Спорт | 04:25 / 27.05.2023
25405
2 дақиқада ўқилади

Шахмат. Нодирбек Абдусатторов – «ChessKid» турнири ғолиби

Нодирбек Абдусатторов соврин жамғармаси 235 000 АҚШ доллари бўлган «ChessKid» онлайн турниридаги иштирокини муваффақиятли якунлади.

Ўзбекистонлик шахматчи мусобақанинг энг юқори – 1-дивизионида барча рақибларини мағлубиятга учратган ҳолда гранд финалга қадар етиб келиб, ҳал қилувчи ўйинда америкалик Фабиано Каруанага қарши дона сурди. 

Қайд этиш жоиз, бу рақиблар бунгача мазкур мусобақа яримфиналида ҳам учрашишган ва унда Нодирбек ғалабага эришганди. Каруана ўтиш ўйинлари орқали гранд финалга етиб келганди. Қизиқарли ўтган баҳсда Абдусатторов америкалик 30 ёшли рақибини навбатдаги марта мағлуб этиб, турнирнинг мутлақ чемпионига айланди.

Маълумот учун, Нодирбек «ChessKid» турнирининг илк босқичида франциялик Юлес Моссардни 2,5 – 0,5 ҳисобида мағлуб этган бўлса, яримфиналда Каруанадан 2,5 – 1,5 натижаси билан устун келган, финалда эса нидерландиялик Йорден ван Форест 2,5 – 1,5 ҳисобида доғда қолдирилганди.

Эслатиб ўтамиз, март ойида Абу-Дабида ўтган шахмат саммитида Ўзбекистон шахмат жамоаси Осиёда энг яхшиси деб эътироф этилганди.

Мавзуга оид