Жаҳон | 18:19 / 08.04.2023
24743
2 дақиқада ўқилади

Зеленский мусулмон ҳарбийлар билан ифторликда қатнашди

Украина президенти Володимир Зеленский мамлакат армиясидаги мусулмон ҳарбийлар билан ифторликда қатнашди. Бу ҳақда Украина президенти расмий сайтида хабар берилган.

Фото: president.gov.ua

Зеленский билан бирга ифторликда қримтатарлар Мажлиси етакчилари, Украина президент девони раҳбари Андрий Ермак ҳам қатнашди. Ифторлик Киев вилоятидаги «Birlik» қримтатарлар маданий марказида ўтказилди.

«Бугундан биз Украинада расмий даражада ифтор ташкил қилиш анъанасини йўлга қўямиз. Қримтатарлар Мажлиси вакиллари, ватанимиз мудофааси учун шай бўлган қаҳрамон мусулмон ҳарбийларимиз ва Украинадаги барча мусулмонлар билан бирга. Бу орқали Украина мамлакатдаги барча жамиятларни қўллашини кўрсатмоқчимиз. Украина ҳар бир инсонни қадрлайди.

Украина юртимиздаги ва бутун дунёдаги зулмдан ҳимояланишимиз учун жон куйдираётган барча мусулмонлардан миннатдор. Уруш ва қайғуга қарамай муқаддас Рамазон сизларга муборак бўлсин. Ифтор дунёнинг ҳар чеккасидаги мусулмонларга ҳаловат берсин. Дунёдаги улкан мусулмон жамоати доим бизга таяниши мумкин, чунки бизда ҳурмат ва бирдамлик бор», деди Украина етакчиси.

Зеленскийнинг айтишича, Россия айнан Қримни истило қилиш орқали Украинани қулга айлантириш ҳаракатини бошлаган: «Афсуски, ҳозир Қримда Россия байроғи остида зулм, хўрлаш, қотиллик ва уруш ҳукмрон. Аммо айнан зулм бошланган ўша ерларда бизни зулм устидан ғалаба кутмоқда. Қрим озод қилинади, бошқача бўлиши мумкин эмас», деган Зеленский ифтор олдидан нутқ сўзлар экан.

Мавзуга оид