Жаҳон | 19:41 / 17.04.2023
7377
1 дақиқада ўқилади

Финландияда Европадаги энг йирик ядровий реактор ишга туширилди

«Олкилуото-3» электр энергияси нархини барқарорлаштириши кутилмоқда.

Фото: Reuters

Финландияда 1600 мегаватт қувватга эга Европанинг энг йирик ядровий реактори ишга туширилди. Бу - Олкилуото оролидаги атом электр станциясининг учинчи энергия блоки.

Ядро реактори ўтган йилнинг декабр ойида мунтазам равишда электр энергияси ишлаб чиқаришни бошлаши керак эди, бироқ техник носозликлар туфайли кечиктирилди.

Унинг ишга туширилиши билан Олкилуото атом электр станцияси Финландия электр энергиясининг 30 фоизини ишлаб чиқаради. Олкилуото-3 камида 60 йил ишлаши кутилмоқда.

«Олкилуото-3» электр энергияси нархини барқарорлаштиради ва Финландиянинг яшил энергияга ўтишида муҳим роль ўйнайди, - деди Teollisuuden Voima (TVO) электр станцияси оператори раҳбари Ярмо Танхуа.

Реакторнинг ишга туширилиши, шунингдек, Финландияга Россиядан электр энергияси импортининг тўхтатилиши оқибатида юзага келган камомадни ҳам тўлиқ қоплайди.

Реактор қурилиши 2005 йилда бошланган. Дастлаб, уни ишга тушириш 2009 йилга мўлжалланган, бироқ техник қийинчиликлар туфайли кўп марта қолдирилган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид