Жаҳон | 19:10 / 16.05.2023
20386
2 дақиқада ўқилади

Бу сўнгги огоҳлантириш, АҚШда дефолтга икки ҳафта қолди - Йеллен

АҚШ молия вазири Жанет Йеллен қонунчиларга ҳукуматнинг молиявий аҳволи қалтислиги ҳақидаги сўнгги огоҳлантириш хатини юборди.

Фото: Reuters

АҚШ молия вазири Жанет Йеллен, агар Конгресс қарз лимитини оширмаса ёки тўхтатмаса, 1 июнгача ўз мажбуриятлари бўйича пул тўлаш учун маблағ қолмаслигидан огоҳлантирди.

Аввалроқ, Молия вазирлиги 1 июн куни ҳал қилувчи сана экани, шундан сўнг, федерал ҳукумат ўз қарзларини тўламаслиги мумкинлиги ҳақида ҳам маълум қилган эди.

Қонунчиларга йўллаган мактубида Йеллен федерал ҳукуматнинг нақд пули тугаши мумкин бўлган ҳақиқий сана бу тахминлардан бир неча кун ёки ҳафта кейинроқ бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

«Қарз лимитини тўхтатиб туриш ёки ошириш учун сўнгги дақиқагача кутиш бизнес ва истеъмолчилар ишончига жиддий путур етказиши, солиқ тўловчилар учун қисқа муддатли қарз олиш харажатларини ошириши ва АҚШ кредит рейтингига салбий таъсир кўрсатиши мумкин», деди Йеллен.

Молия вазирлиги 19 январдан бошлаб 31,4 триллион долларлик қарз чегарасини бузмасдан, тўловларни амалга ошириш учун фавқулодда чоралар деб номланувчи бухгалтерия манёврларидан фойдаланмоқда.

2022 йил июл ойида JPMorgan АҚШ иқтисодиёти рецессия ёқасида эканини эълон қилди. 2022 йил сентябр ойида АҚШ фонд индекслари икки йиллик энг паст даражага тушди.

2023 йилнинг 7 февралида АҚШ молия вазири Жанет Йеллен Конгрессни мамлакат июнь ойидаёқ молиявий мажбуриятларини бажара олмай қолиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Йеллен, шунингдек, агар қарзни чеклаш бўйича келишувга эришилмаса, «глобал молиявий инқироз» бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Мавзуга оид