Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Белграддаги мактабда отишма: камида саккиз киши ҳалок бўлди
Сербия пойтахтида еттинчи синф ўқувчиси отасининг тўппончасидан мактаб ўқувчиларига қарата ўт очди. Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, бир қўриқчи ва яна етти киши ҳалок бўлган, камида етти нафар ўсмир яраланган, гумонланувчи қўлга олинган.
Белградда ўсмир ўқувчилар ва мактаб қўриқчиларига қарата ўт очди. Сербия Ички ишлар вазирлиги хабарига кўра, воқеа эрталаб соат 8 лар атрофида содир бўлган. “Полиция барча мавжуд патрулларни жўнатди, зудлик билан воқеа жойига бориб, гумон қилинаётган шахсни қўлга олди”, — дейилади вазирлик хабарида.
Бир қўриқчи ва яна етти киши олган жароҳатларидан вафот этгани айтилади, бир неча мактаб ўқувчилари жароҳат олган. Белград матбуотига кўра, етти киши касалхонага ётқизилган, ярадорлар орасида бир ўқитувчи ва уч нафар ўқувчи ҳам бор. Tanjug агентлигига кўра, бир ўсмирнинг аҳволи оғир ва операция қилинмоқда.
Полиция маълумотларига кўра, еттинчи синф ўқувчиси отасининг қуролидан фойдаланган. Полиция унинг рюкзаки ичидан ёндирувчи мосламаларни ҳам топди. Шундан сўнг мактаб эвакуация қилинди, унинг ёнида полиция ва тез ёрдам машиналари навбатчилик қилмоқда.