Миллий мусибатга айланган чақув: Россияга хос энг яшовчан одат ҳақида
Бугун Россияда гапиришдек сурбетлик билан шуғулланадиган, умуман нимадир қилаётган, қимирлаётган ва умуман яшаётганлардан жамиятни тозалашдек зарарли жараён билан ҳозир ниҳоятда кўпайиб кетган «кўнгиллилар» шуғулланишмоқда.
Бир инсон умри давомида она тилидаги у ёки бу сўз жамоатчилик тафаккурида ёки расмий риторикада ўз маъносини кескин ўзгартириши мумкинлиги аввалдан яхши маълум. Бу ўзгариш айрим ҳолларда аввал бошидагига умуман зид келадиган тарзда бўлиши ҳам мумкин.
Болалиги уруш даврларига тўғри келган акам, масалан, отамиз офицер эканидан жуда фахрланарди. Урушнинг энг қайноқ паллаларида офицерлик рутбасига эришган отамиз эса, «офицер» сўзи ҳақоратомуз маъно касб этгани — офицер деганда «оқ офицер»лар тушунилган чоғларни яхши эслаган. Қизил армияда эса командирлар бўлган. Отамиз урушга командир бўлиб жўнаб кетиб, офицер бўлиб қайтиб келган, — деб ёзади адиб ва шоир Лев Рубинштейн.
Яна «кўнгилли» деган сўз бўларди. Беминнат ижтимоий ҳаракатга мойил инсонни билдирадиган беозоргина сўз. 1941 йилда фронтга кўнгилли равишда отланганлар жуда кўп бўлган. Улар асосан ўсмир йигитчалар, кечаги мактаб ўқувчилари, машқ ўтамаган, қурол отиб кўрмаган болалар эди ва уларнинг саноқлиларигина фронтдан тирик қайтган.
Менинг ўсмирлик чоғларимга келиб бу сўз «кўнгилли комсомолчилар» каби сўз бирикмалари пайдо бўлишига сабаб бўлди. «Қизил хоч ва яримой», «Табиатни асраш», «Армия, авиация ва флотга кўмак кўрсатиш», «Ўт ўчирувчиларга ёрдам» каби саноқсиз «кўнгиллилар жамияти» кабиларни-ку, санаб адоғига етиб бўлмайди. Лекин ростдан ҳам ҳаммаси кўнгилли ёрдам бўлган.
1970-йиллар ўрталарида қандайдир илмий муассасада ишловчи ўзимдан каттароқ танишимнинг ҳикоясини эслайман. Навбатдаги «коммунистик шанбалик»да (ҳозирги биздаги умумхалқ ҳашарининг «бобокалони») ходимларни анжуманлар залида тўплашган, у ерда партия ташкилоти раиси «мазкур тадбир» ниҳоятда аҳамиятли экани ҳақида гапирган. «Роппа-роса саккиз-у нол-нолда ҳамма ўз иш жойида бўлиши керак… Иш қуроллари ташкилий равишда бўлимларга қараб тарқатилади… Бу муҳим сиёсий масала эканини ҳисобга олинглар… Ким бу тадбирда сабабсиз иштирок этмаса, ўзидан хафа бўлсин...». Хуллас, мана шунақа тарзда.
Ўзининг оташин нутқидан сўнг у пича сукут сақлаб, ифодали тарзда, барчасини бўғинга бўлган ҳолда ирод қилган: «Ле-кин ҳам-ма-си их-ти-ё-рий ра-виш-да бў-ли-ши ке-рак! Тушунтиролдимми?»
Бу ерда нимаси тушунарсиз бўлиши мумкин, тавба. Айнан ўша йиллари «ихтиёрий-мажбурий тартибда» кўринишидаги сўз қурилмаси пайдо бўлган.
Пионерлик йилларимда фуқаролар уруши иштирокчиси бўлган қария қўшни аёлдан «Пароход плывёт, дымит кольцами. Будем рыбу мы кормить добровольцами» («Кема сузиб борар, тутун бурқситиб, балиқларни кўнгиллилар билан боқамиз») қабилидаги частушка (тўртлик шеър) эшитганман. Ўшанда менга бу шеър таҳқирловчи, юмшоқроқ қилиб айтганда, ғалати кўринган. «Кўнгилли халқ дружинасичи»-чи? ДОСААФ-чи (Всесоюзное добровольное общество содействия армии, авиации и флоту — Бутуниттифоқ армия, авиация ва флотга кўмак кўрсатувчи кўнгиллилар жамияти)? Мен ўшанда фуқаролар уруши даврида оқларга ёрдам берувчилар кўнгилли (доброволец) деб аталганини қаёқдан билай? Кейинроқ яна бир кампирдан — у ҳам «собиқ»лардан — шу частушканинг бошқачароқ вариантини эшитдим: унда балиқларга ем сифатида комсомолчилар тилга олинган. «Кўнгилли комсомолчилар» менинг шууримда зиддиятлар кураши ва бирлик тўғрисидаги диалектик қонуниятнинг лўнда иллюстрациясига айланиб қолганди.
Яқиндан бошлаб у ёки бу яратувчанлик ва жамият учун фойдали фаолият билан чиндан ҳам кўнгилли равишда шуғулланаётганлар ўзларини «волонтёрлар» деб атаб келишмоқда.
Волонтёрлик ҳаракати қандайдир лаҳзадан бошлаб ўсиб, кенгайиб, ўзини шу даражада аниқ-тиниқ намоён эта бошладики, у билан турли «тергов қўмиталари» қизиқиб қолишди. Мамлакатда аллакимлар ҳеч кимдан сўрамасдан қандайдир фуқаролик жамияти шакллантираётганига ва бу жамиятнинг эски ёғоч уйларнинг карнизидаги оққайинлар сингари ингичка ва жимжимадор бачкилари барқарорликнинг бетон-кафелли деворлари ёриғидан ўсиб чиқиб келишига улар бефарқ қараб тура олишмайди, албатта. Чопиш керак!
Ҳокимият ўзининг раҳбарлик ва йўналтирувчи ролисиз нимадир содир бўлишига йўл қўйиб бера олмайди, энди «донатлар» деб аталаётган қандайдир хайрия ва бадаллар энг кишини ғазаблантирадиган тарзда уларнинг кенг очилиб турган чўнтаклари ёнидан зувиллаганча ўтиб кетмоқда.
Бинобарин, Россиядаги ҳозирги терминал даврда волонтёрлик ташкилотларининг жуда кўпчилиги «кучишлатар идоралар»га хос тарзда жуда осонлик билан «чет эл агенти», ундан ташқари, айримлари «номақбул ташкилотлар» ёрлиғи билан сийланаётганига асло ҳайрон бўлмаслик керак.
Тўғри-да, қоронғиликда билмасдан кимнингдир думини босиб олмаслик ёки ўз ихтиёрингга қарши тарзда, қилиниши лозим бўлмаган бирор нарсани пропаганда қилиб қўймаслик учун бу ҳолатда айнан нималарнидир бажариш, гапириш, ёзиш, тасвирлаш ва куйлаш мумкинмаслигини ким билади? Шундай бўлиб чиқяптики, балодан ҳазар деб ҳеч нарса гапирмаслик ва ҳеч нарса қилмаслик керак — омон қоласан. Лекин бундай қилиб бўладими?
Айнан нима билан машғуллиги муҳим бўлмаган жамиятлар атрофида бирлашган, сурбетларча гапираётган, қилаётган ва умуман яшаётганларни тозалаш жараёнида энг серҳаракат ва энг зарарли ролни хавфли даражада кўпайиб кетган «кўнгиллилар» амалга оширишмоқда.
Ахир айнан ўшалар ва фақат ўшалар — кўнгилли чақма-чақарлар, сотқинлар, ҳаммаёқни тўлдириб ташлаган пенсионер холалар — навбатдаги тақиқ-жазо кампаниясига миллий мусибат миқёсини тақдим эта олиши мумкин. Бу миқёслар ушбу кампанияларнинг бевосита ташаббускорлари, қолаверса қандайдир тасаввурга, ҳаётий тажрибага ва ўзини асраш инстинктига эга бўлганларни жиддий тарзда қўрқита олиши, ҳеч қурса бош қашлаб қолишига сабаб бўлади.
Бунақаси тарихда бўлган. Бир неча марта бўлган. Россиянинг қандайдир «маънавий-ахлоқий» анъаналари ҳақида гапирилган тақдирда ҳам бу энг яшовчан ва доимий барҳаёт анъаналаридан биридир — «сўз ва иш бирлиги» давридан тортиб, юқори технологияли рақамли даврларгача.
Мавзуга оид
19:02
The Guardian: Буюк Британия ҳукумат алмашганидан кейин Украинага ракеталар етказишни тўхтатди
13:30
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
23:26 / 09.11.2024
“Ғарбнинг геосиёсий очкўзлиги келишмовчиликлар бош сабаби” – Путиннинг “Валдай”даги чиқиши
17:00 / 09.11.2024