлашдик. Германияда мингдан ортиқ нашриёт бор, 100 дан ортиғи фаол нашриётлар, шулардан 70 тасига йил бошида стипендия беради. Ҳар бир нашриёт шу стипендияга эришиш учун фаол ҳаракат қилади. Лекин улар ҳам ноширлар бой бўлиб кетмайди, деб айтишди. Демоқчиманки, имтиёзлар, рағбатлар жудаям керак бизга. Дейлик, болалар учун жуда яхши асар ёза оладиганлар ўзбек зиёлилари ичида 100 та бор. Давлат ҳар йили 100 минг ададда энг яхши болалар учун китобни чиқариш бўйича танлов эълон қилса, соҳа ўз-ўзидан ривожланади. Ношир ҳам, ёзувчи ҳам фойда қилади, қизиқади кейин шунга. Ҳозир Саъдулло Қуръоновнинг 3 минг ададда чиққан китобидан 300 таси сотилган, у нашриётдан яхши гонорар ололмайди бу ҳолатда. Савия жиҳатдан жуда яхши асарлар бор, уларнинг ҳам тақдири шундай.

Саъдулло Қуръонов:

— Болалар адабиётининг бу аҳволда эканига муҳим сабаблардан бири таълимга бориб тақалади. Охирги 20-25 йилда таълимга энг катта зарар келтирган тест тизими деб ўйлайман. Нима учунки, бу тизим фақат хотирани баҳолайдиган тизим. Бу омил бадиий асарга эстетик манба сифатида қарашни йўқотди. Яъни биз ўқувчилардан ёзувчи таржимаи ҳолини, асардаги қаҳрамонлар, жой номини сўраяпмиз. Боланинг асарни тушунганлик даражаси баҳоланмаяпти. Ҳатто буни баҳолайдиган мезонларимиз ҳам йўқ. Билимни ҳаётга татбиқ этишга қаратилганда эди, ҳозирги ўқувчи ёдлашдан кўра уқишга ҳаракат қиларди. Ва ўз-ўзидан жамиятда яхши китобга эҳтиёж бўлар эди. Бола асарга эстетик объект сифатида қарамаяпти.

Санжар ака айтгандек, болалар адабиётида ёш категорияси ва тили жуда муҳим нарса. Агар асар тили тушунарли бўлса, бола шуни ўқийди. Биз ҳозир ўзимиз билмаган ҳолда 8 ёшли болага 15 ёшли боланинг китобини бериб қўяётгандирмиз. Чунки китобнинг бола ёшига мослигини баҳолайдиган мезонларимиз йўқ. Биринчи қилинадиган иш: адабиётшунослар, тилшунослар, психологлар жамоаларини йиғиб асар тили масаласини кўриб чиқиш ва шакллантириш керак.

Интервюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Мавзуга оид