Ўзбекистон | 08:32 / 11.04.2023
5023
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда «Тоза ҳаво» ойлигига старт берилди

Кеча, 10 апрелдан республикада «Тоза ҳаво» ойлиги тадбири бошланди. Табиат ресурслари вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари билан биргаликда ўтказиладиган тадбирдан мақсад мамлакатда автотранспортлар ташламаларини камайтиришдир.

Фото: Kun.uz

Таъкидланишича, сўнгги йилларда ишлаб чиқариш корхоналари, автомобиллар сонининг кўпайиши атмосферага чиқарилаётган ташламалар миқдорининг сезиларли ортишига сабаб бўлмоқда. Бу республикада, айниқса, Тошкент шаҳрида ҳавонинг ифлосланиш даражаси ошишига хизмат қилмоқда.

2022 йил якунига кўра, ҳаво ифлосланиши бўйича халқаро ҳаво индекси рейтингида Тошкент шаҳри 20-ўринни эгаллаган.

Бугунги кунда республикада 4 млнга яқин автотранспорт воситалари мавжуд бўлиб, шундан 100 мингтаси носоз ҳисобланади. Улардан атмосферага бир йилда ўртача 1,3 млн тонна зарарли ташламалар ташланади, бу умумий ташламаларнинг 63,0 фоизини ташкил этади (ушбу кўрсаткич Тошкент шаҳрида 88 фоизга тенг).

«Транспорт воситалари сонининг кундан-кунга ортиши натижасида ташламалар миқдори 2022 йилда 2021 йилга нисбатан 26 минг тоннага кўпайган. Бунга фойдаланиладиган ёқилғи турининг сифати, аҳолининг жамоат транспортларидан етарли даражада фойдаланмасдан, ўз автотранспорт воситаларида юришлари, автоулов эгаларининг ўз автотранспортларининг техник созлигига етарли даражада эътибор қаратмасликларини асосий сабаблар сифатида келтириш мумкин», — дейилади Табиат ресурслари вазирлиги хабарида.

Тадбир давомида республиканинг барча ҳудудларидаги йўл-патруль масканларида, вилоят, туман (шаҳар)лар марказий кўчаларида бензин, дизель, табиий сиқилган ва суюлтирилган газда ҳаракатланадиган автотранспорт воситаларининг атмосфера ҳавосига ташланаётган зарарли газлар миқдори махсус асбоб-ускуналар орқали кўрикдан ўтказилади.

Қайд этилишича, тадбир доирасида 79 та йўл-патруль масканларида кўрик нуқталари, вилоят ва шаҳарлар марказий кўчаларида кўчма постлар ташкил этилиб, уларга 500 нафар ходим жалб этилади. Тадбир 10 майгача давом этади.

Мавзуга оид