Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ Жанубий Африкани Россияга қурол етказиб беришда айблади
Жанубий Африка президенти айбловларга кейинроқ жавоб беришини айтди.
Қўшма Штатларнинг Жанубий Африкадаги элчиси Рубен Брижети маҳаллий ҳукуматни Украинага қарши урушда бетарафлик эълон қилганига қарамай, Россияга қурол ва ўқ-дори етказиб беришда айблади.
Бу ҳақда элчи 11 май куни Претория шаҳрида бўлиб ўтган матбуот анжуманида гапирди. Унинг сўзларига кўра, АҚШ Жанубий Африкани Россияга қурол етказиб беришда иштирок этганига ишонч ҳосил қилиш учун етарли асосларга эга. Гарчи бу давлат Россия-Украина можаросида бетарафлигини ошкора эълон қилган бўлса ҳам.
«Биз пайқаган нарсалар қаторида Россиянинг Lady R юк кемаси ҳам бор. У 2022 йил 6-8 декабрь кунлари Саймонстаун шаҳри портида бўлган. Россияга қайтгач эса қурол ва ўқ-дориларни туширган», деди элчи.
Саймонстаун шаҳрида Жанубий Африка денгиз кучларининг базаси жойлашган. Ушбу кеманинг 2022 йил 6-8 декабрь кунлари базага кириши мамлакатда ҳам беэътибор қолмаган эди. Чунки кеманинг Ғарб санкциялари остида экани маълум.
Жанубий Африка президенти Сирил Рамапоса мамлакат парламенти йиғилишида элчининг баёнотларига кейинроқ жавоб беришини айтди.
«Бу масала ўрганилмоқда, вақт ўтиши билан бу ҳақда гаплашишимиз мумкин бўлади», деб жавоб берди у мухолифат вакилининг саволига.
АҚШ разведкасининг қурол-яроғ етказиш бўйича маълумотларини қанчалик тўғри деб ҳисоблаш мумкинлиги ҳақидаги саволга Брижети ўз ҳаёти билан қасам ичишга тайёрлигини айтди. АҚШ Давлат департаменти бу даъволарга ҳали ҳеч нарса қўшимча қилмади.
Шунингдек, элчи матбуот анжуманида америкаликлар Жанубий Африка ҳукуматига Украина босқинининг 1 йиллиги муносабати билан Россия ва Хитой қўшма ҳарбий машғулотларида иштирок этиши юзасидан ўз хавотирларини билдирганини айтди.
Ҳарбий-денгиз машқлари февраль ойида ўтказилган эди. Жанубий Африка мухолифати вакиллари уни танқид қилиб, Россия босқинини маъқуллаш сифатида эътироф этишди.
Аввалроқ Жанубий Африка БМТ ассамблеясида Россиянинг Украинага бостириб кириши қоралаган резолюцияга овоз беришда бетараф қолди. Шунингдек, Жанубий Африка Ғарбнинг Россияга қарши санкцияларига қўшилишдан бош тортди.
Май ойи бошида Жанубий Африканинг етакчи газетаси Sunday Times маҳаллий ҳукумат Кремлни Россия президенти Владимир Путиннинг август ойида Жанубий Африкада бўлиб ўтадиган БРИКС саммитига ташриф буюриш ғоясидан воз кечишга кўндиришга уринаётганини даъво қилди. Бунга Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди (ХЖС) томонидан Путинни ҳибсга олиш ҳақидаги ордер сабаб бўлди. ХЖС қарорларининг бажарилиши Рим статутини имзолаган мамлакатлар, шу жумладан Жанубий Африка учун мажбурийдир.
Ҳозир Претория Москва билан музокаралар олиб бормоқда ва Путинга видеоалоқа орқали БРИКС саммитида иштирок этишни таклиф қилмоқда.
Рамапоса мамлакат вице-президенти бошчилигида махсус қўмита тузган, у Путинни ҳибсга олиш учун ордер берилиши муносабати билан ҳокимият ҳаракатлари вариантларини ўрганиши керак. Ҳозирча бу қўмита «Путиннинг ташриф буюришига имкон берадиган ҳеч қандай вариантни» топа олмаган.
Апрель ойида Рамапоса администрацияси мамлакат Рим статутидан чиқишни режалаштирмаётгани ҳақида баёнот берган эди.
Мавзуга оид
08:51 / 04.06.2026
Кувайт аэропортида Эроннинг дрон зарбаси оқибатида 1 киши вафот эди, ўнлаб инсонлар жароҳатланди
15:12 / 26.05.2026
Наркожиноятда айбланиб, қидирувда бўлган ўзбекистонлик АҚШдан депортация қилинди
13:11 / 28.05.2025
NYT: Россия Запорижжя АЭСни ўз энерготизимига улашни режалаштирмоқда
11:00 / 28.05.2025