Ўзбекистон | 15:11 / 27.05.2023
24595
2 дақиқада ўқилади

Ҳалима Ёқуб Тошкентдаги ресторанлардан бирига борди. Эри доира чалди

Сингапур президенти Ҳалима Ёқуб турмуш ўртоғи Муҳаммад Абдулла Алҳабши билан Ўзбекистон пойтахтидаги ресторанлардан бирига ташриф буюрди. Ижтимоий тармоқларда тегишли кадрлар пайдо бўлди.

Ҳалима Ёқуб Тошкентдаги ресторанлардан бирида

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг ёзишича, улар у ерда Ўзбекистон расмий вакиллари иштирокисиз кечки овқатни тановул қилган, мусиқачилар билан суратга тушган, Ҳалима Ёқуб эса меҳмонлар китобига ёзув қолдирган. 

«Ажойиб кечки овқат, мусиқа ва атмосфера учун раҳмат. Бизга кечки овқат жуда ёқди», — деб ёзган Сингапур президенти. 

Муҳаммад Абдулла Алҳабши мусиқачилар билан бирга доира чалган. 

Qalampir нашри Сингапур президенти кечки овқатни тановул қилган ресторанда «байрамона» паловнинг бир порцияси 59 минг сўм, шилпилдоқ - 68 минг сўм, котлет - 14 минг сўм, манти - 7 минг сўм эканига эътибор қаратди. 

Шу билан бирга, 2022 йил 24-26 март кунлари бўлиб ўтган Тошкент халқаро инвестиция форумини ташкил этиш учун камида 15 миллиард сўм сарфланди. 

Ўшанда амалдорлар масъулияти чекланган жамиятларидан бири билан 1,5 литрли Coca-Cola’ни 32 минг сўмдан, шарбатларни эса 48 минг сўмдан сотиб олиш бўйича шартнома имзолаган. 

Форум дастурхонида берилган баъзи таомлар учун нархлар қуйидагича ҳисобланган: 

  • 1 дона сомса – 70 минг сўм;
  • 1 порция палов – 80 минг сўмдан 130 минг сўмгача;
  • нориннинг 1 порцияси – 130 минг сўм;
  • 1 порция мастава – 50 минг сўм;
  • 1 дона сабзавот ассортиси – 100 минг сўм.

Шунингдек, 8-9 сентябр куни Тошкентда бўлиб ўтган парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар етакчи аёлларининг 14-саммитига ташриф буюрган меҳмонларнинг овқати учун Олий Мажлис Сенати томонидан 1 миллиард 56 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Кечки овқат учун мўлжалланган гўштли ассорти, дудланган лосос ва пишлоқ солиқ тўловчиларга қарийб 90 миллион сўмга тушди. 

Мавзуга оид