Бухоро, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида наркосавдогарлар ушланди
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Бухоро, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида наркосавдогарлар ушланди. Бу ҳақда ДХХ хабар бермоқда.
Давлат хавфсизлик хизматининг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Сурхондарё вилоятининг Денов туманида туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жинояти учун судланган, ҳозирда Когон туманидаги фермер хўжаликда қоровул бўлиб ишловчи фуқаро ушланди ва ундан келгусида сотиш мақсадида сақлаб келинаётган 581 гр “опий” моддаси процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Шунингдек, тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида Бухоро шаҳрида яшовчи фуқаро ушбу наркосавдогардан муқаддам 158 гр. “опий” моддасини сотиб олганлиги аниқланиб, ундан ҳам ашёвий далиллар тегишли тартибда расмийлаштириб олинди. Мазкур гиёҳвандлик воситалари Тожикистондан контрабанда йўли билан мамлакатга олиб келинган.
Сирдарё вилоятида кузатилган ҳолатда эса “Сурхондарё – Тошкент” йўналишида ҳаракатланаётган “Кобальт” русумли автомашина Давлат хавфсизлик хизмати, ички ишлар ва божхона органлари ходимлари томонидан “Сирдарё” ЙПХ масканида тўхтатилиб текширилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган Денов туманида яшовчи фуқаро ёнида 286 гр “гашиш” моддаси борлиги аниқланди ва ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди. Аниқланишича, мазкур гиёҳвандлик воситалари Тожикистондан олиб келинган.
Бу йўналишда Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича Бошқармаси ходимлари ҳам бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда бир нечта тезкор тадбирлар ўтказишди.
Фарғона шаҳрида яшовчи фуқаро бошқарувидаги “Малибу” русумли автомашина “Қува - Фарғона” йўналишида ҳаракатланаётган вақтида тўхтатилганда, у ходимларнинг қонуний талабларига бўйсунмасдан, воқеа жойидан қочишга уринган. Тезкор гуруҳ томонидан кўрилган чоралар натижасида автомашина тўхтатилиб, унинг ҳайдовчиси ва салонида бўлган 2 нафар фуқаро ушланган ҳамда улар томонидан йўл четига улоқтириб юборилган 905 гр “гашиш” моддаси процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Сўнгра Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида яшовчи фуқаро бошқарувидаги “Матиз” русумли автомашина Марғилон шаҳрида тўхтатилиб текширилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган Наманган шаҳрида яшовчи фуқарога тегишли 925 гр “гашиш” моддаси борлиги маълум бўлган ва ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган. Тезкор тадбир давом эттирилиб ушбу наркотик моддаларни Тожикистондан буюртма қилиб, Қирғизистон орқали олиб келтирган Бешариқ туманида яшовчи шахс ҳам ушланди.
Бошқа ҳолатда эса Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Қирғизистондан контрабанда йўли билан келтирилган 957 гр “гашиш” моддасини олиб, йўловчи машинада Қува тумани ҳудудида ҳаракатланаётган вақтида қўлга олинган.
“Наманган - Қўқон” йўналишида ҳаракатланаётган, Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро бошқарувидаги “Ласетти” русумли автотранспорт воситаси Қўқон шаҳри ҳудудида тўхтатилиб кўздан кечирилганда, автомашина салонида 833 гр “гашиш” моддаси борлиги маълум бўлган ва процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
16:53
Наманганда 4 кишини Британияга ишга юбориш эвазига 12 минг доллар олган шахс ушланди
11:34 / 20.11.2024
Тошкентда ўқувчилар орасида синтетик наркотик истеъмол қилиш кўпаяётгани айтилди
14:55 / 15.11.2024
ДХХ раиси Ўзбекистондаги муҳим ахборот инфратузилмаларини тоифалашга доир буйруқ чиқарди
23:25 / 09.11.2024