Жаҳон | 14:47 / 03.05.2023
5377
2 дақиқада ўқилади

Nexta собиқ бош муҳаррири Протасевич 8 йилга қамалди

Nexta Telegram-каналининг собиқ бош муҳаррири бир қатор жиноятларда айбдор деб топилди. Прокуратура Роман Протасевични 10 йилга озодликдан маҳрум қилишни талаб қилди.

Фото: Twitter / Spriter

Минск суди Nexta Telegram-каналининг собиқ бош муҳаррири Роман Протасевич иши бўйича ҳукм чиқарди. 3 май, чоршанба куни Протасевич бир қатор жиноятларда айбдор деб топилиб, 8 йилга озодликдан маҳрум этилди. Аввалроқ Беларус прокуратураси уни 10 йилга озодликдан маҳрум этишни талаб қилган эди.

Аввалроқ айблов билан чиқиш қилар экан, прокуратура суддан Протасевич судгача бўлган келишув шартларини бажарганлигини ҳисобга олишни сўради. Бир қатор моддалар учун жазо сифатида унга максимал муддатнинг ярмидан кўпи тайинланиши мумкин эмас. 

Nexta бўйича суд жараёни 2023 йил феврал ойида бошланган. Судланувчилар 1500 дан ортиқ жиноятларни содир этганликда, жумладан оммавий тартибсизликларни уюштириш, Беларусга қарши санкциялар қўллашга чақириш, экстремистик тузилмани яратиш ёки унга раҳбарлик қилиш, шунингдек, ҳокимиятни эгаллашга уринганликда айбланмоқда. Протасевичга эса 11 та жиноий модда бўйича айблов қўйилган.

Протасевич 2021 йил 23 май куни Минскда қўлга олинган, ўшанда беларуслик диспетчерлар у Афинадан Вилнюсга учган Ryanair самолётини “мина” хабари туфайли аэропортга фавқулодда қўнишга мажбур қилган. Кейинроқ Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ICAO) томонидан олиб борилган тергов натижаларига кўра, бомба ҳақидаги хабар ёлғон экани ва у Беларус ҳукуматининг юқори мартабали амалдорлари кўрсатмаси билан экипажга етказилгани аниқланган.

Мавзуга оид