Жаҳон | 15:29 / 15.04.2023
11089
2 дақиқада ўқилади

Украина Бош штаби: Энг шиддатли жанглар Бахмут ва Маринка учун кечяпти

Украина Қуролли кучлари Бош штабининг эрталабки маълумотларига кўра, ўтган бир сутка давомида Россия қўшинлари Украина ҳудудига 19 та ракета ва 9 та ҳаво ҳужуми уюштирган, шунингдек, кўплаб ракета тизимларидан 42 маротаба ўқ узган. 

Фото: Staff

Краматорск ва Словянскка С-300 зенит-ракета тизимларидан 13 та ракета зарбаси уюштирилиши натижасида камида тўққиз киши ҳалок бўлди

«Душман асосий кучларини Лиман, Бахмут, Авдивийка ва Маринка йўналишларида ҳужум операцияларини ўтказишга қаратишда давом этмоқда. Бахмут ва Маринка учун энг шиддатли жанглар давом этмоқда. Ўтган сутка давомида душманнинг 56 та ҳужуми қайтарилди», - дея маълум қилди Украина қўмондонлиги.

Буюк Британия Мудофаа вазирлиги Twitter'да эълон қилган хулосада айтилишича, ўтган ҳафтада Россия Донецк вилоятидаги Маринка атрофида бронетанк (танклар ва ўзиюрар артиллерия) ҳужумларини кучайтирган. 

Донецкдан 20 километр жануби-ғарбда жойлашган шаҳар учун жанглар 2014 йилдан бери давом этмоқда ва у артиллерия ўқларидан «тўлиқ» вайрон қилинган, деб ёзади разведка. 

Шу билан бирга, Маринка, таъкидланганидек, Донецкка яқинлашиш йўналишлари ҳамда Н15 асосий йўли устидан назоратни таъминлайди.

Аввалроқ Британия Мудофаа вазирлиги сўнгги кунларда Бахмут ҳудудида Россия қўшинларининг ҳужуми яна тезлаша бошлагани ҳақида хабар берганди. 

Мавзуга оид