Эронлик қори Қуръон мусобақасида 800 минг доллар ютди
Саудия Арабистонида дунёдаги энг йирик Қуръон ва азон танлови ўтказилди.
Саудия Арабистонида ўтказилган Қуръон тиловати ва азон мусобақасида маҳаллий ва эронлик қорилар биринчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда Al Arabiya хабар берди.
Жумладан, эронлик иштирокчи Юнус Шоҳмуродий Қуръон тиловати танловида биринчи ўринни эгаллаб, 800 минг АҚШ доллари (9,1 миллиард сўм) мукофотни қўлга киритди, Саудия Арабистони вакили Абдулазиз ал-Фақиҳ эса иккинчи ўринни эгаллади. Унга 500 минг доллар (5,7 миллиард сўм) топширилди.
Азон танловида Саудия Арабистони вакили Муҳаммад Аш-Шариф ғолиб бўлиб, 500 минг долларни қўлга киритди. Индонезиялик абитуриент қиз Диааддин бин Низориддин иккинчи ўринни эгаллаб, 267 минг доллар (3 миллиард сўм) ютиб олди.
Ғолибларга мукофотларни Саудия Арабистони Умумий кўнгилочар бошқармаси раиси Турки аш-Шайх топширди.
SPA хабарига кўра, мусобақанинг умумий мукофот жамғармаси 3 млн долларни (34,3 миллиард сўм) ташкил қилган.
Ушбу танлов энг йирик Қуръон тиловати ва азон мусобақаси сифатида Гиннесс рекордлар китобига киритилди.