Жаҳон | 18:22 / 03.04.2023
7984
4 дақиқада ўқилади

Ҳаагадаги махсус трибунал: Косово собиқ президенти айбловларни рад этди

Фото: Reuters

Ҳошим Тачи уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар бўйича айбловларни рад этди. Косово собиқ президенти Ҳаагадаги махсус трибунал олдида чиқиш қилди.

Косово собиқ президенти Ҳошим Тачи уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар бўйича айбловларни рад этди. У 3 апрел, душанба куни Ҳаагадаги махсус трибунал олдида нутқ сўзлади.

«Мен айблов хулосасини тушуняпман ва ўзимни мутлақо айбсиз деб биламан», деди Тачи.

Гап ўнта айбловлар ҳақида боряпти - 1998-1999 йилларда одамларни таъқиб қилиш, қотиллик, қийноқлар ва зўрлик билан йўқ қилиш, дея таъкидлади Reuters агентлиги.

Тачидан ташқари, Косово Демократик партияси собиқ раиси Кадри Весели, парламент собиқ раиси Якуп Красничи ва Косово парламентидаги энг йирик «Ўзликни англаш» (Vetëvendosje!) партияси фракцияси собиқ раҳбари Ражаб Салимийга ҳам айбловлар қўйилди. 

Уларнинг барчаси 1998-1999 йиллардаги урушда Сербия армиясига қарши курашган собиқ Косово озодлик армиясининг (КОА) юқори мартабали вакиллари эди. 

Халқаро судьялар ва прокурорлар томонидан олиб борилаётган суд жараёни айблов томонининг баёнотлари билан бошланди. Шундан сўнг ҳимоя томони ва жабрланувчилар кенгаши вакили сўзга чиқади. Косоводаги ҳарбий жиноят ишида жами 9 киши айбланмоқда. 

Эшитувлар бўлиб ўтган бино олдида намойишчилар собиқ президентни қўллаб-қувватлаш учун тўпланишди. 

Тачи махсус трибунал олдида жавоб бераётган биринчи косоволик юқори мартабали сиёсатчидир. 

Ҳошим Тачи 2020 йил ноябрида Ҳаагадаги прокурорлар айбловлар қўйганидан кўп ўтмай, президентлик лавозимини тарк этди. Кейин у ҳибсга олиниб, судга тортилди. Камида икки йил давом этиши кутилаётган суд жараёнида 300 дан ортиқ киши гувоҳлик бериши кутилмоқда. 

Косоводаги уруш натижасида 13 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди, кўплари ҳали ҳам бедарак йўқолган сифатида рўйхатда турибди. Қуролли можаро НАТОнинг Сербияга ҳаво зарбалари берилганидан кейин тугади. Кейинчалик Косово Сербиядан ажралиб чиқди ва бир томонлама равишда Белграддан мустақиллигини эълон қилди. 

Косово бўйича махсус трибунал 2016 йилда халқаро ҳамжамият босими остида тузилган. Расмий равишда у Косово адлия органларининг бир қисмидир, аммо ундаги барча лавозимларни фақат чет эл судьялари ва прокурорлари эгаллайди - жиноий таъқиб қилишда кўпроқ мустақилликни таъминлаш учун. Трибунал 1998 йил бошидан 2000 йил охиригача Косовода содир этилган уруш жиноятлари, инсониятга қарши жиноятлар, қийноқлар ва мажбурий кўчириш ҳолатларини текшириши керак. 

Швейцариялик прокурор Дик Мартининг 2011 йилдаги ҳисоботи Косово бўйича махсус трибунални яратиш учун муҳим туртки бўлди, унда Тачи ва Весели серблар, лўлилар ва албанларга қарши уруш жиноятларини содир этганликда гумон қилинганлар рўйхатига киритилган. 

Ҳошим Тачи КОАнинг сиёсий раҳбари бўлган. Урушдан кейин у Косоводаги энг йирик сиёсатчилардан бирига айланди. Тачи ташқи ишлар вазири, бош вазир ва ниҳоят, энг ёш Европа давлатининг президенти лавозимида ишлаган. У Косово ва Сербия ўртасида 2005 йилда бошланган мулоқотда ҳал қилувчи рол ўйнади. 2013 йилда Тачи Сербия бош вазири Ивица Дачич билан биргаликда икки давлат ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш бўйича Брюссел келишувини имзолаган. Мутахассисларнинг фикрича, унинг бир қатор муҳим бандлари ҳалигача бажарилмаган. Косовода ҳозир Воса Усмоний президент ҳисобланади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид