Жамият | 17:48 / 24.05.2023
22033
6 дақиқада ўқилади

Инсон бўлиб яшашга ундовчи асар — “Пуанкаре” ҳақида

– Худойим, мени ўттиз йил орқага қайтар, қайтар, Худойим...

Ушбу жумлаларни ўқир экансиз, ҳар кимнинг хаёлига ўзининг қалб тубига чўкиб қолган, ҳар замон жизиллаб қўядиган оғриқли армони келгани аниқ. Ҳамма инсоннинг ўз хатоси, армонлари бор. “Вақт ортга қайтиб қолганда эди, фалон қилган бўлардим”, дегич афсуслари бисёр. Юқоридаги нидо қилувчи одам Абдуқаюм Йўлдошевнинг “Пуанкаре” асари бош қаҳрамонидир. Унинг эришишга қаттиқ ҳаракат қилган, эришолмагач телба бўлган бир орзуси бор эди...

Сюжет:

Асар қаҳрамони институтни битириш чоғларида бирдан Пуанкаре гипотезаси шайдосига айланади ва фикри-хаёли шу гипотезанинг ечимини топиш бўлиб қолади. Тун-у кун туз тотмай, ухламай шу масалага тутунади. Ҳаракатлари зое кетмай, ечим йўлида анча олдга силжийди ҳам. Аммо оиланинг тўнғич фарзандидан тезроқ уйланиш талаб этилади. Ҳаммаси уйлангандан сўнг бошланади...

Қаҳрамонимиз орзу қилиб юрган пари қаергадир учиб, ўрнига ношукр, қаноатсиз, эрини тушунишдан йироқ бўлган аёл келиб қолади. Йигит энди жамоавий ётоқхона, икки дона тухум, қайнатилган картошкага қаноат қилиб, бемалол масалани ечиш билан шуғулланолмасди. Унга уй олиш, рўзғорни яхшироқ тебратиш, фарзандларининг келажагини таъминлаш, бирор бизнес бошлаш сингари талаблар кўндаланг қўйилди.

Ҳаётнинг ҳар хил макрларига, алдашларига чалғиган йигит орадан анча йиллар ўтиб кетганини билмай қолди. Бу орада бир қанча бизнес бошлашга ҳаракат қилди. Иши юришмади (илм фан одами эди-да). Энди унинг ягона умиди бирор шогирд топиб, биргаликда ҳаракат қилиш эди. Шогирд топдиям. У билан бирга ҳаракат қилишга келишилди, ҳатто агар уддасидан чиқолсалар, мукофот учун қўйилган катта миқдордаги пулдан ҳам воз кечади. Унинг учун энди фақат мақсадга етиш, дунёдан армонсиз ўтиш муҳим эди. Шунинг учун ҳам у яна талабалик йилларидагидек кўтаринки кайфиятда орзулар қила бошлади.

Аммо бу кўтаринкилик узоққа бормади. Шогирди бирдан уйланадиган бўлиб қолди. Тўй ўтгач иштиёқ билан масала ечимига киришишга ваъда ҳам берди. Аммо устоз билардики, уйлангач... Ҳа, майли. Қўлидан нима келарди. Уйланма деёлмаса...

Кунларнинг бирида қаҳрамонимиз интернетда гипотеза ечимини топишганини кўриб қолади. Уни Санкт-Петербургда яшовчи, институтда катта илмий ходим бўлган 41 ёшли Григорий Перелман исботлабди. Унга энг алам қиладигани ўзи ҳам гипотезанинг 99 фоизини тўғри бажаргани, ечимгача атиги бир қадамгина қолгани эди. Агар озгина, озгинагина вақт ва имкон бўлганида эди, орзусига етган бўларди. Аммо ҳаётнинг икир-чикири тугамади, майда-чуйдалари оёғидан чалишдан чарчамади. Оқибатда, катта мақсадидан айрилди.

Қаҳрамонимиз телбага айланди. Жиннихонага тушди. У нидо қиларди:

– Худойим, мени ўттиз йил орқага қайтар, қайтар, Худойим...

Таҳлил:

Бу дунёда ҳар кимнинг ўз Пуанкареси бор. Инсон мақсадсиз яшолмайди. Ҳамманинг мақсади мавжуд. Аммо шу мақсадлар турлича бўлади. Кимдадир катта, кимдадир кичик, кимдадир эса олий. Ҳаётда майда-чуйда юмушлар, чалғитувчи омиллар кўп. Сиз ўз йўлингизда мақсадингиз сари дадил юриб бораркансиз, ана шу майда-чуйдаликлар, маиший муаммолар, тириклик ташвишлари йўлингизга тўсиқ бўлиб, чалғитишга уринади.

Агар чалғиб, бирорта тўсиқни бартараф қилишга овора бўлиб қолсак, албатта, иккинчиси ҳам тайёр турган бўлади. Оқибатда умр ўтиб кетганини билмай қоламиз. Кейин эса биз забт этмоқчи бўлган чўққида ўзгани кўргач, дарди дунёмиз қоронғилашади.

Асарда Пуанкаре фақат мақсад эмас, виждон рамзида ҳам келган. Виждонимизнинг кўплаб шартлари мавжуд. Шу шартлардан ўтолсак, бирма-бир тугунларни ечиб, масалани исбот қилолсак, ҳаётимиз сўнгида одамийлик чўққисини забт этганимизни ҳис қиламиз. Аксинча бўлса, виждонимизни бой бериб қўйган ҳисобланамиз.

Эркак киши учун яхши аёл дунёнинг ярим матоси. Ярми эса иймонидир. Шундай экан жуфт танлашда ҳам ҳар бир шахс ҳушёр бўлиши, яхшилаб фикр қилиши лозимлиги асарда яққол кўринади. Дунёқараши, қизиқишлари бир-бирига тўғри келган, ўзаро яхши келиша оладиган, бир-бирини қўллайдиган жуфтликларнинг ҳаёти муваффақиятларга бой бўлади.

Қаҳрамонимиз каби илм йўлидаги шахсларга илмни тушунадиган, фанни қувватловчи қаноатли аёл муносиб. Аёли учун эса бизнесмен, топармон-тутармон умр йўлдош учраганда эди ҳаётдан рози яшарди, балки. Аммо ундай бўлмади. Иккиси бир оилада яшарди-ю, гўё икки қутбда эдилар. Шунинг учун ҳам адиб ҳикоя орқали бир-бирини яқин билмай, ўзгалар аралашуви билан ҳаёт ипини боғлаш тушунчасини қаттиқ қоралайди.

Дунёга бир бор келамиз, умр эса ўткинчи. Шу ўткинчи ҳаётда барҳаёт бўлиш учун, ҳечқурса, кетишда кўнгил тинчиши учун одам “ниманидир” уддалаган бўлиши керак. Олий мақсадингизни ўйланг. Ҳаракат қилинг ва ўзингизни топинг, ўзлигингизни исботланг!

Гуласал Қодирова, китобхон

Мавзуга оид