Германия COVID-19 билан боғлиқ охирги чекловни бекор қилди
Германияда 8 апрелдан бошлаб тиббий амалиётлар, клиникалар ва қариялар уйларига ташриф буюрувчилар учун ниқоб тақиш мажбурий бўлмайди. Шу тариқа, SARS-CoV-2’га қарши кураш бўйича сўнгги чора бекор қилинди.
Германияда пандемия бошланганидан деярли уч йил ўтиб, COVID-19’га қарши кураш бўйича сўнгги умуммиллий чеклов бекор қилинди. 8 апрель, шанба кунидан бошлаб тиббий амалиётлар, клиникалар ва қариялар уйларига ташриф буюрувчиларнинг ниқоб кийиш мажбурийлиги тўхтатилди, деб хабар берди dpa агентлиги.
Илгари бошқа чекловлар босқичма-босқич бекор қилинганди. Хусусан, 2 февраль куни жамоат транспортида ниқоб тақиш бекор бўлди.
«Иттифоқ-90»/«Яшиллар» коалиция ҳукуматининг соғлиқни сақлаш бўйича эксперти Янош Даҳмен шундай деди: «Бироқ пандемиядан ҳимоя қилиш талабларининг бекор қилиниши коронавирус тугашини англатмайди». «Вазиятни эҳтиёткорлик ва синчковлик билан кузатиш келажакда инфекцияни назорат қилиш сиёсатининг муҳим қисми бўлиб қолади», дея қўшимча қилди у.
«Биз Германияда пандемия билан яхши, муваффақиятли курашдик», деди Федерал соғлиқни сақлаш вазири Карл Лаутербах 5 апрель куни Берлинда SARS-CoV-2’га қарши кураш бўйича чораларни расман тўхтатиб.
Лаутербах ўз нутқида ҳокимиятнинг хатти-ҳаракатлари бўйича танқидни рад этди. Вазир сўзларига кўра, умуман олганда, пандемияга қарши кураш стратегияси ишлаган ҳамда айнан «ақлли одамлар ва Германияда ёрдам беришга уринганлар қийинчиликларни енгиб ўтди». Шунга қарамай, бир қатор чоралар кўриш ортиқча эди, деди вазир. Унинг сўзларига кўра, мактабларда бундай узоқ танаффус қилишнинг кераги йўқ эди.
АҚШ президенти Жо Байден 2022 йил сентябрида коронавирус устидан ғалаба қозонилганини эълон қилди. COVID-19 пандемияси тугаган деб ҳисоблаш мумкин, деди у. «Бизда ҳали ҳам ковид билан боғлиқ муаммолар бор, биз бунинг устида ишлаяпмиз. Аммо пандемия тугади. Эътибор берсангиз, ҳеч ким ниқоб тақмаяпти. Ҳамма жуда яхши ҳолатда», деди у CBS’га интервьюсида.
Мавзуга оид
11:10 / 22.11.2024
Меркел мемуарида РФга нисбатан сиёсатини ҳимоя қилиб чиқди
13:43 / 21.11.2024
Германия Украинага навбатдаги ҳарбий ёрдам партиясини юборди
21:36 / 20.11.2024
Ford компанияси Германияда салкам 3 мингта иш ўрнини қисқартиради
19:34 / 20.11.2024