Ўзбекистон | 15:59 / 25.04.2023
43121
12 дақиқада ўқилади

“Энг ёмони – нақд пулга қайтиш” — P2P назорати ҳақида иқтисодчилар билан суҳбат

1 майдан картадан картага пул ўтказмалари солиқ органлари назоратида бўлади. Бу – қонунларга зид. Потенциал оқибатлар эса хавотирли. Kun.uz суҳбатлашган иқтисодчилар бундан мақсад яширин иқтисодиётга қарши курашиш эмаслигини айтяпти. Мақсад нималигини ташаббускорларнинг ўзлари айтмаяпти, улар интервюда қатнашиш бўйича Kun.uz таклифини рад этди. Бошқа идоралар эса негадир сукутда.

Ўзбекистонда 1 майдан бошлаб пул ўтказмаларини (P2P) амалга оширувчи ташкилотлар кўрсатилган хизматлар учун комиссия олиш-олмаслигидан қатъи назар, ўтказмалар учун электрон ҳисобварақ-фактура расмийлаштириб, солиқ органларига тақдим этиши керак.

Бу билан, барча картадан картага ўтказмалар ҳақидаги маълумотлар солиқ органларининг ихтиёрида жамланади. Бу банк сирлари ва тўлов ташкилотларига доир қонунларга зидлиги ҳақидаги танқидларга қарамай, масъул органлар шу вақтгача нега бунга йўлга қўйилаётганига бирор изоҳ бермади. Қонун чиқарувчи органлар ва Марказий банк ҳам сукут сақлаяпти.

Kun.uz шу мавзуда иқтисодчилар Шуҳрат Қурбонов ва Отабек Бакиров билан суҳбатлашди. Интервьюга улар билан бирга, Солиқ қўмитаси вакилларини ҳам таклиф қилган эдик, лекин улар келмаслигини айтишди.

— P2P ўтказмаларга ҳисоб-фактура расмийлаштириш ўзи нима, оддий тилда тушунтирилса?

Шуҳрат Қурбонов: — P2P бир жисмоний шахс иккинчи жисмоний шахснинг картасига пул ўтказма амалга оширишидир. Кундалик ҳаётдаги оддий ўтказмалар. Ўтган йилдан бошлаб тўлов иловалари P2P учун фискал чек ҳам чиқара бошлади. Энди 1 майдан ҳисоб-фактура расмийлаштириш бошланади.

Одатда, ҳисоб-фактура икки юридик шахс ўртасида расмийлаштирилади, яъни жисмоний шахсларга алоқаси йўқ. Шу вақтгача жисмоний шахс нимадир сотиб олса, унга ҳисоб-фактура расмийлаштирилишини кўрмаганман. Одатда фискал чек берилади. Ҳисоб-фактуранинг фарқи шуки, унда томонларнинг тўлиқ маълумоти кўрсатилади. Ҳозирча бу нарса нима учун ва кимга кераклиги ҳақида ҳеч ким айтмади.

P2P ўтказмаларда ҳисоб-фактура қандай расмийлаштирилиши, [унда] қайси маълумотлар бўлиши ҳақида низомни кўрганимиз йўқ. Бу борада очиқ саволлар кўп. Бизнинг ихтиёримизда фақат юридик шахслар ўртасида ҳисоб-фактура тўлдириш низоми бор.

Отабек Бакиров: — Ҳозирги суҳбатимизда солиқ органидан ходим бўлганида, яхши бўлар эди. Умуман, солиқ органи томонидан охирги пайтлар тушунтириш ёки муносабатларни ҳам кўрмаяпмиз.

Тўлиқ низомни кўрмадик. Лекин 13 апрелдаги йиғилишда қатнашган банк ходимларининг айтишича, энди ҳар кунлик ўтказмаларнинг умумий ҳисоботи қўлда тайёрланиб, Солиқ қўмитасига етказиб берилади. Ҳали бу автоматик тизимга ўтса керак. Лекин биз учун техник тарафи эмас, ҳуқуқий ва иқтисодий тарафлари муҳим. Бу ҳақда Kun.uz'да батафсил мақола ҳам эълон қилинганди.

Бу масала биринчи марта 2020 йилнинг март-апрел ойларида кўтарилганди. Ўша пайтда Солиқ қўмитаси ойига 30 млн сўмдан ортиқ бўлган ўтказмалар ва транзакциялар сони 10 тадан ошганда буни назоратга олишни истаган, лекин бу эътирозлар сабаб тўхтатилган эди. Лекин ҳозир, мана икки ой бўлдики, бу нарсага на Марказий банк, на Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, на Сенат ўз муносабатини билдирди. Ваҳоланки, бу ҳолатда иккита: “Банк сири тўғрисида”ги ва “Тўлов тизими тўғрисида”ги қонун меъёрлари тўғридан тўғри бузиляпти.

Ўзича тадбиркорлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи ЎзЛиДеП ҳар доимгидай соқов. Савдо-саноат палатаси ҳам бундай вазиятларда ўз фикрини билдирмайди, топшириқларни бажаради холос. Лекин ҳайрон қолдираётгани шуки, қонунчилик ва банк тизими бўйича ўзини ҳар доим жавобгар деб билиб, масалаларни ўзидан соқит қилмайдиган инстанциялар ҳам жим турибди.

Ҳозир энди бу қадамдан ўтсак, кейингиси нима бўлишини билмаймиз. Биз ёмон деётган даврда ҳам банк сирига оид меъёрларга дахл қилинмаган.

— Банки сирига оид меъёрлар бузилиши ҳақида батафсил гаплашсак.

Шуҳрат Қурбонов: — Барча мижозларнинг амалиёти банк сири ҳисобланади. Лекин солиққа оид қонунбузарлик бўлган ҳолатда, маълумот олиш ҳақида банд бор. Яъни Солиқ қўмитаси белгиланган тартибда ва ҳолатда маълумот олиши мумкин. Жиноий йўл билан топилган маблағларни легаллаштириш бўйича қонун бор, шу қонун доирасида ҳам солиқ қўмитаси маълумотларни олиши мумкин. Аниқ тартиби белгилаб берилган.

Ҳозирги ҳолатда эса ҳеч қандай қонуний асоссиз барчанинг ўтказмалари ҳақида маълумот олиш кўзда тутиляпти. P2P ўтказмаларда ҳаммаси қонуний бўлади, жиноят эмас бу. Солиқ қўмитаси банклар учун учинчи ташкилот ҳисобланади. Қонунчилик бўйича эса учинчи тарафга маълумот берилмаслиги керак.

— 13 апрелдаги учрашувдан сўнг жамоатчилик танқид қилгач, Солиқ қўмитаси P2P ўтказмалар солиққа тортилмайди деган баёнот берди. Лекин мақсад очиқ айтилгани йўқ. Тахминий мақсадлар нима бўлиши мумкин?

Шуҳрат Қурбонов: — Ҳуқуқий томондан P2P ўтказмалар учун солиқ йўқ. Лекин Солиқ қўмитаси томонидан банкларга юборилган хатда “картадан картага ўтказма ва уларни солиққа тортиш” жумласи ишлатилган.

Отабек Бакиров: — Бу нарса 36 млн аҳолини чалғитиш учун қилинган деб ўйлайман. Чунки ҳали бирорта давлат номидан гапирувчи одам P2P ўтказмаларни солиққа тортиш бўйича гапиргани йўқ, кун тартибида мавжуд эмас. Яъни асосий масала бўлган банк сири тўғрисида фикрлар, эътирозлар бўлмаслиги учун солиққа тортиш деган банд қўшиб қўйилган онгли равишда. Ўтказмалар солиққа тортилмайди, деган баёнот билан қутулиб кетишмоқчи.

Ваҳоланки, иқтисодчиларнинг, банк соҳаси вакилларининг асосий саволи – банк сири тўғрисида. Солиққа тортиш ҳақида эмас. Аҳолининг жуда катта қисми солиққа тортилмас экан, деб мавзуни ёпди. Аслида мавзуга тинимсиз ва ҳар куни қайтиш керак.

Шуҳрат Қурбонов: — Айтадиган фикрларимиз “фитна назарияси” бўлиб қолиши мумкин. Ҳали маълумотлар очиқлангани йўқ. Картадан картага ўтказма орқали савдо қилувчилар кўп, шуларни қамраб олиш каби фикр ҳам билдириляпти. Лекин ҳисоб-фактурада пул олувчининг эмас, пул берувчининг маълумотлари кўрсатилади. Яъни карта орқали савдо қилаётган бўлса, ҳисоб-фактурага қараб сотувчини аниқлай олмайди. Ҳисоб-фактура фақат жўнатувчининг маълумотларини беради.

Отабек Бакиров: — Сўнгги вақтларда солиқ тушумлари ўсмаётганини яширин иқтисодиёт орқали изоҳлаш мумкин. Солиқ тушумлари ЯИМ билан мутаносиб тарзда ўсиб бориши керак. Тўғри, яширин иқтисодиётнинг улуши ортиб боряпти, ҳеч кимга сир эмас бу. Биз оқибатларни эмас, сабабларни ўрганишимиз керак бу борада. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Солиқ қўмитаси оқибатларга қарши кураш режасини тузган шекилли, сабабларга қарши курашишни эмас.

Дейлик, “Малика” бозорига борсангиз ва нақд пулингиз бўлмаса, сотувчи картага ўтказишни таклиф этади. Маиший техникалар маркировкаланган, лекин барибир яширин иқтисодиёт бўляпти. Ўша маиший техника қандай кириб келди, деган савол бор. Балки Иқтисодиёт ва молия вазирлиги божхона каналларини ўрганиши керакдир.

Кейин ўша ижтимоий тармоқлар орқали бўлаётган савдо-сотиқларда сотувчи аниқ қилиб карта рақамларини бериб қўяди ўзи, яъни манзил маълум. Нега энди манзили аниқ бўлган қонунбузарларни назорат қилиш ўрнига, 25 млн карта эгасини назорат қилиш керак?

Яъни асосий мақсад – яширин иқтисодиётга қарши кураш эмас, балки маълумотлар тўплаш ва ўзларига манфаатли усулда хатти-ҳаракатларни амалга ошириш.

Яширин иқтисодиётга қарши курашни мен қўллаб-қувватлайман, лекин буни манзилли равишда қилиш керак. Дейлик, P2P орқали савдо қилаётган 10 мингта одам бўлса, уларга қарши курашиш учун 25 млн картани назорат қилиш зарурати йўқ.

— Ҳақиқатан ҳам, P2Pдан савдо мақсадида фойдаланаётганларга қарши курашмоқчи бўлса, бунга шундоғам қўмита имкониятлари ва ресурслари етарли, шундай эмасми?

Отабек Бакиров: — Ресурслар етарли ва қонунчилик ҳам рухсат беради бунга. Дейлик, бирорта ижтимоий тармоқ орқали савдо қилаётган одамнинг карта рақамини олиб, суд орқали ўша картага оид барча маълумотларни қўлга киритса бўлади. Бозордаги маиший техника савдо дўконидан синов тариқасида картага ўтказма амалга ошириб, кейин иш очиши мумкин. Қонунан рухсат бор бунга. Мақсади назоратга олиш бўлса, бемалол шу нарсани йўлга қўйса бўлади.

— Дейлик, бу тартиб 1 майдан кучга кирди ва Солиқ қўмитаси P2P орқали савдо қилаётган тадбиркорларни аниқлади, кейин нима бўлади?

Шуҳрат Қурбонов: — Такрор айтаманки, бу ҳолатда фақат пул ўтказувчи ҳақида маълумот олиш мумкин. Ҳуқуқий томондан фақатгина ўтказувчига ҳисоб-фактура берилади, чунки хизмат унга кўрсатиляпти. Айни вазиятда фақатгина картадан картага кўп пул ўтказаётган одамлар ҳақида маълумот олиш мумкин.

Отабек Бакиров: — Яширин иқтисодиётга қарши курашда бу амалиёт умуман ёрдам бермайди. Ахборот жамлашга имконият бўляпти. Биз энг яхши гумонда бўлсак ҳам, бу хатти-ҳаракатлар абсурд. Ҳозирги замонда бундай йиғилган ахборотлар бизнесни, рақобатни манипуляция қилишда ишлатилиши мумкин. Шахсан мен шахсий маълумотларини тўплашга доир қарорлар орқали манфаат кўрганим йўқ, зарар кўрган бўлишим мумкин. Масалан, IMEI тизими.

— Агар шундай бўлса, қандай иқтисодий оқибатларни кутишимиз мумкин?

Шуҳрат Қурбонов: — 2019 йилда Қозоғистонда ҳам фискализация қилиш, P2P ўтказмаларини назорат қилиш масаласи кўтарилди. Қозоғиcтонда бу жуда катта негатив олиб келди. Савдогарларнинг ўзи картадан тўлов қилса ҳам, чек бераётганини айтиб чиқди. Катта шовқин келиб чиққанидан кейин, йил охиригача Молия вазирлиги бу фикридан қайтди ва бекор қилинди. Молия вазири ўринбосари ҳисоб-китоб натижаларига таяниб, нақдсиз тўловларнинг 10 фоизга ошиши реал ЯИМнинг 1 фоизга ошишига олиб келишини айтди. Нақдсиз тўлов бўлсин, P2P ўтказма бўлсин, нақдсиз тўловлар рақамли изини қолдириб кетади ва ЯИМ ўсишига ҳисса қўшади.

Солиқ қўмитаси картадан картага ўтказмаларни назорат қилиши аслида қимматга тушади. Яъни тушумдан кўпроқ чиқим бўлиши мумкин. Қозоғистонда ҳам айни шунинг учун бу йўлдан қайтилди. Лекин негадир биз ҳам шу хатони такрорлаяпмиз. Савдо учун бўлган P2P ўтказмаларини зарур пайтда аниқлаш ва чора кўриш мумкин, лекин нақд пулда изи қолмайди, имконсиз бўлиб қолади. Яъни яширин иқтисодиётнинг айланмасини аниқлаш мумкин P2P ўтказмаларида.

Ҳозирда кутилиши мумкин бўлган энг ёмон нарса — нақд пулга қайтиш. Аҳоли назорат қўрқуви билан нақдга ўтиб кетиш эҳтимоли катта.

Отабек Бакиров: — Аҳолида банклар билан ишлаш кўникмалари энди шаклланяпти. Банк омонатлари ичида энг катта ўсишга карталардаги қолдиқлар туртки бўляпти. Агар ҳозирги жараён қонуний тус олса, банк системасидан биринчи ўринда қочадиган маблағлар карталардаги қолдиқлар билан боғлиқ бўлади. Банк тизимининг ликвидлиги ҳаддан ташқари ютқазади. Банк тизимининг ликвидлигини ушлаб турган энг катта нарса бу – пластик карталардаги қолдиқлар.

— Халқаро амалиётда ҳам борми бундай ҳолат?

Шуҳрат Қурбонов: — Халқаро амалиётда жиноий йўл орқали топилган даромадларни легаллаштириш устидан назоратни банкларнинг ўзи амалга оширади. Бу борада банкларнинг ички сиёсати бор. АҚШда ҳам солиқдан қочувчилар манзилли равишда тартибга олинади.

Отабек Бакиров: — Айбсизлик презумпцияси биринчи ўринда туради. Ҳар бир банк ўзининг обрўси учун мижозлар ва уларнинг операциялари тозалигини ўзи назорат қилади. Агар банкда жиноийликка алоқадор маблағлар кўп бўлса, унинг обрўси тушиб кетади. Ўзбекистондаги ҳар бир банк чет эл банклари билан алоқадор. Лозим даражада легализацияни йўлга қўймаган бўлса, у банк қоидадан четга чиқиб қолади. Демоқчиманки, ноқонуний маблағларни назорат қилиш – банкнинг вазифаси.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Оператор ва монтажчи – Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзуга оид