Ўзбекистон | 14:08 / 11.05.2023
42962
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда уч қаватга рухсат берилган бино 12 қават қилиб қурилгани аниқланди

Тадбиркор ноқонуний тартибда қўшимча 9 қават ва мансарда қурган.

Фото: Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги

Тошкент шаҳрида 3 қават қилиб қурилиши режалаштирилган бинода ноқонуний тартибда қўшимча 9 қават ва мансарда қурган тадбиркор аниқланди. Бу ҳақда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги хабар бермоқда.

Қайд этилишича, Учтепа тумани 23-мавзе ҳудудида буюртмачи Max group house МЧЖ томонидан қурилаётган савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуасида қурилиш-монтаж ишларини бошлаш тўғрисида 2021 йилда назорат инспекциясига хабарнома юборилган. Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармасининг тегишли хулосаси билан бино эскиз лойиҳаси 3 қаватга келишилган.

2021 йилда эса ушбу объектда лойиҳадан четга чиққан ҳолда қўшимча қаватлар қурилиши аниқланган. Мазкур қоидабузарлик юзасидан бир неча марта ёзма кўрсатма ҳамда огоҳлантириш хатлари берилишига қарамасдан қурилиш ишлари давом эттирилган.

Фото: Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги

Ҳозирда тадбиркор Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 99-моддаси (шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) тегишли бандлари асосида жавобгарликка тортилган ҳамда ушбу объект юзасидан суд органларига даъво аризалари киритилган.

Вазирликнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, ҳудудий назорат инспекцияси вазиятни ўрганиб чиққан ва ҳозирда бинонинг қурилиш ишлари тўхтатилган. «Судга қўшимча қурилган бинони бузиш бўйича даъво аризаси киритилди. Бино 12+1 қаватдан иборат экан. Буни ўша куни ўрганиш олиб борган вақтимизда аниқладик», дея маълумот берди вазирлик ходими.

  • 2023 йил феврал ойи ўрталарида Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманида фуқаролар 10 қаватли уй томига уй қуриб олгани аниқланганди. Ноқонуний қурилишни 15 кунда бузиб ташлаш бўйича кўрсатма берилган.
  • Қурилиш вазирлиги маълумотига кўра, 2022 йилда кўп квартирали уйлардаги қонунбузилиш ҳолатлари учун 6 млрд сўмлик жарималар расмийлаштирилган.

 

Мавзуга оид