Жаҳон | 11:18 / 08.05.2023
7945
2 дақиқада ўқилади

Хитойга 276 кун коинотда бўлган космик кема қайтиб келди

Синов парвози доирасида космик техникадан қайта фойдаланиш технологиялари синовдан ўтказилди. Хитой давлат оммавий ахборот воситалари космик технологиялар соҳасидаги йирик ютуқ ҳақида хабар беришди. 

Фото: Reuters

Хитойда экспериментал космик кема орбитада 276 кун бўлганидан кейин Ерга қайтди. 8 май, душанба куни бўлиб ўтган воқеа ҳақида хабар берган Хитой давлат оммавий ахборот воситаларининг таъкидлашича, миссия Хитой космик технологиясини ривожлантиришда муҳим босқич бўлади. 

Маълумотларга кўра, учувчисиз кема Хитой шимоли-ғарбидаги космодромга ўз вақтида қайтган. Хабарларда қайси кема Ерга қайтгани, қандай махсус технологиялар синовдан ўтказилгани, парвоз баландлиги қандай бўлганлиги ва ўтган йилнинг август ойи бошидан буён кема қандай орбиталарда бўлгани ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган. 

Кеманинг Ерга қайтган суратлари ҳам чоп этилмаган. Хабарларда фақат айтилишича, ўтказилган синовлар келажакда космик миссияларни амалга оширишнинг қулайроқ ва арзонроқ усулини таъминлайдиган қайта ишлатиладиган космик кемаларни яратишда катта ютуқ бўлди. 

2021 йилда Хитой коинотга худди шундай космик кемани учирганди, у орбитага етиб борган ва ўша куниёқ Ерга қайтган. Бу миссия ҳам махфий тарзда амалга оширилган. Маълумотларга кўра, ўшанда кема «горизонтал» қўнишни амалга оширган. 

Хитой ижтимоий тармоқлари фойдаланувчиларининг фикрича, Пекин АҚШнинг X-37B каби орбитада йиллар давомида қолиши мумкин бўлган автоном космик самолётни ишлаб чиқмоқда. Учувчисиз X-37B кемаси ўтган йилнинг ноябрь ойида орбитада 900 кундан ортиқ вақт ўтказган ҳолда олтинчи миссиясини якунлади.  

Мавзуга оид