Жаҳон | 18:40 / 15.05.2023
29180
3 дақиқада ўқилади

Лукашенко кўздан ғойиб бўлиб қолди. У чиндан касалми?

У 9 майдан буён ҳеч қаерда кўриниш бермади — ва ҳеч қандай расмий баёнот бермади.

Фото: Reuters

Беларус президенти Александр Лукашенко бу сафар Давлат байроғи, герби ва мадҳияси кунида жамоатчиликка кўриниш бермади.

Президент сайтида Лукашенко номидан табрик эълон қилинган, аммо шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда президент табриги бош вазир Роман Головченко томонидан ўқиб эшиттирилган.

«Спектр» нашри қайд этишича, сўнгги икки йилда Лукашенко бу каби байрамларда шахсан иштирок этганди. Авваллари бу байрам «Давлат герби ва Давлат байроғи куни» деб аталган, аммо 12 апрелда номга мадҳия сўзи ҳам қўшилган.

Беларус президенти сўнгги марта 9 май куни Москвадаги Ғалаба парадида жамоатчиликка кўриниш берганди.

Ўшанда журналистлар Александр Лукашенко ўзини ғалати тутаётганига эътибор қаратишганди. У ҳорғин кўринган, Қизил майдон бўйлаб 300 метр масофани босиб ўта олмаган, электрокардан фойдаланишига тўғри келганди.

Шунингдек, унинг қўли бинтланганини пайқашганди - бундай боғич одатда томизгичдан кейин қўйилади. Бундан ташқари, Лукашенко Путин ва Москвага ташриф буюрган давлат раҳбарлари билан бирга тушликка ҳам қолмаганди.

У Минскка учиб кетган, аммо анъанага зид ўлароқ 9 май шарафига уюштирилган тантаналарда қатнашмаганди. Лукашенконинг ўрнига, унинг топшириғига кўра, байрам табриги мудофаа вазири Виктор Хренин томонидан ўқиб эшиттирилганди.

  • Бу хабар эълон қилинганидан бироз вақт ўтганида Лукашенконинг матбуот хизмати унинг ҳарбий либосдаги суратини эълон қилди.
Москвадаги парад вақтида унинг ўнг қўлида боғич бор эди, бу сафар боғич чап қўлда.

РФ Давлат думаси МДҲ ишлари бўйича қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Константин Затулин «Подъём» нашрига Лукашенко бетоблигини тасдиқлаган, аммо айнан қандай касалликка чалинганига аниқлик киритмаган.

«Бу ерда ғайритабиий нарса йўқ, бу ковид эмас. Одам шунчаки касал бўлиб қолган. Бетоблигига қарамай, бу одам, Моксвага келишни ўз бурчи деб билган, кейин ўша куни кечқурун Минскда тадбирлар ўтказган. Турган гапки, бироз дам олиши керак - бори шу», деган Затулин.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Александр Лукашенконинг соғлиги бўйича расмий баёнотларга асосланишга чақирди.

«Расмий хабарларга таяниш керак. Минскдан бундай расмий хабарлар йўқ ва бу ўринда, биз расмий ахборотга таяниш керак деб ҳисоблаймиз», деган у Кремл Лукашенконинг аҳволи ёмонлашгани тўғрисидаги хабарларга қандай муносабатда бўлиши сўралганида.

Беларус мухолифатчиси Павел Латушко эса Лукашенко инфекцияли-аллергик миокардитга чалингани ҳақида айтди.

Инфекцияли-аллергик миокардит — юрак мушаги касаллиги бўлиб, турли инфекциялар (масалан, грипп) туфайли юзага келади. Аломатлари: нафас олиш оғирлашиши, лоҳас ҳис қилиш, тахикардия, юракдаги ва бўғимлардаги оғриқлар.

Мавзуга оид