Иқтисодиёт | 17:44 / 29.04.2023
49032
2 дақиқада ўқилади

“Қозоғистон бу йўлдан қайтди, биз айни шу хатони такрорлаяпмиз” — иқтисодчи

1 майдан бошлаб Ўзбекистон солиқчилари картадан картага пул ўтказмаларини назорат қила бошлайди. Иқтисодчи Шуҳрат Қурбоновнинг айтишича, 2019 йилда Қозоғистонда ҳам картадан картага ўтказмаларни назорат қилиш масаласи кўтарилган, лекин танқидлардан кейин бу йўлдан қайтилган. “Негадир биз ҳам шу хатони такрорлаяпмиз”, – дейди у.

“2019 йилда Қозоғистонда ҳам фискализация қилиш, P2P ўтказмаларини назорат қилиш масаласи кўтарилди. Қозоғиcтонда бу жуда катта негатив олиб келди. Савдогарларнинг ўзи картадан тўлов қабул қилса ҳам, чек бераётганини айтиб чиқди. Катта шовқин келиб чиққанидан кейин, йил охиригача Молия вазирлиги бу фикридан қайтди ва бекор қилинди.

Молия вазири ўринбосари ҳисоб-китоб натижаларига таяниб, нақдсиз тўловларнинг 10 фоизга ошиши реал ЯИМнинг 1 фоизга ошишига олиб келишини айтди. Нақдсиз тўлов бўлсин, P2P-ўтказма бўлсин, нақдсиз тўловлар рақамли изини қолдириб кетади ва ЯИМ ўсишига ҳисса қўшади", – дейди Шуҳрат Қурбонов Kun.uz'га берган интервюсида.

Унинг таъкидлашича, Солиқ қўмитаси картадан картага ўтказмаларни назорат қилишдан оладиган фойдаси бунинг маъмурчилиги харажатларини ҳам қопламайди.

“Қозоғистонда ҳам айни шунинг учун бу йўлдан қайтилди. Лекин негадир биз ҳам шу хатони такрорлаяпмиз. Савдо учун бўлган P2P ўтказмаларини зарур пайтда аниқлаш ва чора кўриш мумкин, лекин нақд пулда изи қолмайди, имконсиз бўлиб қолади. Яъни яширин иқтисодиётнинг айланмасини аниқлаш мумкин P2P ўтказмаларида.

Ҳозирда кутилиши мумкин бўлган энг ёмон нарса – нақд пулга қайтиш. Аҳоли назорат қўрқуви билан нақдга ўтиб кетиш эҳтимоли катта”, – дейди иқтисодчи.

Эслатиб ўтамиз, 1 майдан кучга кирадиган тартиб – барча P2P ўтказмалар (комиссия ҳақи 0 сўм бўлса ҳам) бўйича ҳисоб-фактура расмийлаштирилиши бўйича эътирозларга Солиқ қўмитаси шу пайтга қадар жавоб бермай келяпти. Қўмита расмийлари Kun.uz'нинг шу мавзудаги кўрсатувда иштирок этиш таклифини рад этган.

Мавзуга оид