Жамият | 16:07 / 06.05.2023
28149
4 дақиқада ўқилади

Мардикорлик – мардлар иши. “40 ҳунарли” уста ҳикояси

Жўрабек ака Ғозиев 3 фарзанднинг отаси. У бир неча йил аввал мардикор бозорига иш қидириб чиқар эди. Ҳалол меҳнати билан кўплаб таниш-билиш орттирган уста ҳозирда телефон орқали хонадонларга чақирилади. Мардикор бозорига чиқмай қўйганига анча бўлди. Таълим даргоҳларидан бирида қоровуллик қилади.

У билмаган ҳунарнинг ўзи йўқ. Ишдан бўш пайтларида одамларнинг оғирини енгил қилади. Соатсоз, пайвандчи, электрик, тандирчи, трактор ҳайдовчиси, ошпазлик, устачилик – буларнинг барчаси қўлидан келади.

Жўрабек Ғозиев

Ишлатиб пул бермайдиганлар ҳам топилади

Фарғона туманининг Аввал қишлоғида яшайман. 51 ёшга кирдим. 3 ўғлим бор. Ризқимизга яраша тирикчилик қилиб юрибмиз. Одамларнинг уйига бориб юмушларини бажариб бераман. Ундан ташқари, икки кунда бир Фарғона давлат университети биносида қоровуллик қиламан.

Ўғилларим инглиз ва корейс тилидан репетиторга боришади. Ойлигимнинг ярмини болалар ўқишига сарфлайман. Уларнинг ўқимишли бўлишини хоҳлайман.

Авваллари билагим кучга тўлган вақтда том ёпиб, сувоқ ишларини ҳам бажарардим. Ҳозир эса асосан тандир, уйларга печка, ўчоқ ясайман. Қоровулликда навбатчиликдан чиқиб дам олган пайтда мардикорлик қиламан.

Мардикорликдан кунига 150–200 минг сўмгача топаман. Ўзганинг хонадонига борганингиздан кейин керакли асбоб-ускуна бўлиши зарур. Шунинг учун ҳам ҳар эҳтимолга қарши ўзим билан бирга пайвандлаш ускунасидан тортиб электр арраларгача олиб йўлга чиқаман. Белгиланган ишдан ташқари қўшимча юмушларни ҳам бажариб қайтаман.

Баъзи одамлар эҳсон тариқасида ваъда қилинган пулга қўшиб беради. Мардикорга паст назар билан қарайдиганлар ҳам топилади. Баъзилар ишлатиб бўлиб, пул беришга келганда ҳар хил баҳоналар қилиш йўлига ўтади.

Баъзи хонадонлар тушликни атай ишни тугатиб кетар пайтингизда қилиб беради. Бундай ҳолатда мардикор ҳам ноқулай вазиятга тушиб қолади.

“Мардикорнинг тери қуригунча пулини бер”

Мардикорчиликда энг ёмони уй эгаси ишлатиб бўлиб, ҳақингизни бермагани. Пешона тери билан азобда ишлаб ҳақингизни ололмасангиз алам қилади. Лекин мен одатда бундай ҳолатларда пулдан кечиб уйга қайтаман. Қўлимдан кўп ҳунар келгани учунми, хонадон эгаси билан тортишиб ўтиришни ўзимга эп кўрмайман.

Айрим кимсалар бировнинг ҳақидан қўрқмайди. Бошига ташвиш тушсагина хато қилганини англаб етишади.

Ўтган йили бир воқеа бўлди. Қоровулликда навбатда эканимда кимдир излаб келиб пул ташлаб кетибди. Турмуш ўртоғимнинг телефонидан қўнғироқ қилиб ўзини таништирди ҳам. Унинг ким эканини кейинроқ эсладим. Қўнғироқ қилган кимса хонадонида ишлатиб, хизмат ҳақимизни бермаган эди. Унинг уйида 4 киши ишлаган эдик. Пул берадиган пайтга келиб хонадон соҳиби атай кўчага чиқиб кетиб қайтиб келмади. Пулдан умидимизни узиб ноилож уйга қайтдик. Қўли юпун, уйида ҳеч вақоси йўқ мардикор шерикларимиздан бири тонггача уй эгаси қайтиб келиб пул беришини кута-кута уйига пулсиз қайтган.

Бировнинг ҳақидан қўрқмаган одамнинг бир йил ичида бошига кўп ташвиш тушди. Хато қилганини тушуниб етиб ўша пулни бериб кетибди. Эскилар бекорга айтмаган, мардикорнинг тери қуригунча пулини бер деб.

Фарзандларим мардикор бўлмайди...

Фарзандларим қийинчилик билан пул топаётганимни тушуниб етишади. Улар анча улғайиб қолишди. Ўғил бола бўлса ҳам ишдан келгунимча овқатимгача тайёрлаб қўйишади. Фарзандларим менга ўхшаб мардикор бўлишини хоҳламайман. Уларга астойдил ўқишлари учун барча шароитларни қилиб беряпман. Ўқитиб жамиятимизга керакли инсон қилиб тарбияламоқчиман.

Сарвар Зиёев,
Жаҳонгир Алибоев
Kun.uz

Мавзуга оид