Ўзбекистон | 16:39 / 23.04.2023
12892
5 дақиқада ўқилади

Жамоатчилик палатаси нега унутилди? У нега керак?

Бундан 3 йил олдин, 2020 йилнинг 16 апрелида президент Мирзиёев “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида” фармон имзолаган эди. Ўшанда жамоатчилик фаоллари бу ташаббусни ижобий қабул қилган эди.

Фармонга кўра, Жамоатчилик палатаси 50 нафар кўзга кўринган жамоатчилик фаолларидан иборат бўлади, 3 йиллик ваколатга эга бўлади, давлат ва жамият ҳаёти учун зарур бўлган ғоялар, лойиҳалар, ташаббуслар билан чиқиб, Ўзбекистонни ҳуқуқий-демократик давлатга айланишида муҳим ўринга эга бўлади.

Лекин, мана, уч йил ўтдики, ҳалига қадар Жамоатчилик палатаси ўз фаолиятини бошламади. Бунинг сабаблари бир нечта бўлиши мумкин. Бир томондан мулозимлар, бюрократлар “юқоридан бу ҳақда сўрамаяптими, уларнинг эсига биз солишимиз керак эмас” деган бўлишлари мумкин.

Ёки, баъзи давлат мулозимлари ва давлат муассасалари олий ҳокимиятни Жамоатчилик палатасига нисбатан салбий қараш, совуқ қараш ўйғотган бўлиши ҳам мумкин. Буни аниқ билмаймиз.

Лекин, аниқ нарса шуки, Жамоатчилик палатаси Ўзбекистонга жуда керак. Айнан, ҳозирда ва кейинги йилларда Жамоатчилик палатасига бўлган сиёсий, интеллектуал, маънавий эҳтиёж, янада ошади.

Мутафаккирлар “миллатнинг, давлатнинг тақдири – у билан боғлиқ бўлган институтларга бориб тақалади” дейишади. Яъни, давлатда фаолият олиб бораётган институтлар давлатнинг барқарорлиги ва қудратини, жамиятнинг эрки ва фаровонлигини, давлат ва жамият алоқаларининг мустаҳкамлигини белгилаб беради.

Институтлар – бу тушунарли, келишилган ва тан олинган “ўйин қоидалари” ҳисобланади. Институтларга халқ ишонмаса, улар институт бўла олмайди. Агар улар барқарор ишламаса ҳам, институт деб бўлмайди.

Ўзбекистонда давлат ва жамиятни боғловчи, боғлаши керак бўлган кўплаб институтлар, Конституцияда назарда тутилган. Булар – парламент, сиёсий партиялар, ватандошлик жамияти институтлари, суд ҳокимияти ва бошқалар. Лекин, ўтган даврда Ўзбекистонда ушбу институтлар давлат томонидан қаттиқ назорат қилингани учун ҳам, жамиятдан узилди ва жамиятга қарши ишлайдиган ҳолатда қолди. Агар давлатдаги институтларга халқ, жамият ишонмаса, давлат ва жамият ўртасидаги муносабатлар асосида ишонч эмас, зиддият ва тирашув асосий фундамент бўлиб қолаверади.

Нима учун Жамоатчилик палатасига эҳтиёж ошиб боради? Бунинг ички ва ташқи сиёсий сабаблари бор.

Ташқи сабабларидан бири – бу информационализм билан боғлиқ ҳолдаги ижтимоий кайфият. Бутун дунёда, ҳукуматларнинг муаммони ечиш қобилиятига нисбатан, одамларнинг муаммоларни англаш қобилияти тезроқ ўсяпти. Натижада, танқидий фикрлаш, ижтимоий фрустрация борган сари кристаллашмоқда.

Иккинчидан, Ўзбекистон, Марказий Осиё минтақаси Россиянинг ахборот ҳудудида қолмоқда. Россияда нимаики юз берса, бу давлат ёки жамият учун бевосита ёки билвосита нусха олинади, стандартлашади, нормаллашади. Россия – минтақа учун “стандартлар маркази” ҳисобланади.

Россияда давлат ва жамият ўртасида, ҳали узоқ вақт давом этадиган кураш даври, конфронтация даври бошланди. Бу сиёсий зеҳният, кайфият Ўзбекистондаги ижтимоий ва сиёсий кайфиятга ҳам таъсир қилади. Россияда кейинги йилларда мухолиф кайфиятлар жуда кескин кучайиб бошлайди. Россияда “демократияга эришиш учун, давлатни йиқитиш керак” деган қараш ўсиб боради.

Ички сабабларга келсак, Ўзбекистонда парламент уйқуда. Сиёсий партиялар жонланиш ниятида эмас. Ватандошлик жамиятининг ривожланиши – анча вақт талаб қилади. Қолаверса, давлат коридорларида ватандошлик жамиятидан қўрқув ҳалига қадар кучли.

Демак, давлат билан жамиятни боғловчи, янги ва оригинал институт зарур. Бу институт, бир томондан халқнинг, жамиятнинг ишончида бўлсин. Бошқа томондан, давлат билан мулоқот қилиш қобилиятини кўрсатсин, муаммоларни олиб чиқсин, малакали ечим изласин.

Ўзбекистонда ҳам янги сиёсий вазият шаклланмоқда. Конституциявий ислоҳотлар ўтгач, ҳокимият жамият билан ўзаро мулоқотларини янада изчиллаштириши керак бўлади. Янги Конституциянинг ишлаши учун ҳам, Жамоатчилик палатаси керакки, янги Бош Қонун назарда тутган давлат институтлари ва механизмларини ишлатишга доим энергия, маънавий ва интеллектуал ёқилғи пуркаб турадиган салоҳиятли сиёсий куч ролини ўйнарди.

Жамоатчилик палатасига давлат ва жамият ўртасида кўприк, боғловчи, модератор ролини ўйнай оладиган шахслар жамоасини тўплаш зарур бўлади. Жамоатчилик палатаси тўғри шакллантирилиб, тўғри вазифалар юклатилса, бу давлатнинг легитимлиги мустаҳкамланишига ижобий таъсир қилар эди.

Камолиддин Раббимов,
сиёсий таҳлилчи

Мавзуга оид