Жаҳон | 22:54 / 18.04.2023
31263
3 дақиқада ўқилади

Зеленский Киевдаги учрашувда БМТ Бош котиби Гутерришни ғазаблантирди — ОАВ 

8 март куни БМТ Бош котиби Украинага ташриф буюрди. Ташриф яхши ўтди, аммо охирида Гутерришнинг ғазабини келтирган воқеа юз бергани айтилмоқда. 

Фото: Volodymyr Tarasov/Ukrinform/Future Publishing via Getty Images

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш 8 март куни Киевга ташрифи чоғида Украина президенти Володимир Зеленскийдан жуда норози бўлди. Бундай маълумотлар Пентагоннинг яқинда интернетга «сизиб чиққан» махфий ҳужжатларидан бирида келтирилган, деб ёзди The Washington Post (WP)

Ҳужжатларга кўра, Америка разведка идоралари Гутерриш суҳбатларини зимдан тинглаб борган. У ўзининг матбуот котиби Стефан Дюжаррик билан суҳбатда Киевга ташрифи чоғида Украина расмийларининг ҳаракатларидан «жуда ғазабланганини» тан олган. 

Гутерриш ўз иштирокидаги расмий тадбирларда украиналик ҳарбий хизматчиларни тақдирлаш маросими ўтказилганидан норози бўлган. Бу тадбир Бош котиб билан олдиндан келишилмаган, устига-устак президент матбуот хизмати тадбирда олинган фотосуратлар ва видеоларни эълон қилиб юборган. 

Гутерриш худди урушаётган томонлардан бирининг ҳарбийларини табриклаётганга ўхшаган, бу бош котибни хавотирга солган. Гутерриш матбуот котибига «иложи борича табассум қилмасликка уринганини» айтган. 

Фото: Volodymyr Tarasov/Ukrinform/Future Publishing via Getty Images

Шунингдек у Киев БМТни танқид қилишда жуда фаоллигидан шикоят қилган. Гутерришнинг таъкидлашича, у Украинага ёрдам бериш учун борган, аммо украиналиклар «ташкилотни йўқ қилиш учун ҳамма нарсани қилмоқда». 

WP газетасига берган интервьюсида Дюжаррик ўз раҳбари «Украина раҳбарлари билан Киевда бўлиб ўтган жуда самарали учрашув якунида тақдирлаш маросими келишилмасдан ўтказилганидан нохуш ҳайратда қолганини» тасдиқлаган. Шу билан бирга, у Гутерриш Киевнинг БМТни «тугатиш» истагидан шикоят қилганини рад этди. 

2023 йил 8 март куни БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Киевга ташриф буюрди. Бу унинг кенг кўламли босқин бошланганидан бери учинчи ташрифи эди. Зеленский билан учрашувда у ҳозирги уруш шароитида бир қатор муҳим масалаларни – ғалла экспорти, ЗАЭС атрофидаги вазият, Россия учун махсус трибунал ташкил этишни муҳокама қилган. 

Учрашувдан сўнг Зеленский ва Гутерриш қўшма матбуот анжумани ўтказди. Расмий эълонлардан сўнг, ҳақиқатан ҳам 8 март муносабати билан украиналик аёлларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Мукофотланганлар орасида ҳарбий хизматчилар ҳам, оддий фуқаролар ҳам бор эди.

Мавзуга оид