Жаҳон | 12:56 / 11.04.2023
11225
1 дақиқада ўқилади

ISW: Кремль Евгений Пригожинни обрўсизлантиришга ҳаракат қилмоқда

Россия Ташқи ишлар вазирлиги ва «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожин ўртасидаги оммавий баҳс-мунозара Кремлнинг тадбиркорни обрўсизлантириш ҳаракатларининг давомидир. Бу ҳақда Америка урушни ўрганиш институти (Institute for the study of war, ISW) янги шарҳида айтилади. 

Фото: focus.ua

Таҳлилчиларга кўра, Россия ҳукумат идоралари Пригожиннинг жамоатчилик ёки сиёсий қўллаб-қувватловга эга бўлиш борасидаги ҳар қандай уринишининг олдини олишга ҳаракат қилмоқда. 

Тадбиркорнинг ўзи «ўзини ташқи сиёсатга таъсир ўтказа оладиган давлат арбоби сифатида кўрсатишга» уринмоқда, шунингдек, Россиянинг Украинадаги ҳаракатларида «Вагнер гуруҳи» кучларининг ролини бўрттириб кўрсатмоқда, дейди ISW экспертлари. 

Пригожин 7 апрель куни ТИВнинг Африкадаги фаолиятини танқид қилиб, ХҲК Ташқи ишлар вазирлиги ва минтақадаги бошқа давлат идоралари билан ҳамкорлик қилишда «катта қийинчиликларга» дуч келаётганини айтди. 

Бунга жавобан ТИВ БМТ Хавфсизлик кенгашидаги бир қатор тадбирлар Африка кун тартибига бағишланганлигини таъкидлади. 

Бироқ тадбиркорнинг айтишича, ТИВ томонидан муҳокамага таклиф қилинган мавзулар «энг ўткир ва муҳим муаммоларни ҳал этмайди». 

Мавзуга оид