Жаҳон | 22:38 / 08.05.2023
12449
2 дақиқада ўқилади

АҚШ махфий ҳужжатлари телеграм-чатларда сотилмоқда – ОАВ

Ҳужжатлар орасида ФҚБ ходимлари рўйхати, АҚШ ҳарбий самолётлари учун махфий йўриқномалар, барча штатлардаги полиция ходимлари маълумотлари ва Хитойга, Россия-Украина урушига алоқадор маълумотлар бор. 

Фото: Financial Times

Ҳакерлар АҚШ разведка агентликларининг махфий ҳужжатларини, шу жумладан АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари аскари Жек Тейшейра томонидан сиздирилган ҳужжатларни ҳам телеграм-чатларда сотмоқда. Бу ҳақда Financial Times ёзди. 

Ҳужжатлар орасида ФҚБ ходимлари рўйхати, АҚШ ҳарбий самолётлари учун махфий йўриқномалар, барча штатлардаги полиция ходимлари маълумотлари ва Наркотикларга қарши кураш бошқармаси қўлланмалари бор. Бундан ташқари, ошкор қилинган ҳужжатлар Хитойга ва Россия-Украина урушига ҳам тааллуқли. Барча юкланган файлларни пароллар ёки махсус дастурларсиз очиш мумкин. FT бу маълумотларни 2 ҳафтадан ортиқ вақт давомида бир неча телеграм-чатларини кузатиб аниқлаган. 

Газетанинг ҳисоб-китобларига кўра, махфий ҳужжатларнинг минглаб саҳифалари чатларда сотилмоқда. Уларнинг баъзилари АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари вакили Тейшейра томонидан «сиздирилган» ҳужжатлар, аммо янгилари ҳам бор. Масалан, махфий корпоратив маълумотлар, шунингдек, АҚШ ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва технологик корпорациялар ўртасидаги махфий ёзишмалар. 

Газетанинг қайд этишича, махфий маълумотлар ошкор қилинадиган чатлар баъзида бир нечта иштирокчидан иборат. Савдо «паст малакали ҳакерлар ва фитна назариётчилари» ўртасида амалга оширилмоқда. «Энг яхши маҳсулотлар» кредит карта маълумотлари каби сиздирилган тижорат маълумотларига алмаштирилмоқда. 

Аввалроқ, Қўшма Штатларнинг 100 дан ортиқ махфий ҳужжатлари ижтимоий тармоқларда сиздирилган эди. Ҳужжатларда Украинадаги ҳарбийларнинг жойлашуви, Украина ҳаво ҳужумига қарши мудофаа ва ҳарбий техникаси, шунингдек, Киевга АҚШ ва бошқа давлатлар томонидан таъминот ҳақида маълумотлар бор. Кейинчалик бу факт бўйича АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари аскари Жек Тейшейра қўлга олинди. Кейинчалик маълум бўлишича, махфий маълумотлар 2022 йил февралидан 2023 йил мартигача сиздирилган. 

Мавзуга оид