Россия Украинани уч кун ичида иккинчи бор ёппасига ўққа тутди
Павлоградда тинч аҳоли вакилларидан камида 34 киши яраланган. РФ мудофаа вазирлиги зарбалардан кўзланган мақсадга эришилганини маълум қилди.
Душанбага ўтар кечаси Россия кучлари яна бир бор Украина ҳудудларига ёппасига ракета зарбалари йўллади. Украина қуролли кучларига кўра, жами 18 та ракета учирилган, украинларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари шундан 15 тасини уриб туширган. Киевда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими барча ҳужумларни қайтарган, аммо Днипропетровск областида ракета зарбаси туфайли ўнлаб кишилар жароҳатланган.
Украина ҚК бош қўмондони Валерий Залужний соат 02:30 да россияликлар Украина ҳудудигга стратегик авиациядан зарбалар йўллагани ҳақида ёзди - Оленегорск райони (Мурманск области) да Ту-95 тўққизта, Каспий денгизи ҳудудидаги Ту-160 иккита ракета учирган.
Унинг сўзларига кўра, самолётлардан жами 18 та Х-101/Х-555 русумли қанотли ракеталар йўлланган, украин ҳарбийлари эса уларнинг 15 тасини йўқ қилган.
Украина ҳудудида уч соат давомида ҳаво тревогаси амалда бўлди.
Павлоградда ракета зарбаси оқибатлари
Энг жиддий вайронгарчиликлар Днипропетровск областининг Павлоград шаҳрида кузатилди - мамлакат шарқидаги бу шаҳар фронт чизиғига 100 км масофада жойлашган.
Ярим тунда ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода ёрқин чақнаш ва портлашларни кўриш мумкин. Россиядаги айрим телеграм-каналлар шунга кўра украинларнинг ўқ-дори омбори зарбага учраганини тахмин қилган.
«Душман ракеталар билан ҳужум қилди. Улардан еттитаси «Восток» ҳаво қўмондонлиги ҳарбийлари томонидан уриб туширилди. Аммо нишонга текканлари ҳам бўлди», дея ёзган тунда Днипропетровск области раҳбари Сергей Лисак ўз телеграм-каналида.
Лисак шаҳардаги саноат корхоналаридан бирида ёнғин бошлангани, ёнғин тез орада ўчирилгани ҳақида хабар қилган. Маъмурият раҳбари «аҳоли яшаш ҳудудида 19 та кўп қаватли уй, 25 та хусусий уй, олтита мактаб ва боғча бинолари, бешта дўкон шикастлангани»ни қўшимча қилган.
Лисакнинг сўзларига кўра, Павлоградда ракета зарбаси оқибатида 34 киши, жумладан уч бола ҳам (энг кичиги саккиз ёшли қизча) турли даражада тан жароҳатлари олган. Лисакнинг маълумотига кўра, 45 ва 55 ёшлардаги икки аёл жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Киевга ҳужум
Кейинроқ Украинанинг кўплаб ҳудудларида, жумладан Киевда ҳам ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи сиреналар янгради ва соат 4 дан 7 га қадар давом этди.
Украина пойтахти маъмурияти хабар беришича, Россия кучлари тунда шаҳарга ракета ва дронлар билан ҳужум қилган, пойтахт томон учиб келган барча ракеталар уриб туширилган.
Буюк Британиянинг Украинадаги элчиси Милинда Симмонс Киевга ҳужумлар қайтарилаётган вақтда твиттерида шундай ёзди: «Ҳозир кўчада жуда кучли шовқин. Овозларга қараганда, Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими Россиянинг «биринчи май будилниги»га жавоб қайтариш учун қаттиқ ишлашига тўғри келмоқда».
РФ мудофаа вазирлиги ҳар кунги брифингида 1 майга ўтар кечаси Украина ҳудуди бўйлаб берилган ракета зарбалари нишони «ҳарбий-саноат мажмуаси объектлари» бўлганини маълум қилди.
Вазирлик хабарида айтилишича, зарба «ҳаво ва денгиздан туриб юқори аниқликда узоқ масофага ҳаракатланувчи қуроллар билан берилган».
«Зарбалардан мақсадга эришилди. Барча белгиланган объектлар аниқ нишонга олинди. Украина қўшинлари учун ўқ-дорилар, қуроллар ва ҳарбий техникалар ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти тўхтатилди», дейилган хабарда.
Бу Россиянинг сўнгги уч кун ичида Украинага иккинчи бор ёппасига ракета зарбалари йўллаши бўлди. 28 апрелга ўтар кечаси Киевс, Черкасс, Днипропетровск ва бошқа областларда портлашлар рўй берганди. Украин ҳарбийларига кўра, Россия ўшанда 23 та қанотли ракета йўллаган, Украина ҚК эса уларнинг 21 тасини уриб туширган. Отишмалар оқибатида бир қанча турар жойлар вайрон қилиниб, камида 25 киши ҳалок бўлган.
Хусусан, Россия ракеталаридан бири Черкасс областининг Уман шаҳридаги тўққиз қаватли уйга келиб урилган ва уйнинг секцияларидан қулаб тушган. Қутқарувчиларнинг маълумотига кўра, бу ерда 23 бола, жумладан беш нафар бола ҳалок бўлди.
Мавзуга оид
13:30
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
23:26 / 09.11.2024
“Ғарбнинг геосиёсий очкўзлиги келишмовчиликлар бош сабаби” – Путиннинг “Валдай”даги чиқиши
17:00 / 09.11.2024
The Telegraph: Трамп режаси Британия қўшинларини Украина чегарасига жойлаштиришни назарда тутади
11:08 / 09.11.2024