Жаҳон | 11:15 / 28.04.2023
22443
9 дақиқада ўқилади

Путиннинг «ғалабали кичик урушлари» ёхуд инқилоб ўрнига ҳокимият

Россия жамияти учун жуда кам ҳикоя қилиб берилган Суриядаги уруш ҳисобга олинмаса, Путин бошлаган барча урушлар унинг рейтинги ошишига хизмат қилган. Бу ўз-ўзидан юз бермаган.

Владимир Путин / kremlin.ru

Ҳар қандай уруш учун бутун бир сабаблар мажмуасини топиш мумкин — «объектив» иқтисодий асослардан тортиб, инсон омили билан боғлиқ «субъектив» важларгача. Масалан, Путин урушларининг 2014 йилдан бошлаб «объектив» сабабларига Кремлда яшовчилар газ ва нефт ҳайдовчи иккита қувур устида ўтиришга асосланган мамлакатнинг жўн иқтисодий модели ўзини тугатиб бўлгани, ташқи экспансиядан бошқа ғоя қолмаганини англаб етишгани киради. «Субъектив» сабабларда эса қизиқ бир қонуният кўзга ташланади, деб ёзади журналист, тарихчи, сиёсат фанлари номзоди Александр Желенин.

Украина саноати қаттиқ боғланиб қолган Россия гази нархини «Газпром» томонидан истаган пайт хоҳлаганча ошириш ҳисобига Украинадан неомустамлакачилик йўлида фойдаланишга нуқта қўйган «майдан» инқилоби ғалабаси Путиннинг 2014 йилда Қрим ва Донбассга ҳужум бошлаши учун сўнгги томчи бўлганди. Гарчи бу ҳужумда бир вақтнинг ўзида жуда катта субъектив таркибий қисм бўлган эса-да.

Путин Россия инқилоблар лимитини ўтаб бўлди деб кўп вақтдан буён такрорлаб келарди, кутилмаганда унинг бурнининг остгинасида ғалабали халқ инқилоби рўй беради ва у тахтга ўтқазган Януковични ағдаради. Россиянинг шуҳратпараст ва иззатталаб ҳукмдори Путин нафақат ўзи рус халқи билан «битта халқ» деб ҳисобловчи украинларга, Украина тажрибасини амалга оширишга уринмаслиги учун Россиядаги русларга ҳам сабоқ бериб қўйиши керак эди.

Содир бўлаётган урушнинг кўп субъектив сабаблари қаторига Путиннинг машҳурликдан, демакки, ҳокимиятдан мосуво бўлишдан чўчишини ҳам киритиш мумкин. Бу ҳам уруш бошлаш учун етарли сабаблардан бири.

«Левада-центр» томонидан чорак асрдан буён мониторинг қилиб келинаётган, Владимир Путиннинг президент ва бош вазир лавозимларида қўллаб-қувватлаш рейтингини ўрганиш асносида қизиқ детал юзага чиққан.

Барча «ғалабали кичик уруш»ларидан аввал Путиннинг халқ қўллови борасидаги рейтинги паст даражада бўлган. Уруш бошлангач, кескин кўтарилган.

Масалан, 1999 йил августида Путин бош вазир лавозимида ишлаб турганида унинг бу лавозимдаги фаолиятини россияликларнинг 33 фоизи маъқуллаган, 31 фоизи маъқулламаган. Орадан бир ой ўтиб, Иккинчи Чеченистон уруши бошлангач, маъқуллаш рейтинги қарийб икки баробарга ошган — 65 фоизга етган. Маъқулламаганлар сони эса 21 фоизгача камайган.

Путинни маъқуллаш рейтинги билан ўхшаш ҳолат 2008 йилда — у яна бош вазир бўлиб ишлаб турган паллада содир бўлган. 2008 йил июлида Гуржистон билан «беш кунлик уруш» чоғида унинг бош вазир лавозимидаги ишини 80 фоиз киши маъқуллаб турган, уруш тугагач, сентябр ойида Путинни қўллаш рейтинги 88 фоизгача кўтарилган. Нисбатан кичик ўсишни ўша пайтда «ғалабали кичик уруш» учун асосий мукофотни президентлик курсисида ўтирган Дмитрий Медведев ўзига тортиб кетгани билан тушунтириш мумкин.

2013 йил ноябрида Путиннинг президентлик лавозимидаги фаолиятини россияликларнинг 61 фоизи маъқуллаган. Маъқулламаслик рейтинги бу вақтга келиб ўз максимумига етган ва 37 фоизни ташкил эта бошлаган. Ўша пайтда истиқболлар жуда туманли эди, чунки кўплаб иқтисодчилар Россияда 2014 йилда иқтисодий таназзул юз беришини тахмин қила бошлашган эди.

Қримни тезгина эгаллаш ва Украина шарқини ажратиб олиш бўйича операция бошлаш 2014 йил мартига келиб Путиннинг рейтинги 80 фоизгача ўсишига олиб келди, июн ойида бу кўрсаткич 86 фоизга етди. Унинг фаолиятини маъқулламайдиганлар сони бу вақт ичида уч баробаргача қисқариб, 13 фоизга тушди.

Худди шунга ўхшаш манзарани Кремлнинг Украинага кенг қамровли уруш очиши арафасида ва уруш бошланганидан кейин кўришимиз мумкин. 2021 йил ноябрида Путинни маъқуллаш рейтинги 63 фоиз бўлган, 2022 йил мартида эса у 20 пунктга кўтарилиб, 83 фоизга етган. Шу муддат ичида унинг антирейтинги ноябрдаги 35 фоиздан мартдаги 15 фоизгача қулаган.

Бу тасодифми? Ҳеч ҳам бунга ўхшамаяпти.

Юқорида айтилганларнинг яна бир социологик исботи. Путин Россиясининг Украинага бостириб киришидан икки ой аввал, ўз агрессиясини оқлаш учун Кремл Ғарб олдига бажариб бўлмас ултиматум қўйганида — НАТОни деярли ярмисини тарқатиб юбориш (алянсни 1997 йил чегараларига қайтариш)ни талаб қилганда, «Левада-центр» маълумотларига кўра, 2021 йилнинг декабрида россияликларнинг 44 фоизи «мамлакат нотўғри йўналишдан кетяпти», деб ҳисоблашган.

Лекин барча ишлар «тўғри йўлдан кетаётгани»га ишонувчилар сони 48 фоиз бўлган. Агар статистик хато 4 фоиз экани инобатга олинса, ўша пайтда Россия раҳбариятининг ишидан розилар ва норозилар сони қарийб тенг бўлгани кўринади. Путин ва унинг сиёсий маслаҳатчилари наздида бу вазият жуда омонат, яъни хавфли саналган. Уларнинг нуқтайи назарига кўра, Қримни аллақачон эсдан чиқарган, азалий, йиллаб ҳал қилинмаган муаммоларга эътибор қарата бошлаган Россия жамиятини бир қалқитиб оладиган ҳаракат зарур бўлган.

Уруш очилганидан икки ой ўтиб, 2022 йилнинг апрелида мамлакатда «ишлар тўғри йўлдан бораётгани»ни қайд этганлар миқдори 48 фоиздан 66 фоизгача кўтарилган. «Мамлакат нотўғри йўлдан бормоқда» деб ҳисобловчилар эса 44 фоиздан 22 фоизгача камайган.

Гап бу ерда россияликларнинг табиий қонсираганида эмас, уруш бошланганидан сўнг давлат пропаганда машинаси бор кучи билан ишга тушганида. Бироқ, Путин ўз урушларини бошлагач, ўзи одатда доимо шундай бўлган.

Фақат Суриядаги уруш истисно. Уни Россия жамияти турли сабабларга кўра сезмай қолди. Хуллас, Путиннинг барча урушлари унинг рейтингини оширишга хизмат қилган ва албатта бу ўз-ўзидан юз бермаган.

Маълумки, Путин Россия империяси тарихининг, айниқса унинг асосий монарх персонажларининг катта ихлосманди. Масалан, Николай II’нинг ички ишлар вазири ва жандармлари раҳбари Вячеслав Плеве кабиларнинг. Ўша пайтдаги молия вазири Сергей Витте Плеведан шундай иқтибос келтиради: «Инқилобни ушлаб туриш учун бизга кичик ва ғалабали уруш керак».

Ҳа, Россияда ҳокими мутлақнинг рейтингини ушлаб туриш (ошириш) билан ўша вақтларда, ҳали мамлакат электорал диктатура бўлмаган чоғларда ҳам шуғулланишган… Бизга яқин тарихни-ку, гапирмаса ҳам бўлади.

Путин учун ҳар қандай инқилоб, у хоҳ Октябр инқилоби, хоҳ «зарғалдоқ» ва «рангли» бўлсин, доим унинг тунги босинқираши бўлган. Бунга сабаб унинг маслаги ва қатъий ишончигина эмас. Путин учун инқилоб мутлақ кулфатдир. 2017 йилда у 1917 йилги Октябр инқилобининг 100 йиллиги олдидан бу санани нишонлаш кераклиги, «бироқ кўкларга кўтармаслик» зарурлигини айтган. Буниси ҳам тушунарли. Унинг наздида, инқилобни эмас, босқинчилик ва биродаркушлик урушини кўкларга кўтариш, романтикалаштириш ярайди.

Путинда ҳар қандай инқилобни кўра олмаслик учун нафақат ғоявий сабаблар, мутлақ амалий сабаблар ҳам бор. У Елциндан қабул қилиб олган ва буткул бетонлаб ташлаган ўта президентлик республикаси сиёсий тизимида Путин тоабад президент бўлиб қолади. У бу ерда бирор нарса ўзи яратган тизим доирасидан ташқарида, яъни инқилобий йўл билангина ўзгариши мумкинлигини яхши тушунади. Шунинг учун воқеаларнинг бундай тус олишига бўлган ҳар қандай дастлабки шартларни йўқ қилиш унинг сиёсатининг асосий мақсадига айланган. Бу маънода «ғалабали кичик уруш» ҳокимиятни сақлаб қолишда унинг учун аллақачон иш берадиган воситага айланган.

Албатта, 2022 йилда Акела қаттиқ адашди. Путинга омад жуда ҳам кўп қарашиб келаётган эди. У бошлаган урушлар чиндан ҳам кичик эди (Гуржистон ва Суриядаги сингари), аммо кичик бўлмаса ҳам (Чеченистондаги каби), бироқ сурбетлик, ёлғон, чапдастлик ва оммавий пропаганда билан қоришган шафқатсиз зулм билан олиб борилган урушлар шу пайтгача улардан ҳечқурса номинал ғолиб сифатида чиқишга ёрдам бериб келаётган эди.

Энди эса ҳокимиятни сақлаб қолишнинг синалган усули уни йўқотиш сабабига айланиб кетиши мумкин.

Мавзуга оид