«Эртага, индин ёки бир ҳафтадан кейин» — Данилов Украина армиясининг қарши ҳужум бошлашга тайёрлиги ҳақида
Олексий Данилов УҚК бўлажак қарши ҳужумини «тарихий имконият» деб атади ва у аллақачон бошланган деган даъволарни рад этди.
Украина Россия қўшинларига қарши узоқ кутилган қарши ҳужумни бошлашга тайёр. Бу ҳақда мамлакатдаги хавфсизлик масалаларига масъул бўлган юқори мартабали мулозимлардан бири BBC билан интервюда маълум қилди.
Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Олексий Данилов операция бошланиши мумкин бўлган аниқ санани очиқлашдан бош тортди ва бу «эртага, индинга ёки бир ҳафта ичида» бошланиши мумкинлигини билдирди.
У Украина ҳукуматида қарор қабул қилишда «хато қилиш ҳуқуқи йўқлиги»дан огоҳлантириб, бу мамлакат қўлдан бой бера олмайдиган «тарихий имконият» бўлишини таъкидлади.
Данилов президент Володимир Зеленскийнинг ҳарбий ҳукуматида марказий ролни ўйнайди. У тез-тез интервю берди, бу сафарги мулоқот президент Зеленскийнинг уни айнан қарши ҳужум муҳокама қилинажак йиғилишга чақириб қолиши туфайли узилиб қолган.
Украина бир неча ойдан буён қарши ҳужумни режалаштириб келади, аммо қўшинларни яхшироқ тайёрлаш ва ғарблик иттифоқчилардан ҳарбий техникалар олиш учун кўпроқ вақтга эга бўлиш мақсадида юриш бошлашни кечиктирмоқда.
Бу вақтда эса Россия қўшинлари ўз мудофаа истеҳкомларини тайёрламоқда.
Ўртага кўп нарса тикилган, чунки Киевдаги ҳукумат Украина халқи ва Ғарбдаги иттифоқчиларга Россия мудофаа чизиғини ёриб ўтиб, ҳеч бўлмаганда суверен ҳудудининг бир қисмини қайтариб олиши мумкинлигини кўрсатиши керак.
Даниловнинг айтишича, Украина қуролли кучларининг қарши ҳужуми, қўмондонларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Украина «урушнинг ушбу босқичида энг яхши натижага эришиш имкониятига эга бўлганда» бошланади.
Украина қуролли кучлари юришга қанчалик тайёрлиги тўғрисидаги саволга у шундай жавоб қайтарган: «Биз ҳамиша тайёрмиз. Худди исталган вақтда ўз ватанимизни ҳимоя қилишга тайёр бўлганимиз каби. Ва бу вақт масаласи».
«Биз шуни тушунишимиз керакки, Худо мамлакатимизга берган, Украинага мустақил, Европа давлати бўлиш йўлидаги тарихий имкониятни қўлдан бой бера олмаймиз», деган Данилов ва қўшимча қилган: «Бу эртага, эртадан кейин ёки бир ҳафта ўтиб рўй бериши мумкин».
«Агар мен у ёки бу воқеанинг бошланиш санасини айтсам, бу жуда ғалати бўларди. Бундай қилиш мумкин эмас.... Мамлакатимиз қаршисида ўта масъулиятли вазифа турибди. Ва биз хато қилишга ҳаққимиз йўқлигини тушунамиз», деган у.
Шу билан бирга, Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши раҳбари Украина қуролли кучларининг қарши ҳужуми аллақачон бошлангани ҳақидаги гапларни рад этди. «Россия қўмондонлик марказлари ва Россия ҳарбий техникасини йўқ қилиш» ўтган йилнинг 24 февралидан, яъни Россия босқини бошланган кундан бери Украина қуролли кучлари олдига қўйилган вазифа бўлиб келган. Уруш даврида бизда дам олиш бўлмади», деган у.
Данилов шунингдек Украина армиясининг кўп ойлар давомида кўплаб аскарлар ҳаёти эвазига Бахмутни ҳимоя қилиш қарорини қўллаб-қувватлашини билдирган.
«Бахмут - бизнинг еримиз, бизнинг ҳудудимиз ва биз уни ҳимоя қилишимиз даркор, - деган. - Агар биз ҳар аҳоли яшаш манзилини тарк этаверсак, бу бизни Путин урушнинг илк кунидан истаган ғарбдаги чегараларимизга қадар қайтариши мумкин».
Унинг сўзларига кўра, украинлар ҳамон шаҳарнинг маълум қисмини назорат қилишда давом этмоқда (Россия ҳукумати Бахмут эгаллангани ҳақида бир ҳафта олдин эълон қилганди).
«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси ёлланма жангчилари чиндан ҳам шаҳарни тарк этяптими дея берилган саволга у шундай жавоб қайтарган: «Ҳа, шундай бўлмоқда. Аммо бу улар биз билан жанг қилишни бас қилади дегани эмас. Улар фронтнинг бошқа жабҳаларига эътибор қаратмоқчи».
Май ойининг биринчи ярмида Украина президенти Володимир Зеленский британ нашрларига берган интервюсида Украина қуролли кучлари қарши ҳужумга тўла тайёр бўлиши учун «яна бироз вақт зарурлиги»ни айтганди. Унинг сўзларига кўра, украин армияси қарши ҳужумни бошлаши мумкин, аммо бу «оқлаб бўлмас даражадаги катта йўқотишлар»га олиб келган бўларди.
Мавзуга оид
00:35
«Европадаги исталган нишонни йўқ қила олади» – Путин «Орешник» яратувчилари билан учрашди
22:08 / 23.11.2024
Путин Курск областини қайтариш муддатини белгилади — Зеленский
17:55 / 23.11.2024
WSJ: Украина ўзининг баллистик ракетасини яратиш устида иш олиб бормоқда
13:12 / 23.11.2024