Жаҳон | 11:42 / 16.05.2023
10867
2 дақиқада ўқилади

Покистонда собиқ бош вазир озод этилганидан кейин янги намойишлар бўлиб ўтди

Покистон ҳукмрон коалиция тарафдорлари мухолифат етакчиси Имрон Хоннинг озод этилишига қарши чиқди. Аввалроқ унинг ҳибсга олиниши тартибсизликларга сабаб бўлган эди.

Фото: AP

Покистон пойтахти Исломободда 15 май, душанба куни ҳибсга олиниши тартибсизликларга сабаб бўлган собиқ бош вазир Имрон Хоннинг озод этилишига қарши намойиш бўлиб ўтди. Бу сафар норозилик намойишлари ҳукмрон коалиция ташаббуси билан бошланди – расмийлар Олий суднинг Покистон мухолифати етакчисини гаров эвазига озод қилиш ҳақидаги қароридан норози.

Ҳукмрон коалициянинг 7000 га яқин тарафдорлари Олий суд биноси жойлашган Исломободдаги ўраб олинган ҳукумат қароргоҳига бостириб киришди, бироқ ҳозир вазият “назорат остида”, дея хабар беради dpa ахборот агентлиги. Покистон ҳукуматининг норозиликларга чақириғи кузатувчилар томонидан бош вазир Шеҳбоз Шариф бошчилигидаги коалициянинг Имрон Хон тарафдорларига кучини кўрсатишга уриниши сифатида баҳоланмоқда.

Покистон мухолифати ва ҳукумати ўртасидаги зиддият бир неча ойдан бери давом этмоқда. Хон 9 май куни ҳибсга олинганидан сўнг мамлакатда тартибсизликлар бошланди, улар давомида камида саккиз киши ҳалок бўлди, 2000 га яқин киши ҳибсга олинди.

Имрон Хон 2022 йил апрелида ишончсизлик вотуми натижасида бош вазирликдан кетган эди. Ўшандан бери Покистон расмийлари унга қарши коррупция, терроризм ва пул ювиш каби 100 га яқин айбловлар қўйган. Мухолифат тарафдорлари таъқибларда сиёсий сабаблар бор, деб ҳисоблайди.

Мавзуга оид