Жаҳон | 15:42 / 22.05.2023
7394
2 дақиқада ўқилади

Nexta Telegram-канали собиқ бош муҳаррири Роман Протасевич афв этилди

Фото: Белта

Беларусда 8 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Nexta Telegram-каналининг собиқ бош муҳаррири Роман Протасевич афв этилди, деб ёзади «Белта».

Май ойи бошида Минск суди Nexta Telegram-каналининг собиқ бош муҳаррири Роман Протасевич иши бўйича ҳукм чиқарганди. Протасевич бир қатор жиноятларда айбдор деб топилиб, 8 йилга озодликдан маҳрум этилди. 

Nexta бўйича суд жараёни 2023 йил феврал ойида бошланган. 

Судланувчилар 1500 дан ортиқ жиноятларни содир этганликда, жумладан оммавий тартибсизликларни уюштириш, Беларусга қарши санкциялар қўллашга чақириш, экстремистик тузилмани яратиш ёки унга раҳбарлик қилиш, шунингдек, ҳокимиятни эгаллашга уринганликда айбланмоқда. Протасевичга эса 11 та жиноий модда бўйича айблов қўйилган.

Протасевич 2021 йил 23 май куни Минскда қўлга олинган, ўшанда беларуслик диспетчерлар у Афинадан Вилнюсга учган Ryanair самолётини «мина» хабари туфайли аэропортга фавқулодда қўнишга мажбур қилган. 

Кейинроқ Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ICAO) томонидан олиб борилган тергов натижаларига кўра, бомба ҳақидаги хабар ёлғон экани ва у Беларус ҳукуматининг юқори мартабали амалдорлари кўрсатмаси билан экипажга етказилгани аниқланган.

Мавзуга оид